2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ЯНА ЮРТИМГА ҚАЙТАРМИКАНМАН, ДЕГАНМАН»

Хотира ва Қадрлаш кунида Иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшган мўътабар инсонларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Уларнинг шарафига жойларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади. Шундай тадбирларда нуроний уруш фахрийлари билан кўришмоқ бахтига мушарраф бўлганман. Шулардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, иқтисод фанлари доктори, профессор Мухтор Расулов.

У нафақат зиёли инсон, балки Иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, жанг майдонларида фидойилик, мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган, шу орқали миллатимизнинг буюклигини, шаънини улуғлаган ўзбекнинг жасур фарзанди ҳамдир. Айни вақтда муборак 97 ёшни қаршилаётган Мухтор бобо пойтахтимизнинг Юнусобод тумани, Шайх Шиблий маҳалласида истиқомат қилади.

Отахон билан суҳбатимиз бағоят қизиқарли кечди. Турмуш сабоқларидан бошланган гурунг ўз-ўзидан табиийки ўтмиш, уруш хотираларига уланди.

– Иккинчи жаҳон урушида учувчи бўлганман, – дея хотирлайди суҳбатдошимиз. – Воронеж ҳарбий учувчилар билим юртида ўқиганман. Уруш бошланганида биз ҳали учишга тайёр эмасдик. Бир-икки марта штурвалга ўтирган бўлсак ўтирганмиз, бўлмаса йўқ. Бир куни бизни артиллерия полки штабига чақиришди. Бизга шу ерда топшириқ берилди ва фронтга йўл олдик. Тажрибасиз учувчи бўлганимиз учун бошида учишга жуда қўрққанмиз. Бир-икки ҳафта ўтгандан кейин қўрқув ва хавотир ортда қолди. Уруш шиддат билан давом этарди. Қурбонлар сони ҳам ортиб борарди. Жангларда қанча-қанча сафдошларимиздан айрилдик... Ҳаётнинг, Ватаннинг қадрига, айниқса, бошингга мушкул иш тушганда етасан, деганларича бор экан. Мен Ўзбекистондан ўқиш учун Воронежга йўл олганимда, урушга кирганимда, жангларда энг яқин сафдош дўстларимдан айрилганимда ҳаётнинг, юртимнинг қадрини билганман...

Урушда яраланиб госпиталга тушдим. Даволаниб бўлиб, ўз полкимга – Ватулино аэродромига йўл олдим. Экипаж билан учрашдим. Саломатлигим анча яхшиланганлиги ва бора-бора кучга тўлаётганимдан қувониб, ишга киришиб кетдим. Бизнинг экипажга таъмирдан янги чиққан самолёт берилган эди. Кабинага чиқиб аппаратларни текширувдан ўтказаётганимда пастда кимнингдир чақиргани эшитилди. Ойнадан қарасам, эскадрилья комиссари. Қўлимга «Известия» газетасини узатди. Ҳайрон бўлиб, газетани ўқишга тутиндим. Унда Ўзбекистон ҳақида хабарлар берилган эди! Ватанимни жуда соғинган эдим. Беихтиёр кўзларимга ёш келди. Ахир юртимдан чиқиб кетганимга ҳам тўрт йил бўлибди. Тўрт йилда бирорта ўзбекни кўрмагандим. Чунки полкимизда битта ўзим эдим-да. Болалигимни эсладим. Бирга ўсган дўстларим ёдимга тушди. Ҳозир қаерда экан улар? Менга ўхшаб барчаси фронтдадир. Тирикмикан ишқилиб? Юрагим титраб кетди...

1945 йилнинг август ойида Ўзбекистонга қайтиб келдим. Ватанга қайтиш... Мен бу кунни қанчалар кутгандим. Балки армон бўлиб қолар деб тушкунликка тушган вақтларим ҳам бўлган. Лекин мен тирик қолдим. Буни Худонинг инояти деб биламан.

Бугун 97 ёшдаман. Юртимиз мустақилликка эришганини кўриш, мана шундай доруломон кунларда умргузаронлик қилиш насиб қилди. Мен бу кунларни қанчалик кутгандим. Етказганига шукур. Ватанпарварлик туйғуси мустақиллик даврига келиб ҳақиқий мазмунга эга бўлди. Чунки энди Ватан ўзимизники! Мустақиллик, эрк нима эканлигини биз – кекса авлод вакиллари яхши биламиз. Ёшларга маслаҳатим, мана шу буюк неъматнинг қадрига етинг. Юрт келажагига дахлдор бўлиб яшанг. Ана шунда юртимиз равнақ топади, ҳаётимиз бундан-да фаровон бўлади.

Отахон қувониб сўзлайди. У кишининг теран мулоҳазаларини эшитиб, ҳавасингиз келади. Унинг фикрларини шунчаки эшитиб бўлмайди. Чунки ҳикматга бой бу хотиралар ҳар биримизни тинчликнинг, осойишталикнинг қадрига етишга, ўтаётган ҳар бир кунимиз учун шукрона келтиришга чорлайди, буюк мактаб сабоқларини беради.

Кетар чоғимизда Мухтор бобо қўлларини дуога очиб, юртимизга тинчлик-тотувлик, хонадонларимизга файзу барака тиладилар. Кўнглим ёришиб отахон билан хайрлашар эканман, хаёлимдан шундай фикр ўтди: аср билан юз кўришаётган ҳурматли отахонларимиз, мунис онахонларимиз бор экан, юртимизда фаровонлик, тинчлик-тотувлик ҳеч қачон аримайди!

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры