2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АЛПОМИШ ЮРТИДА ЯНГРАГАН САДО

Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилди.

Юртимизда биринчи бор ўтказилган ушбу санъат байрамида дунёнинг 74 та давлатидан 160 дан зиёд вакиллар қатнашди. Икки йилда бир марта ташкил этиладиган фестивалнинг асосий тадбирлари ўтадиган Санъат саройи ҳудудида замонавий йиғма саҳна барпо этилиб, кенг майдонга халқимизнинг улуғ маънавий обидаси – «Алпомиш» достони шарафига муаззам ҳайкал ўрнатилди.

Анжуман очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари фольклор санъати, таъбир жоиз бўлса, инсониятнинг буюк ва бебаҳо бойлиги эканини, мана шундай ноёб санъат айни пайтда шунчаки маданий ёдгорлик намунасига айланиб, кўп жойларда унутилиб кетаётгани, уни ҳимоя қилиш бугунги авлодлар учун ҳам фарз, ҳам қарз эканини таъкидлади.

ЎзА материали асосида тайёрланди.

 

«БАХШИЧИЛИК САНЪАТИ» ҒОЛИБЛАРИ

Фарғона гарнизони Маънавият ва маърифат марказида «Бахшичилик санъати» мавзусида Шарқий ҳарбий округ миқёсида кўрик-танлов ўтказилди.

Танловда ҳарбий хизматчилар бахшичилик санъати бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди. Уларнинг чиқишларини Фарғона вилояти мусиқали драма театри актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти Ёрқиной Ҳотамова раҳбарлигидаги ҳайъат аъзолари баҳолаб боришди. 

Танлов якунига кўра, 1-ўринни Фарғона гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри хонандаси кичик сержант Асомиддин Чоршанбиев қўлга киритди.  Иккинчи ўринга муддатли ҳарбий хизмат оддий аскарлари Шоҳижаҳон Эргашев ва Жаҳонгир Тоировлар муносиб топилган бўлса, 3-ўрин шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Нодирбек Холбоев ва муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари Давронбек Одиловга насиб этди. Ғолиб ва совриндорлар фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Майор Лочинбек РАСУЛОВ

 

Информеры