2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АЙИҚ ВА БОЛАЛАРИ

Бахмал тумани кўплаб чуқур дара, қинғир-қийшиқ сўқмоқ, адоқсиз яйлов ва баланд чўққилардан иборат. Улар осмонўпар Ойқор тоғларига туташиб кетган. Ойқор ой шаклини эслатувчи оппоқ қор билан қопланганлиги учун шундай номланган. Тоғ чўққиларида кўп йиллик қор қопламлари мавжуд. Паст-баланд йўллардан юриш кўп меҳнат талаб этади. Бу хилват гўшани кўпдан жигарранг ва қўнғир айиқлар макон қилган.

Куз охирлаб, очликдан силласи қуриган эркак айиқ емиш топиш илинжида бутазор оралаб бораркан, тоғ эчкиси боласининг исини сезиб қолди. Улоқча омон қолиш учун жойида қимирламай ётиши керак. Ҳатто нафас олса ҳам ўзини фош қилиб қўйиши мумкин. Айиқнинг бурни жуда сезгир. У ҳид билиш ва кўриш ёрдамида «ов» қилади. Ясси бурни ва ўткир тирноқларидан ўлжаси қочиб қутулолмайди. Бир неча соат олдин бўлиб ўтган жала ва тошқиндан сўнг овчи ўлжа исини йўқотиб қўйди. Омад унга кулиб боқмади. Улоқча йиртқичдан қутилиб қолди. Айиқ куч тўплаши учун кўпроқ озиқланиши ва қишки уйқу олдидан илиқ кунлардан фойдаланиб, вазн тўпламоғи лозим. Мева қолдиқлари, ўт-ўлан ва майда кемирувчилар унинг қорнини тўйдира олмайди. Айиқлар ҳаёти шунга боғлиқ.

Орадан бир неча ҳафта ўтиб, тоғларга ёққан қалин қор совуқ ҳаво билан алмашди. Аччиқ аёзли кунлар тобора авжга чиқар, атрофдаги дарё ва кўллар ҳам музлаган сайин совуқ забтига олганди. Бу пайтда айиқларнинг асосий қисми уяларида бўлишади. Улар қишки уйқуда эканлигида ҳам мудраб, хавф-хатарни сезиб ётадилар. Негаки, хавф ҳар қадамда уларга таҳдид солиб туради.

Она айиқ кафтдек очиқ майдонда болаларини эргаштирганча, қуёш тафтидан яйраб, тоза ҳаводан нафас оларкан, ҳар лаҳза ҳушёр ва зийрак. У айиқчаларга ўлжасининг исини билиш, шамолга қарши орқа ўгириб олиш, бошпана топиш каби қишдан омон чиқиш сабоқларини ўргатарди.

Кутилмаганда улар алп қоматли ёш эркак айиққа тўқнаш келади. Унинг панжалари гурзидек бўлиб, анча тажовузкор. Йиртқичнинг ўкириги ва ириллашидан атрофни ўрганаётган айиқчалар ҳушёр тортишди. Хавфли вазият. Очиқ майдонда ҳар нарса бўлиши мумкин. Қаҳратон қишда йиртқич ҳайвонларнинг ҳаёт кечириши ва озиқланишида ўзига хос қийинчиликлар бор. Тоғларнинг шафқатсиз шароитига мослашган ва болаларини ҳимоялаш ҳадисини олган она айиқ учун кичкинтойлар ҳавфсизлиги биринчи ўринда туради.

Бу ердан унча узоқ бўлмаган жойда теракзорлардан иборат ўрмон ястаниб ётар, она-бола айиқлар шу томонга қараб, чекиниш ҳаракатига тушишди. Очлик азобида тинка­мадори қуриган эркак айиқ эса ҳамон улар ортидан эргашиб борарди. Айиқчалар дарахтга тирмашиб чиқишга уста, худди оёқларини илгакка қўйгандек юқорига бемалол ҳаракатланишади. Баланд терак дарахти улар учун ишончли бошпана. Шу-шу, айиқчалар хавфдан қутулиб қолишди. Олдинда ҳали уларни оғир кунлар кутмоқда.

Она айиқ болаларига жуда ғамхўр. Айиқлар жанг майдонида куч синаши кутилмоқда. Ҳар гал рақиби билан юзма-юз келганида, она айиқнинг довюраклиги яққол намоён бўлади. У жонини хатарга қўйиб бўлса ҳам душмани билан олишишга мажбур. Олишувда фақат кучнинг ўзигина кифоя қилмай, маҳорат ҳам зарур. Мана, болаларига садоқатли ва ғамхўр она айиқ юз берадиган ҳаёт-мамот жангига тайёргарлик кўрмоқда.

Олишув турли кўнгилсизликларга, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Эркак айиқ гавдасини кўз-кўз қиларкан, унга яқинроқ келиб, ҳидлай бошлади. Бу унинг ҳаяжонланаётганидан дарак беради.

Она айиқнинг кутилмаганда ўзида катта куч ва журъат топиб, дадил ҳужумга ўтиши душманини довдиратиб қўйди. Очликдан ҳолдан тойган ёш, тажрибасиз эркак айиқ эса таваккал қилишга тайёр эмасди ва устунликка эриша олмаслигига кўзи етди. Унинг таслим бўлишдан бошқа иложи йўқ эди. У ўзида катта куч ва журъат топиб, дадил ҳужумга ўтди. Лекин кураш узоққа чўзилмади.

Хуллас, она айиқ болаларини хавфдан қутқариб қолди ва келажагини ҳал қилди.

Жамила УМУРЗОҚОВА, Ғаллаорол тумани, ўқитувчи

Информеры