2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МИСР ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Африка қитъасининг шимоли-шарқий ва қисман Осиё (Синай ярим ороли)да жойлашган Миср Араб Республикаси Қуролли Кучлари араб дунёсидаги жанговар қобилияти энг юқори бўлган армия ҳисобланади. Қурол-яроғ ва жанговар техника миқдори бўйича эса дунёдаги энг йирик армиялардан биридир. Ҳарбий харажатларга ажратиладиган маблағ миқдори 2,5 миллиард доллар (ялпи ички маҳсулотнинг 3,4 фоизи)ни ташкил этади. Мамлакат Қуролли Кучлари умумий ҳарбий мажбурият тўғрисидаги қонун асосида 18-30 ёшдаги эркак фуқаролар билан бутланади. Мажбурий ҳарбий хизмат муддати 12 ойдан 36 ойгача, ке­йинчалик муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлганлар 9 йиллик мажбурий резерв рўйхатига киритилади.

Лондон стратегик тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, ташкилий жиҳатдан Қуруқликдаги қўшинлар (320 минг киши), Ҳарбий ҳаво кучлари (30 минг), Ҳарбий денгиз кучлари (18 минг) ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларидан (80 минг) иборат бўлган Миср Қуролли Кучларининг умумий сони 448 минг кишини ташкил этади. Сони, таъминланганлик даражаси ва жанговар тажрибаси бўйича Яқин Шарқдаги энг кучли армиялардан бири ҳисобланади.

Миср деярли барча турдаги ҳарбий техникани ишлаб чиқаришга қодир бўлган, араб ўлчамлари бўйича яхши ривожланган ҳарбий-саноат комплексига эга. Шу билан биргаликда, сўнгги йилларда юзага келган кескинликка қарамай, мамлакат ҳарбий-техник соҳада АҚШ, Европа давлатлари (айниқса Франция), Хитой ва Россия билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу эса кўплаб мамлакатлардан замонавий қурол ва жанговар техника харид қилиш имконини беради. Хусусан, Миср бир вақтнинг ўзида КХДР ва Жанубий Кореядан қуроллар харид қилувчи ягона мамлакат ҳисобланади.

Қуруқликдаги қўшинлар

Қуролли Кучларнинг асосий ва энг кўп сонли тури бўлган Қуруқликдаги қўшинлар таркибига 3 та дала армияси (ҳар бирида 3 тадан армия корпуси), шунингдек махсус вазифаларни бажарувчи кучлар, чегара қўшинлари ва ҳудудий мудофаа қисмлари киради. Бундан ташқари, 27 та алоҳида бригада, яъни ракета (2 та), танкка қарши (6), ўзиюрар артиллерия (12) ва муҳандислик (6) бригадалари ҳам бевосита Қуруқликдаги қўшинлар қўмондонлигига бўйсунади. Махсус вазифаларни бажарувчи кучлар таркибига 7 та «рейнжерлар» полки, терроризмга қарши курашишга мўлжалланган 2 та отряд, жанговар ва фронторти таъминоти қисм ва бўлинмалари киради. Чегара қўшинлари алоҳида чегара полклари, батальон ва роталаридан, ҳудудий мудофаа қисмлари эса бригадалар, батальон ва роталардан ташкил топган.

Қуруқликдаги қўшинлар тасарруфида 3700 дан ортиқ М1А1 «Абрамс», М60А1/3, «Рамзес-2», Т-62, Т54/55 русумли танк, турли типдаги оператив-тактик ва тактик ракеталар учун мўлжалланган 200 дан зиёд ишга тушириш қурилмаси, 600 дан ортиқ жанговар разведка машинаси, 7000 та зирҳли транспортёр, 1,2 мингдан зиёд бараварига ўт очувчи ракета тизими, турли калибрдаги дала артиллерияси тўплари (1500 дан ортиқ), 3120 та зенит-ракета комплекси, мингга яқин танкка қарши ракета комплекси, кўп миқдорда ўзиюрар ва шатакка олинувчи тўп ва миномётлар бор.

Ҳарбий ҳаво кучлари

Бу турдаги қўшинлар таркибига бомбардимончи (1 та), қирувчи-бомбардимончи (5), қирувчи (9), разведка (2), вертолёт (8) ва транспорт (3) бригадалари киради. Қўшин ихтиёрида F-16, АТ-802U (АҚШ), «Рафаль» ва «Мираж-2000» (Франция), МиГ-29М2 (Россия) русумли жанговар самолёт (500 га яқин), разведка, радиоэлектрон кураш ва радиолокацион аниқлаш самолёти (11 та), 200 дан зиёд жанговар ва транспорт вертолёти, 60 та транспорт самолёти бор, шунингдек, қўшинга қарашли ўқув-жанговар ва ўқув-машқ авиацияси «Мираж-5», «Альфа Жет», F-16, F-4, «Гумхурия», «Тукано», МиГ-21 ва бошқа типдаги 200 дан зиёд самолёт билан таъминланган. Ҳарбий ҳаво кучлари ривожланган аэродром тармоғига эга (90 дан ортиқ аэродром).

Ҳарбий денгиз кучлари

Бу турдаги қўшинлар флот, денгиз пиёдалари, соҳилни қўриқловчи қисмлар ва таъминот бўлинмаларидан иборат. Хориж матбуоти маълумотларига кўра, қўшин асосини ташкил этувчи флот 10 та сувости кемаси, эскадра миноносеци, 11 та фрегат, 15 та кичик десант кемаси, 22 та соқчи, 25 та ракета ва 27 та торпеда катери, 20 дан ортиқ тралчи кема, шунингдек 9 та ёрдамчи кемага эга. Соҳилни қўриқловчи қисмлар кемаларга қарши курашиш учун мўлжалланган «Отомат» (Италия), 4К87 «Сопка» (Россия) русумли ракеталарни ишга тушириш қурилмалари, 130 мм.ли артиллерия тўплари ва бошқа қуроллар билан таъминланган. Денгиз авиацияси таркибида кемаларга қарши кураш олиб борувчи 11 та SH-2G ва турли вазифаларни бажаришга мўлжалланган 9 та SA-342 (Франция) русумли вертолёт бор. Денгиз пиёдалари сузувчи танклар ва енгил артиллерия-ўқ­отар қуролларга эга бўлган алоҳида бригадани ташкил этади.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари

Миср Қуролли Кучларининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари 1970 йилда алоҳида турга ажратилган. Қўшин таркибига ракета воситалари, зенит артиллерияси ва радиотехник қисмлар киради. Мамлакатни ҳаво ҳужумидан мудофаа қилиш борасидаги вазифаларни Ҳарбий ҳаво кучларининг қирувчи авиацияси, шунингдек, Қуруқликдаги қўшинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади. Белгиланган зоналар (Марказий, Ғарбий, Шимолий ва Шарқий) сони бўйича 4 та дивизия ҳамда алоҳида ракета бригадаларига эга. Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари тасарруфида «Такомиллаштирилган Хок», SA-2, SA-3, С-125, «Пэтриот», «Бук» ва бошқа русумдаги зенит-ракета комплекслари ва тизимлари (650 дан ортиқ ишга тушириш қурилмалари), 2500 зиёд турли калибрдаги зенит тўпи мавжуд.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

 

Информеры