2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ГВАРДИЯЧИ КИЧИК СЕРЖАНТ ЖАСОРАТИ

Турғун Аҳмедов Сирдарёнинг Мирзачўлида 1925 йилда таваллуд топган. 1943 йилда фронтга отланади. Шижоати чақнаб турган 18 ёшли йигит учинчи Белоруссия фронтининг 169-гвардиячи ўқчи полкида жангга киради. Станокли пулемёт мўлжалга олувчиси, гвардиячи кичик сержант вафотидан сўнг 1945 йилда Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан мукофотланади. 1944 йил 30 июлда ўзбекнинг мард ўғлони жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлади.

Турғун хизмат қилаётган 169-гвардиячи ўқчи полкига Неман дарёсини кечиб ўтиб, ғарбий соҳилидаги плацдармни эгаллаш вазифаси топширилади.

Дарёдан кечув бошланди. Душман анойи эмас. Пулемёт ва мином­ётлардан тўхтовсиз ажал уруғини ёғдирмоқда. Қайиқлар ағдарилиб, ўқ тегиб, дарёга ғарқ бўлаётганлар оҳу зорига тоқат қилиб бўлмайди. Турғун бор кучи билан олға интилди. Тезроқ қирғоққа чиқиб олиш, душманга қирон келтириб, сафдошларининг дарёдан эсом-омон кечувини таъминлаш фикру хаёлида. Акс ҳолда бу қирғинбаротда кўплаб дўстларидан айрилади.

Ўзбек ўғлони етакчилигидаги пулемёт расчёти дарёни ҳаммадан аввал кечиб ўтди. Мардлик, жасорат қонида борда. Дарҳол мустаҳкам позиция эгаллаб, фашистларга ўқ ёғдира бошлади. Бу эса жангчиларимизнинг бирин-кетин соҳилга чиқиб олишига имкон яратди. Душман маккор. Шунинг учун уларни чалғитиш мақсадида Турғун сафдошлари билан пулемёт ўрнини тез-тез алмаштирди. Шунда ўнг томондан фашистларнинг икки пулемёти «сайрай» кетди. Дарёни кечиб ўтаётганлар устига ажал уруғини соча бошлади. Позициясини ўзгартирган кичик сержант Турғун Аҳмедов жавобан ўқ ёғдирди. Сўнгра синчковлик билан атрофни кузатди. Душман ўт очаётган жойларни чамалаб, аниқлади. Шунда кўзи траншея ва истеҳкомларга тушди. Пулемётни ўша томонга тўғрилади. Шериги лентани тўғрилаб, ўқларни етказиб бериб турди. Сафдошлари дарёдан бирин-кетин ўта бошлашди. Ёнидан югуриб ўтиб, қулай марраларни эгаллашди. Душман автоматчилари ўзбек ўғлонининг ўқ ёмғирига дош беролмади. Ўндан ортиқ аскари жасадини қолдириб, траншеяларига қочишди. Бир маҳал Турғуннинг яқинида мина портлади. Яхшиямки жароҳат етмади. Йигит синчиклаб кузатди. Олов сочаётган миномёт батареяси қаерда эканлигини зийрак нигоҳи илғади. Пулемётини душман миномёти батареяси яқинига паналаб, судраб борди. «Дўстларимга ажал уруғини сочаётган сенларми?» деганча душманга ўқ селини ёғдирди. Душманнинг ўт очиш нуқталари ўзбек ўғлонининг мардонавор ҳаракатлари туфайли сўнаётганини сезган гвардиячи азаматлар дадил олға интилишди. Неман дарёсидан кўп талафот кўрмай кечиб ўтишида пулемётчи ўғлоннинг кўрсатган мардлигига қойил қолишди.

Неман дарёсини кечиб ўтиб, ғарбий қирғоғида плацдарм эгаллагани, у ерни қўлдан бермай жанг қилгани, душманнинг юзга яқин аскар ва офицерини ҳамда бир қанча ўт очиш позицияларини яксон қилгани, қўшинларимиз кечувини таъминлашдаги жасорати учун СССР Олий Совети президиумининг 1945 йил 24 мартдаги фармони билан гвардиячи кичик сержант Турғун Аҳмедовга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди.

Д. РЎЗИЕВА тайёрлади.

 

Информеры