2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАР ШАНБА «МОВИЙ ГУМБАЗ»ДА КЎРИШАМИЗ

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ва қатор ташкилотлар ташаббуси билан пойтахтимизнинг «Мовий гумбаз» истироҳат боғида ҳафтанинг ҳар шанба куни «Ёшлар жиноятчиликка қарши» профилактик тадбирини ўтказиш анъана тусига кирди.

Бундан кўзланган мақсад, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 март кунидаги видеоселектор йиғилишида илгари сурилган, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та ташаббусни амалиётга жорий этишдан иборат. Бундан ташқари, ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш, уларнинг ёзги таътилларини мароқли ўтказиш, спорт ва фан тўгаракларига жалб қилиш шулар жумласидандир.

 «Мовий гумбаз» сайилгоҳи ҳар қачонгидан ҳам тўлиб тошди, табиат бағрида бетакрор кўргазмалар намойиш этилди, куй-қўшиқлар рақсларга уланди, турли спорт мусобақалари бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

Байрамона кун руҳига руҳ қўшган яна бир воқеа – шубҳасиз Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг таваллуд саналари бўлди. Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестри жамоасининг Темур бобомиз замонасига хос либосларда намоён бўлгани барчани ҳайратга солди. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандаларининг куй-қўшиқлари, ҳарбийларнинг қўл жанги намойишлари ҳар доимгидек йиғилганларни руҳлантирди.

Тадбир доирасида шахмат-шашка мусобақалари, рассомчилик, бадиий гимнастика, рақс, мусиқа, театр, арқон тортиш, кураш, бодибилдинг ва кўплаб йўналишлар бўйича чиқишлар қилинди. Кўклам бағрида очиқ китоб савдолари, ёшларда ватанпарварлик руҳини ошириш мақсадида ҳарбий қуроллар кўргазмаси бўлиб ўтди. Фаол иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.

А. ЎТКИРОВ

 

Информеры