2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЙИГИТЛАР САДОҚАТ ҚАСАМИН ИЧАР...

Эр йигит умри давомида кўплаб турфа китобларни, битикларни ўқиши тайин. Мутолаа жараёнида гоҳ чалғиб, гоҳ хаёллар гирдобида оқиши мумкин. Бироқ эр йигит умри мобайнида шундай битикларга дуч келадики, уни чалғиб ўқиб бўлмайди. Бу битикларнинг ҳар бир сўзи, сатри жами диққат-эътибор билан ўқилади, сўзларнинг ҳар бир маъноси юракка сингади, эт жимирлайди... Шундай узун умрнинг қисқа битикларидан бири бу – Ҳарбий қасамёд!

Чирчиқ полигонида Мудофаа вазирлиги қўшинларига муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитлар Ҳарбий қасамёд қабул қилди.

Тантанали маросимда Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов, масъул офицерлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари ва аскарларнинг оила аъзолари ҳамда чирчиқлик икки мингга яқин ёш иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар, Ҳарбий қасамёднинг мазмун-моҳияти, Ватан ҳимояси йўлида сафга киришнинг масъулияти ва шарафи, онтга садоқат билан хизмат қилиш орқали Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди каби улуғ аждодларимизга муносиб ворис бўлиш лозимлигини таъкидлади.

Муддатли ҳарбий хизматчи оддий аскарларга Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг совғаси – «Темур тузуклари» ва «Ўзбекистон тарихи» китоблари тақдим этилди.

– Бугун ўғлимнинг қўлига ҳам қурол, ҳам китоб берилди, – дейди оддий аскар Бегзод Олимжоновнинг онаси Сожида Ортиқова. – Ўғлим қурол билан мамлакатимизни мудофаа қилса, китоб билан маънавиятини оширади. Фарзандининг Ҳарбий қасамёд қабул қилаётганини кўриш, ҳар бир онанинг орзуси, деб ўйлайман. Ҳаяжонимни сўз билан ифода этолмайман. Унинг юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида астойдил хизмат қилишига ишонамиз.

Ҳарбий қасамёдга келтириш маросимидан сўнг, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари томонидан тайёрланган қурол билан саф намуналари ва қўл жанги кўргазмали чиқишлари, шунингдек, Мудофаа вазирлиги Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари хамда ҳарбий оркестр жамоаси ижросидаги куй-қўшиқлар барчанинг олқишига сазовор бўлди.

– Орзуимга эришдим. Ота-онамнинг кўзидаги қувонч қалбимни ифтихор ҳиссига тўлдирди. Ҳарбий хизматга чақирилгунимга қадар миллий армиямизда кечаётган ислоҳотларни телевизор орқали кузатиб, ўзбек аскари ҳар томонлама етук бўлиши лозимлигини англадим. Бугун бу йўлда илк қадамни ташладик. Бунинг учун ҳарбий қисмимизда барча шарт-шароитлар муҳайё. Билдирилган ишончни астойдил оқлаймиз, – дейди оддий аскар Акбар Ҳамраев.

Соҳибқирон Амир Темурга бағишлаб ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган тарихий саҳна кўриниши қалбларга ватанпарварлик туйғусини улашди.

А. ОМОНТУРДИЕВ

Информеры