2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МЕДАЛЛАРИ ОҒИРЛИГИ ЎЗ ВАЗНИГА ЯҚИНЛАШИБ ҚОЛГАН ЧЕМПИОН

Иш фаолиятим давомида жуда кўп чемпион спортчилар билан суҳбатлашганман, улардан интервью олганман. Мана шу жараён давомида ҳар доим бир муаммога дуч келаман. Улардан бир гап олиш баланд чўққига нафас ростламай чиқиш билан баробар. Бунинг барчаси чемпионларнинг камтарлиги эвазига. Шунинг учун ҳам чемпион деган сўзни эшитсам, хаёлимда камсуқум ва хокисор, камтарин инсон қиёфаси гавдаланаверади. Бу икки сўз эгизак бўлса керак.

Хабарингиз бор, 7 апрель куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридаги «Арча-бешик» спорт мажмуасида аралаш курашларнинг ММА йўналиши бўйича Гран-при туркумига кирувчи «Батир баши» IV этно турнири бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли турнирда 84 кг вазнлилар ўртасида Ўзбекистон шаънини Қуролли Кучлар академиясининг 4-босқич курсанти Бекзод Нурматов ҳамда Абдулазиз Утамуродов ҳимоя қилди.

Абдулазиз Утамуродов қирғизистонлик рақиби Қодир Курстан ўғлига қарши ўтказган жангида техник нокаут билан ғалабага эришди. Бекзод Нурматов эса яна бир Қирғизистон вакили Жакип Туганбаев билан кечган оғир баҳснинг иккинчи раундида моҳирлик билан оғритувчи усулни қўллаб, рақибини мағлуб этди. Табиийки, финалга йўл олган икки ҳамюртимиз ўзаро куч синаши керак эди. Аммо Абдулазиз Утамуродов биринчи жангда оёқ қисмидан олган жароҳати ва мураббийларининг жангни олиб боришига қаршилиги сабаб, тўлиқ ғалаба Бекзод Нурматовга берилди.

Чемпион она юртимизга келиши биланоқ унинг дарагини йўқладик. Телефонда гаплашиб, учрашув жойи ва вақтини келишиб олай, десам, таҳририятга ўзим бораман, деб қолди. Ҳайрон бўлдим. Келишилган вақтда тўғри хонамни топиб, кириб келганида унга бўлган ҳурматим яна бир бор ошди. Ишонасизми, шу пайтгача бирор чемпион спортчи билан бундай самимий ва очиқ гаплашмаган эдим. Бу йигит бошқача экан.

Бекзод Нурматов 1992 йил Қашқадарё вилояти Ғузор туманида туғилган. Бошланғич таълимни тумандаги курашга ихтисослашган 76-сонли мактаб-интернатда олган (пойдевор), сўнг Чирчиқ олимпия захиралари коллежида таҳсилни давом эттирган (меҳнат), шундан кейин она Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташ учун муддатли ҳарбий хизматга йўл олади. Ҳарбий хизмат давомида ўзини ҳар жиҳатдан кўрсата олган Бекзодни ишга таклиф этишади. Уч йилга яқин вақт давомида шартнома бўйича ҳарбий хизматда бўлганидан сўнг олий ҳарбий таълим олиш мақсадида 2015 йили Қуролли Кучлар академиясига ўқишга киради (изланиш). Бугунги кунда Бекзод мазкур даргоҳнинг 4-босқич курсанти. У қаерда ва қандай шароитда бўлмасин, спортни тарк этмади. Уни излаб тополмасангиз, тўғри машғулот залига бораверасиз...

Оилада икки ака ва икки опадан кейин туғилган Бекзоднинг тийнатида азалдан полвонлик бор. Унинг дадаси ва акалари ҳам елкаси ер искамаган полвонлардан. Кенжа фарзанд бўлишига қарамай, эркалик ва тантиликни билмай ўсган бўлғуси чемпион тўғри тарбия сабаб, бугун нафақат Қуролли Кучлар, балки Ўзбекистоннинг ҳам ёруғ юзи бўлиб турибди.

– Меҳнат ва изланиш ҳар доим ўз мевасини беради. Бу такрор-такрор исботланган ҳақиқат. Меҳнат инсонни улуғлайди, – дейди Бекзоднинг дадаси Шербой ака Норов. – Фарзандларимга мана шу ҳақиқатни ёшлигидан сингдириб боришга ҳаракат қилдим. Албатта, ота сифатида ўғлимнинг ютуқларидан фахрланаман. Бекзод жаҳон ареналарида зафар қучиб, юртимиз байроғи баланд ҳилпираганда, менинг ҳам кўнглимда бир байроқ фахр ва ғурур насимлари ила бўй чўзади.

Ҳа, ота-она учун фарзанд камоли, унинг ютуқлари мана шундай ҳаяжон туҳфа этади. Бир ўғил бўлса шундай бўлади, бир фарзанд бўлса шундай бўлади.  

ММА аралаш жанг санъати бўлиб, бунда кишидан спортнинг деярли барча туридан хабардорлик талаб этилади. Бекзод ҳам буни жуда яхши англаган ҳолда Асад Ўринов ва Абдурашид Раҳимовдан қўл жангини, Равшан Аҳмеджонов ҳамда Жаҳонгир Қорабоевдан жанговар самбо сирларини, Ҳусниддин Мардиевдан аралаш жанг сир-синоатларини қунт билан ўрганди. Ўз устида тинимсиз иш олиб борди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди.

– ММА йўналиши бўйича Гран-при туркумига кирувчи «Батир баши» IV этно турниридаги рақибим қирғизистонлик спортчи Жакип Туганбаевга қарши кечган жангга жуда кўп тайёргарлик кўрдим, – дейди Бекзод Нурматов. – Унинг аввалги жангларини устозларим билан биргаликда кузатдик. Жакип Туганбаев халқаро тоифадаги спорт устаси, Жиу-жицу бўйича халқаро ареналарда яхши натижаларга эришган. Партер – ерда ётиб ишлаш усулларини яхшигина ўзлаштирган. Кураши ҳам меникидан яхши эди. Мен рақибимни яхшигина ўрганиб бўлганимдан кейин ўзим учун йўналишни белгилаб олиб, тайёргарликларга киришдим. Аввалига қўл-оёқ зарбаларида кўпроқ ишлаб, уни чарчатдим. Натижада жанг давомида ўзини ўзи тутиб беришига мажбур бўлди. Бу мен учун айни муддао эди, оғритувчи усул билан ундан устун келдим.

Шунча йиллик тажрибамдан кейин ўзим учун бир хулосага келганман. Ўзга юртда ўша мамлакат вакилини очколар ҳисобида енгиш бўлмаган гап. Уни фақат нокаут ва оғритиш усулида мағлуб этиш керак. Бошқа йўли йўқ! Чунки сезиларли устунлик билан охиригача жанг қилсангиз ҳам ютуқ уники бўлади. Бу бор гап. Ўз уйининг деворлари ҳар қанақасига уни «суяб» қолади. Бир мисол келтираман. Руминияда халқаро турнирдамиз. Чорак финалда франциялик кучли рақибга қарши жанг қилгандим. Жанг давомида уни ҳатто нокдаун ҳолатига ҳам туширдим. Бунинг учун менга 4 очко берилиши керак эди, ўйлаганимдек бўлмади. Якунда эса кичик фарқ билан мағлубиятни қабул қилиб олганман.

Бекзод Нурматов бундан олдин 22-23 март кунлари Москва шаҳрида «А. А. Харлампиев мемориали» номи остида ўтказилган самбо бўйича жаҳон кубогида иккинчи ўринни қўлга киритганди.

Чемпионнинг фаолияти билан танишар экансиз, унинг респуб­лика ва халқаро спорт мусобақаларида қўлга киритган медаллари оғирлиги ўзининг вазнига яқинлашиб қолганини сезасиз. Осиё ва жаҳон ареналарида эришган ютуқлари ҳар бир юртдошимиз қалбига ғурур улашади. Бунинг номи шак-шубҳасиз – миллий ғурур!

Уни олдинда ҳали катта-катта мусобақалар кутиб турибди. Қаҳрамонимиз 24 – 30 апрель кунлари Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрида жанговар самбо бўйича бўлиб ўтадиган халқаро А тоифадаги чемпионатга тайёргарлик кўрмоқда. Шундан сўнг жанговар самбо бўйича Ҳиндистонда Осиё ва Жанубий Кореяда бўладиган жаҳон чемпионатлари кутмоқда. Ҳамюртимизга улкан зафарлар тилаб қоламиз.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

 

Информеры