2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МЕҲМОНЛАРНИНГ КЕТИ УЗИЛМАЙДИ

Қуролли Кучлар академиясида меҳмонлар кети узилмайди. Халқаро ҳарбий ҳамкорлик доирасидаги учрашувлар, қамрови кенг турли анжуман иштирокчиларини кунда бўлмаса, кунора учратиш мумкин. Ушбу олий ҳарбий таълим муассасаси нуфузли тадбирларга мезбонлик қилиш баробарида ёшларимизнинг ҳавасу ҳайратини оширадиган даргоҳ ҳамдир.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 256-умумтаълим мактаби ҳамда ИИВга қарашли 2- сонли Тошкент академик лицейи ўқувчиларининг академияга саёҳатидан кейинги таассуротлари фикримизни тасдиқлайди.

Ўқувчилар Қуролли Кучлар академияси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Курсантларнинг билим олиши, ҳордиқ чиқариши, овқатланиши ва жисмонан чиниқиши учун яратилган шарт-шароитлар, музей кўздан кечирилди.

– Кўпчилик дўстларим сингари мен ҳам ҳарбийлар ҳаётига қизиқаман, – дейди ўқувчи Зокирхўжа Тошхўжаев. – Ватан ҳимоячиси бўлиш машаққати ҳақида эшитганман. Бугун бу ерда ўзга дунёга тушиб қолгандек бўлдим. Тўғриси, таассуротларим ажойиб. Курсант акаларимга ҳавасим келди.

– Кино санъатига меҳрим баланд, – дейди ўқувчи Азамат Эргашев. – Бир-икки фильмларнинг суратга олиш жараёнида бевосита иштирок ҳам этганман. Агар шу соҳада фаолият юритадиган бўлсам, албатта, вақти келиб ҳарбийлар ҳақида фильм ишлайман. Боиси, уларнинг у қадар ҳам кўзга ташланмас, бироқ ўта масъулиятли касби тўғрисида халқчил тарзда экран орқали маълумот бермоқчиман.

Саёҳат ниҳоясида бир асрлик тарихга эга ўқув даргоҳи тарихи ва бугуни ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Низомиддин МАТЁҚУБОВ

Информеры