2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СИЁСАТДА ТАРАФКАШЛИК – ТАНГЛИККА АСОС

Биз пора деганда пул, олтин, кўчмас мулк, совға, ҳадя ва бошқа моддий бойликлар олди-бердисини назарда тутамиз. Халқаро ҳаётда эса сиёсий пора тушунчаси ҳам бор. Яъни катта ва кучли давлатлар ўзларининг геосиёсий манфаатлари йўлида айрим кичик ва кучсиз давлатларни ўзларига қарам қилиб олишади. Хўш, бундан ким қандай манфаат кўради?! Бундан ҳар иккала томон манфаатдор. Айтайлик, катта ва кучли давлатлардан бири халқаро ҳамжамият талабларига ва демократик принципларга зид хатти-ҳаракатлар қилиб қўйди. Бундай пайтда унинг сиёсий порасидан баҳраманд бўлиб келаётган кичик ва кучсиз давлатлар БМТ Хавфсизлик Кенгашида ва бошқа минбарларда дарҳол уни қўллаб овоз бердилар. Ёки аксинча: қайсидир кичик ёки кучсиз давлат бирорта айб иш қилиб қўйган бўлса, катта ва кучли давлат уни вето қўллаб, ҳимоя қилади. Бундай пайтда ким айбдор ёки айбдор эмаслигининг, ким тўғри ёки эгри эканлигининг, ким зўравон ёки жабрланган эканлигининг аҳамияти йўқ. Муҳими, тарафкашлик принципи амал қилади.

Халқаро ҳаётда бунга мисоллар кўп. Агар Хавфсизлик Кенгаши муҳокамасига биронта жиддий масала қўйилса, кўпинча кузатувчи ва сиёсий шарҳловчи сифатида унинг натижасини тўғри «башорат» қила оламан. Яъни бир томонни Сербия, Куба, Никарагуа, Венесуэ­ла, Боливия, Сурия маъқулласа, бошқа томонни Грузия, Украина, Исроил, Канада, Гватемала, Колумбия маъқуллаши, одат тусига кириб қолган.

Ўтган йили юз берган ўта нохуш воқеа туфайли Европадаги айрим давлатлар Осиёдаги бир стратегик ҳамкорларидан ўзларини четга олиб қолишди. Ҳатто океан ортидаги йирик ва қудратли давлатда ҳам Осиёдаги бу ҳамкорига нисбатан шубҳа-гумон пайдо бўлди. Бу, айниқса, тараққий этган давлатлар раҳбарининг Буэнос-Айресдаги учрашувида Осиёдаги ўша давлат вакилига нисбатан муносабатларида яққол сезилди. Яъни у яккаланиб қолди.

Хўш, яккаланиш ва шубҳа-гумон исканжасидан қандай қилиб қутулиш мумкин?! Яқинда ўша яккаланган арбоб Осиёдаги катта бир давлатга борди ва сиёсий пора берди. Яъни ўзи мусулмон ва мусулмонларнинг раҳбари бўла туриб, у борган давлати раҳбарига: «Сиз мусулмонларни махсус лагерларда қайта тарбиялаб, тўғри қиляпсиз. Уларни қаттиқроқ ушлаш керак» деди. Бу билан у борган давлати раҳбарининг кўнглини ола билди. Шу йўл билан у яккаланиш ва шубҳа-гумондан қутулмоқчи. Бугун жаҳонда динига, миллатига, маънавиятига хиёнат қилиб, мартабага эришмоқчи бўлаётган арбоблар якка-ёлғиз эмас.

Сиёсий порага ўрганганлар ҳар қандай бузғунчиликдан ҳузур қилишади. Яқин Шарқни олайлик. Араблар ва яҳудийлар битта отанинг – Иброҳим алайҳиссаломнинг фарзандлари. Яъни катта ўғил Исмоил алайҳиссаломдан араблар, кичик ўғил Исҳоқ алайҳиссаломдан яҳудийлар тарқалган. Буни араб­лар ҳам, яҳудийлар ҳам, бошқа миллат ва динлар вакиллари ҳам яхши билишади. Бироқ ҳеч ким уларни яраштириб қўйишни истамайди. Қани, айтинг-чи, тўрт ярим минг йилдан бери битта қишлоқ ва битта шаҳарда, битта кўча ва битта ҳовлида бирга яшаб келган араблар билан яҳудийларни бўлиб юбориш ва бир-бирига қарши қўйиш, ҳар учала илоҳий дин учун муқаддас ҳисобланган Қуддусга ягона эгаликни даъво қилиш, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мўътабар минбарини тарафкашларнинг жанг майдонига айлантириш кимга ва нима учун керак бўлиб қолди?!

Собиқ СССРда бу фитнанинг ташаббускори Сталин эди. Яқинда бир телеканал бу борада Сталиннинг хизматларини улуғлаб кўрсатув берганида буни сиёсий поранинг бугунги таъсир кучи билан боғладим. Чунки ўша куни собиқ жаллоднинг юртига бир нозик меҳмон келган эди. Бу куч ҳамон давлатлар ва халқлар ўртасида фитна уруғини сочиб юрибди.

Сиёсий поранинг кучи билан бутун бир давлатни вайрон қилиш, президентлар ва бош вазирларни қулатиш, халқларни ватангадо, тўқларни оч ва очларни гумдон қилиш оддий ҳолатга айланиб бормоқда. Бунинг учун сиёсий «заказ» бўлса бас. Буюртмани бажариш учун ташқаридан фитначи-жаллод излаш ёки ёллаш шарт эмас. Улар атрофингизда табассум ила қуллуқ қилиб туришади. Мен бугунги кунда телеэкранда ливияликларнинг Ўрта ер денгизида чўкиб, Европа қишида музлаб, қочоқликда хор бўлиб ўлаётганликларини кўрар эканман, Муаммар Каддафини диктатор деганларга ишонмайман. Ўша «диктатор» пайтида Ливияда тиббий ёрдам бепул, таълим текин, кўп болали оилаларга дори бепул, чет элга бориб ўқиш давлат ҳисобидан, коммунал хизмат текин, ҳамширанинг ойлик иш ҳақи 1000 доллар, ишсизлик учун нафақа 750 доллар, электр энергияси бепул, бир литр бензиннинг нархи 14 цент, бутун мамлакатда тўқчилик ва тўкинчилик ҳукмрон эди. Демократия «ғалаба» қилди-ю, бу халқ дўзах азобини торта бошлади. «Диктатор»ни ўлдирган жаллодлар эса мансаб талашиб, бир-бирларини гумдон қилиш билан сиёсий поранинг кучини синовдан ўтказишяпти. Африкадаги энг бой, халқининг яхши яшашида Осиё тугул, Европага ҳам ибрат бўлаётган бу давлат сиёсий поранинг кучи туфайли жаҳаннамга айланди-қолди.

Сиёсий пора, айниқса, мусулмон оламини лоқайдлик гирдобига тортиб боряпти. Назаримда катта ва кучли давлатларга ёқиш истаги кучайиб боряпти. Бу аҳволда жаҳон икки ёки уч гуруҳга бўлиниб қолади. Афсуски, бу гуруҳларда икки миллиардли мусулмон оламига ҳамдардлик кўрсатадиган куч йўқ. Кейинги уч-тўрт йилда кузатдимки, қайси мамлакатда қайси мусулмон кимни машинада босиб кетган, кимга пичоқ урган, нимани портлатган ва нимани ёндирган бўлса, деярли ҳаммаси БМТ Хавфсизлик Кенгашида муҳокама қилинди, аммо мусулмонлар жабрланган ҳолатлар умуман Хавфсизлик Кенгаши кун тартибига киритилмади, таклифлар эса рад этилди. Мьянмадаги юз минглаб мусулмоннинг қатлиомини, бош­қа бир давлатда миллионлаб мусулмонларнинг махсус лагерларда қайта тарбияланиши, Янги Зеландияда 50 дан ортиқ мусулмоннинг отиб ўлдирилганини эсланг. Бошқа шунга ўхшаган кўплаб фожиаларнинг ҳеч бирига БМТ Хавфсизлик Кенгашида тегишли баҳо берилмади. Бунинг учун асосан Туркия жон куйдирди, холос. Не ажабки, бунда ҳар сафар Туркия билан яхши ҳамкорлик қилаётган Хавфсизлик Кенгашининг вето қўллаш ҳуқуқига эга бўлган иккита доимий аъзоси қаршилик кўрсатди.

Сиёсатда тарафкашлик авж олган сари жаҳонда танглик кучайиб боряпти. Бунда катта устунларга тиргак бўлаётган кичик давлатларнинг айби бор. Улар мустақил сиёсат юритишмайди, кимнингдир қўлтиғига кириб олишади-да, жаҳон миқёсида чиранишади. Эсланг, жанубий Америкадаги бир давлат атиги бир неча ўн миллион доллар учун элчихонасини Қуддусга кўчиришга рози бўлди. Шундай давлатлар ҳам борки, ўзининг ҳомийси ҳимоясида халқаро консенсус талабларини ҳам, БМТ қарорларини ҳам менсимай, ўз билганларича ҳаракат қилишади. БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги вето қўллаш ҳуқуқига эга бўлган бешта давлатдан ҳар бирининг ўнлаб ана шундай «эркатойлари» бор. Шундай экан, жиддий масалаларда жаҳон миқёсида тўғри қарор қабул қилинишига ҳеч ким ишонмайди.

Ҳакамликда юзага келган ана шундай аҳвол туфайли кўплаб низоли ва чигалли масалалар ечим топмай, қолиб кетяпти. Келинг, уларнинг айримларини эслаб ўтайлик. Яъни 1967 йилда босиб олинган Фаластин ерлари ҳали ҳам ўз эгаларига қайтариб берилмади, Тоғли Қорабоғ можароси ҳали ечим топмади, бир миллионга яқин Мьянма мусулмонлари ҳали ўз уйларига қайтарилмади, ўзларини мустақил давлат деб эълон қилган Жанубий Осетия билан Абхазияни ҳали жаҳон ҳамжамияти тан олмади, 2014 йилда Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши ваъда қилинган ташқи ҳарбий кучлар ҳали жойида турибди, қонуний Президент Мадуро ишлаб турган бир пайтда Гуайдо ўзини Венесуэла Президенти деб эълон қилиши нафақат жаҳонни, балки Европа Иттифоқига аъзо давлатларни ҳам, Жанубий ва Марказий Америкадаги мамлакатларни ҳам икки гуруҳга бўлиб юборди. Буларнинг ҳаммаси сиёсатдаги тарафкашликнинг оқибати ва касофатидир. Бундан буён ҳам сиёсатда тарафкашлик кучайиб борган сари жаҳонда ҳам танг­лик кучайиб бораверади.

Иброҳим НОРМАТОВ,

сиёсий шарҳловчи

 

Информеры