2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЖАНГОВАР ВАЗИЯТЛАРДА МЕРГАН ФАОЛИЯТИ

Мерганнинг жанговар психофизиологияси. Мерганлар қурол-аслаҳалар ва шахсий таркиб етишмаслигининг ўрнини тўлдиришга имкон беради. Улар душманнинг жанговар фаолияти самарадорлигини сезиларли даражада пасайтириши ёки умуман йўққа чиқариши мумкин.

Иккинчи жаҳон урушида қўлланилган жанговар йўриқномалардан. Мерганлик – ўта аниқликни ва диққатни талаб этиб, ушбу жараён нафақат жисмоний чидамлилик ва матонатни, балки асаб мустаҳкамлигини талаб қилади. Мерганнинг ўт очиш самарадорлигини ошириш кўп жиҳатдан унинг танасида юз бераётган физиологик ва психофизиологик жараёнларни билиш билан боғлиқ.

Мерганнинг физиологияси. Мерганнинг ҳиссиётларга берилишга ҳаққи йўқ. Психологик таранглик пайтида ҳаракатланиш кўникмалари ҳамда мувозанат бузилиши рўй беради. Мерганликни эндигина бош­лаганларда юқорида қайд этилган ҳолатлар отишдан олдинги «старт олди ҳолати» деб аталади. Мерганнинг старт олди сафарбарлик ҳолати динамик жанговар фаолият турларида ўзини физиологик жиҳатдан оқласа, отишга тайёрланишда эса у оддий стрессга айланади.

Бунга қарши нима қилиш мумкин?

Биринчидан, организмдан адреналин ва бошқа стресс гормонлари ажралиб чиқиши жуда ҳам кўп витаминларни «ёқиб юборади». Шу сабабли мерган ўз кундалик ҳаёти давомида витаминларнинг ўрнини тўлдириб бориши лозим. Бунинг учун у алкоголь маҳсулотларидан бутунлай воз кечиши шарт. Витаминлар яхшироқ ҳазм бўлиши учун соғлом жигар зарур.

Иккинчидан, ҳар қандай стресс вақтида танада кўп миқдорда глюкоза куйиб кетади ва шу боис углеводларга бўлган эҳтиёж ортади. Синов тажрибасини ўтказинг – агар отиш вақтида сизда тахикардия бошланса, у ҳолда тилингиз остига нордон-ширин обаки қўйинг. Бироздан сўнг қўрқув пасаяди, сўнгра умуман йўқолади. Бундай оддий усул натижасида кўриш қобилияти кучаяди, чунки нордон-ширин таъм кўриш тизимини рефлекс даражасида сафарбар қилади.

Мерганнинг кўриш қобилияти – мушаклар фаолиятини таъминлаб берувчи кинетикавий алоқалар механизмининг ҳаракатланишига олиб келади. Мерганнинг ҳаракатлари унинг сезувчанлиги билан қанчалик тўла таъминланса, вазифани шунчалик аниқ бажара олади.

«Мерган кўзлари билан ўйлайди». Кўз – мерганнинг асосий иш органи бўлганлиги боис, уни асраб-авайлаш лозим. Ҳар қандай оптика асбоби билан ишлаш кўзни анча толиқтиради.

Нимага?

Ҳар қандай оптика асбобида (дурбин, перископ, стереоқувур ва оптик нишонга олиш мосламаси) параллакс мавжуд, яъни линзалар оптик ўқларининг бир-бирига мос келмаслиги ҳолати. Ишлаб чиқаришнинг сифатига кўра параллакс катта ёки кичик бўлиши мумкин. Сиз агар оптик нишонга олиш мосламаси билан ишлаётганингизда тўсатдан кўз соққангизда оғриқ пайдо бўлса, демак, ушбу оптик мосламада параллакс катталашган ҳисобланади. Ҳатто ҳар қандай яхши ясалган оптик нишонга олиш мосламаси билан ишлаётганингизда ҳам кўзингиз толиқаверади ва кўз оғриғи барибир бўлади. Кўзда оғриқнинг пайдо бўлиши «нишонга олувчи» кўзингиз бундан 15 – 20 дақиқа олдин толиққанлигидан далолат беради.

Толиққан кўз нишонга олиш даврида йўл қўйилган хатоликларни сезмайди! Шу сабабли мерган тез-тез «кўзлари билан дам олиши» лозим.

Мерганга чекиш тақиқланади! Чекилган биттагина сигарета туфайли кўриш майдони тораяди, кўриш қобилияти сусайиб, ўткирлиги ва таъсирчанлиги пасаяди, шунингдек, кўриш майдони кичиклашади! Бу чекувчи мерганларнинг ишларидаги тушунтириб бўлмайдиган «узилишлар»нинг асосий сабаби ҳисобланади.

Психологик жиҳатдан ўзини ўзи бошқариш

Жанговар вазият аскарнинг психикасига жуда ҳам кучли таъсир этади. Айниқса бундай вазиятга тайёр бўлмаган инсонга унинг таъсири кучли бўлиб, ушбу вазиятда инсон берилган жанговар вазифани сифатли бажара олиш қобилиятини йўқотади. Америкалик психологлар томонидан ўтказилган тадқиқотларнинг кўрсатишича, жанг майдонида тўрт нафар аскардан фақат биттаси рақибни тўғри нишонга олади, қолган аскарлар эса ёки «шовқинлар эффекти»ни ҳосил қилади ёхуд жангда умуман иштирок этмайди.

Амалиётнинг кўрсатишича, ушбу муаммони самарали ҳал этиш йўлларидан бири ҳарбий хизматчини психологик жиҳатдан тайёрлаш тизими ҳисобланади. Керакли психологик ҳолатни келтириб чиқариш учун психологик жиҳатдан тайёрлашнинг оддий нафас олиш ва жисмоний усуллари, медитация қилиш, ишонтириш, ўзини ўзи гипноз қилиш ва шу каби турли кўринишдаги мураккаб усуллари қўлланилади. Психологик жиҳатдан ўзини ўзи бош­қариш кўникмаларини ўрганишни физиологик усуллардан бошлаш лозим.

Подполковник Баҳодир АЛИЯРОВ, подполковник Руслан РАДЖАПОВ,

Қуролли Кучлар академияси ўқитувчилари

Информеры