2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЭЛ АРДОҒИДАГИ ОТАХОН

Отабой бобо ҳовлидаги токларнинг ортиқча шохларини кесиб, тагини юмшатаётган эди. Шу пайт эшикдан бирваракайига салом бериб, бир тўп ўқувчи кириб келди.

– Келинглар, болаларим, – деди у ишдан бош кўтариб.

 – Биз мактаб ўқувчиларимиз, – деди ёшлар етакчиси. – Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳақида альбом тайёрлаяпмиз. Сиз ҳам жанг хотираларидан гапириб берсангиз.

Отабой бобо ўқувчиларни ичкарига таклиф қилади ва уларга жанг хотиралари ҳақида ҳикоя қила бошлади.

– Варшава остонасидаги жанг шиддатли тус олган кунларнинг бири эди. Эрталаб гумбурлаган тўп овозидан чўчиб уйғондим. Ногаҳон командирнинг «Подъём!» деган овози эшитилди. Ҳаммамиз қўлга қуролларни олиб, жанг бошланишидан олдин йиғиладиган ертўлага кирдик. Ташқарида бомбалар тинимсиз портлар, ертўланинг чеккаларидан шувиллаб тупроқлар тўкилар, устунга осиғлиқ котелоклар эса бир-бирига урилиб, жарангларди.

Командир вазиятни тушунтириб, аниқ топшириқ берди. Биз, тўпчилар душман самолётларининг ҳужумини қайтаришимиз керак эди.

Ҳар ким жанговар постини эгаллади. Кўп ўтмай тўпларимиз душман самолётларига зарба бера бошлади. Жанг пайтида мен душманнинг  қирувчи самолётини уриб туширдим. Бу менинг жангдаги биринчи катта муваффақиятим эди. Кейинчалик бу хизматим учун жанговар «Қизил юлдуз» ордени билан мукофотландим.

Висла дарёси бўйидаги жанг ҳам сира ёдимдан чиқмайди. Бизга жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган кўприкни мудофаа қилиш вазифаси топширилган эди. Чунки душман уни  ҳар дақиқа издан чиқаришга харакат қиларди.

Отабой бобо жим қолди. Бир оздан сўнг ўқувчиларга бир-бир қараб, шундай деди:

– Урушнинг уни ўчсин, болаларим, ҳар доим тинчлик бўлсин. Ўқинглар, ота-оналарингга муносиб фарзанд бўлиб ўсинглар.

Отахон Ғаллаорол тумани, «Мирзабулоқ» қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Қизилқўрғон қишлоғида истиқомат қилади. Кўксини «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали безаб турибди. Тўй ва маъракаларнинг тўрида ўтириб, ёшларга маслаҳатларини аямайди. Шу куни учрашувда отахон Ғаллаорол туманидаги 24-умумтаълим мактаби ўқувчилари Арслон Ғайбуллаев, Шаҳина Ўролова, Сарвар Санақулов ва Диёр Исломовнинг саволларига бажонидил жавоб берди.

Дарвоқе, «Мирзабулоқ» қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Қизилқўрғон маҳалласида ободонлаштириш, йўлларини созлаш, муҳтож оилаларга доимий меҳр-мурувват кўрсатиш каби савоб ишлар анъанага айланган. Бу йилги умумхалқ ҳашарида 12000 дан зиёд терак, тол ва шу каби манзарали дарахт кўчат ўтқазилди. Барпо этилган боғ-роғлар ва йўллар четидаги анвойи гулларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Бундан ташқари, Кетмончи маҳалласида бир нечта спорт майдончаси бунёд этилди.

 Эл ардоғидаги Отабой бобо Омонов тинч қурилиш йилларида  узоқ йиллар Ғаллаорол сув хўжалиги идорасида ва «Кетмончи» фермер хўжалигида сидқидилдан меҳнат қилди. Ҳозир у 98 ёшда, саккиз нафар ўғил-қизи, олтмиш беш нафар невара ва чеваралар ардоғида кексалик гаштини сурмоқда.

Зикрилла САРИБОЕВ, ўқитувчи

 

Информеры