2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ФАРҲОД АБДУЛЛАЕВ: «МЕН ТАНК КОМАНДИРИ БЎЛГАНМАН»

Таниқли актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев 1957 йил Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида туғилган. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тамомлаб, 1997 йилдан ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри актёри.

Санъаткорнинг миллий театр саҳнасида «Келинлар қўзғолони»да йигит, «Фармонбиби аразлади»да Тўхта, «Тўйлар муборак»да йигит, «Отасининг қизи»да Бахтиёр, «Бир кошона сирлари»да бизнесмен, «Қаллиқ ўйин»да Таманно, «Кундузсиз кечалар»да Девона, «Уч кунлик дунё»да ўғил, «Чимилдиқ»да бобо, «Бир қадам йўл»да учувчи, «Ўзбекча рақс»да сартарош, «Кўнгил»да Тоҳир, «Отелло»да Брабанцио, «Алишер Навоий»да Абулвосит, «Гамлет»да Полоний, «Тонг отган тарафлар»да Бўлган кал каби турли характердаги роллари билан эътибор қозониб келди. Фарҳод Абдуллаев нафақат актёр, балки режиссёр сифатида ўзини намоён этиб, Эркин Хушвақтовнинг «Рашк» ва «Кўнгил» асарларини саҳналаштирди.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан намойиш этилаётган миллий фильмларда қатор роллар ижро этиб, томошабинлар меҳрини қозонди. Жумладан, «Эркак» фильмида Абдуғани, «Дилхирож»да Тоға, «Чашма»да Усмон дев, «Афғон»да Зиё­дулла, «Зарб»да Азам Ғафурович, «Сардор-2»да Фарҳод, «Жаннат қайдадур»да Шогирд, «Суд куни»да терговчи, «Ҳаёт» фильмида ота образлари билан томошабинлар меҳрини қозонди.

– Мен «Ватанпарвар» газетасиданман, сиз билан суҳбатлашмоқчи эдим, – дедим «Ташриф»нинг навбатдаги меҳмонини учратганимдан мамнун бўлиб.

– «Ватанпарвар»дан бўлсангиз, формангиз қани? – деди ҳамроҳим одатича қувноқлик билан, кетишга чоғланаркан, сўнг: – Сиз ҳам ватанпарвармисиз?.. Унда майли, – дея ортга қайтди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, халқимизнинг суюкли актёри, ўзбекона чапани, дўлвор, гоҳ қаттиққўл, гоҳида дийдаси юмшоқ, комик образлар муаллифи Фарҳод Абдуллаев бугун газетамизнинг азиз меҳмони.

– Ҳар гал ҳарбий хизматчиларни, сержант ва офицерларни кўрганимда дилимда ғурур пайдо бўлади, – дейди Фарҳод ака. – Уларни жасурлик, мардлик тимсоли дегим келади. Чунки йигит аввало юртини, оиласини қўриқловчи қалқондир. Посбонлар ана шундай хислатлар эгаси. Куни кеча Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг биридаги Ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимида қатнашдим. Маросимни кузата туриб, ҳар қандай инсоннинг юраги бир ҳаприқади. Аскарларнинг шахдам қадам ташлашлари, Ҳарбий қасамёд қабул қилишларини кўриб, тинчлигимиз ишончли қўлларда эканлигига ишонади одам. Ҳарбий қисмдаги шароитлар, ота-оналар учун имкониятлар эса ҳавас қилгулик.

Қашқадарёда «Ватанпарвар» боғи ташкил этилибди. Бориб кўрдим. Боғда музей қилинган. У ерда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ҳарбий техникалар, генерал Собир Раҳимов, хоразмлик ўқчи қиз ҳақида ва бошқа кўплаб маълумотлар, экспонатлар бор экан. Умуман, тинчлик нима ўзи, кимлар уни асраяпти, Ватан қандай ҳимоя қилинган, деган саволларга жавоб оладиган боғ бўлибди. Айниқса, ҳарбийликка ҳавасманд бўлиб юрган ёш йигитлар учун бу жуда яхши самара беради, деб ўйлайман.

Россиянинг Хитойга чегарадош Чита вилоятида хизматни ўтаганман. У пайтлари олис юртларга бориб хизмат қилинарди, аскарлар орасида нохуш ҳолатлар кўп кузатиларди. Институтни тамомлаб борганим, улғайиб қолганим учун қийинчиликларга бардошли бўлганман. Бизнинг гуруҳимизга 120 нафар олий маълумотли йигит саралаб олинганди. Мен ҳарбий қисм тарғиботчисининг ўринбосари, танк командири бўлганман. Чита вилоятининг ҳавоси жуда совуқ эди, шунақа қор ёғардики, ерга тушмасдан қотиб қоларди. Энди тасаввур қилинг-да, қуёшли ўлкадан борган аскарларга қанчалик қийин бўлганлигини. Институтни тугатиб борганим учун аскарлар «домла» дейишарди. Ёдда қоларли воқеа­лар кўп бўлган. Бир гал взвод командири мендан хафа бўлган. Чунки ҳарбий қисмда характерини ўхшатиб, ҳаммани пародия қилиб юрардим. Лекин шу одамни сира пародия қилолмасдим. Сабаби, у жуда тўғри, интизомли командир эди. «Сен нега ҳаммани пародия қилиб кулдириб юрасан-у, мени сира ўхшатмайсан?» деганда, тушунтиришим қийин бўлган. Кимнингдир мимикаларини, гапиришини, овозини ўхшатиш учун шу одам меъёрдан ташқарида бўлиши керак. Яъни тақлид қиладиган хислатлари ошиб кетсагина, санъаткор ўшани дарҳол илғаб олади. Масалан, ҳозир ҳам ёш санъаткорлар устоз ижодкорларни пародия қилишади. Лекин Беҳзод Муҳаммадкаримовни, Санжар Саъдуллаевни ўхшатиш қийин.

Бир ярим йил хизмат давомида уйга таътилга ҳам бориб келганман. Бунга сабаб, бир куни гуруҳимиздаги аскарларнинг эрталабки сафда туриш, югуриш машқларини бажартираётганимни генерал кузатиб туриб экан. Билмадим, қаттиқўллигим ёққанми, ёнидагилардан, «Бу кичкина ким?» деб сўрабди. Кейин мени чақиртириб, «Қаердансан?» деб сўради, «Ўзбекистонданман», дедим, «Яхши, шундай хизмат қилиш керак, баракалла!» деди ва менга таътил беришларини тайинлади...

 Армиядан кейин Ватанга хизмат қилиш ниятида 80-йилларда дўстим билан Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатга ҳам боришга отланганмиз. Бироқ устозимиз «Ўзингни ёнган ўтга ташлама, Ватанга санъатинг билан хизмат қил», деганлар. Мана шундан бери хизматдамиз.

Турли тақдирдаги, характердаги ролларни ижро этганман. Тарихий асарларда улуғ саркардалар, шоҳларнинг ёнидаги яқин кишилари бўлдим. Шоҳни шоҳ қиладиган атрофдагилар, дейишади-ку. «Мирзо Улуғбек»да зиндонбон, «Алишер Навоий»да Абулвосит образларим шулар жумласидан. Қолаверса, ҳарбий хизматчилар хизмати билан боғлиқ «Сардор» ва «Ҳаёт» кинофильмларида роллар ижро этдим. Бундай асарлар мазмун ва сифат жиҳатдан ҳам кўпайиши керак. Айни пайтда «Қирол Лир» асари кўнглимнинг тўрида турибди. Шу асар хаёлимни банд этган. Яна ўн йиллар бор, бу образни яратишга. Шекспирнинг мазкур асари «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи»нинг классик катта варианти. Ноаҳил қизларнинг муносабатидан, оқибатсизлиги, хиёнат ва субутсизлигидан андуҳ чеккан қиролни ўзбек томошабинларига ҳавола этиш орзуим бор.

Биз, санъаткорлар ҳам аслида Ватан ҳимоячисимиз. Инсонларнинг юракларини, кўнгилларини муҳофаза қиламиз. Тилагим, Ватан тинчлиги учун отланган ҳар бир эр йигитнинг боши омон бўлсин!

Суҳбатдош Наргиза АСАДОВА

Информеры