2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҒОЛИБ – СЕРЖАНТ ҒАЙБУЛЛА ШОДИЕВ ОИЛАСИ

Болалик – умр баҳори, кўнгилдаги соф истаклар дебочаси, орзу-умидлар фасли. Бу фаслнинг осмони мусаффо, дунёси мўъжиза ва ҳайратларга тўлиқ. Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмлар миқёсида ўтказилган «Намунали ҳарбийлар оиласи» кўрик-танлови бизни яна бир бор ширин болалик хотираларига ошно қилди.

Шу куни гўё борлиқ болажонларнинг шодон кулгиси билан янаям нурафшон бўлди. Чет тилларда бийрон сўзлаётган зукко Шаҳруза кўргазмали чиқишлари орқали барчани лол қолдирган ёш спортчи Ғайратбекка ҳавасимиз келди. Эътиборга сазовор жиҳати, улар танловдаги фаол иштироки орқали ўзлари камолга етаётган оиланинг ибратга арзигулик жиҳатларини ўзига хос тарзда намойиш эта олдилар.

Танловда иштирок этаётганлар дастлабки шартдаёқ томошабинларда миллийликни қадрлайдиган, урф-одатларимизга ҳурмати баланд замонавий ўзбек оиласи сифатида таассурот қолдирди. Танлов шартлари ҳам қизиқарли. Энг асосийси, бу шартлар оиланинг ҳар бир аъзосини қамраб олган. Яъни «Ота – оила устуни» шартида оила бошлиқлари отанинг оиладаги ўрнини чиройли саҳна кўринишлари орқали кўрсатиб беришган бўлса, оила бекалари ўзларининг ҳунармандчилик, касаначилик, пазандалик ва уй тутумидаги тадбиркорлик маҳоратини «Она – моҳир яратувчи» шартида намойиш қилишди. Танловнинг жажжи иштирокчилари бўлган болажонлар эса «Фарзандим – дилбандим» шарти орқали ўз иқтидори, истеъдоди ва қобилиятини намойиш қилиб, томошабинларнинг гулдурос олқишини олди.

Якуний натижага кўра, танлов ғолиблигини сержант Ғайбулла Шодиевлар оиласи қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры