2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎҚУВЧИЛАР ҲАРБИЙ ҚИСМДА

Тошкент вилоятида жойлашган Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмда Оққўрғон туманидаги  19, 48-умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари меҳмон бўлди.

– Ўқувчиларни кутиб олиш учун алоҳида тайёргарлик кўрдик, – дейди дивизион командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари майор Ғофур Бозоров. – Қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техника намуналари кўргазмаси ташкил қилинди. Меҳмонлар бу кўргазмани катта қизиқиш билан томоша қилдилар. Саволларнинг кўплиги эса кўргазма ҳеч кимни лоқайд қолдирмаганини англатади.

Мактаб ўқувчиларининг ҳарбий қисмларда бўлиши анъанага айланиб боряпти. Бугун ҳарбий қисмларда ҳам ёш авлодга кўрсатишга арзирли ишлар амалга оширилган. Булар ўқувчиларимизда мамлакат Қуролли Кучлари билан фахрланиш ҳиссини алангалатиши билан биргаликда Ватан ҳимоячиси бўлишдек улуғ орзуни қалбларга муҳрлайди.

Шу куни ўқувчилар ҳарбий қисм ошхонасида, кутубхонасида, Ёшлар иттифоқи хонасида, машғулот залларида бўлдилар. Ҳарбий хизматчиларнинг кундалик яшаш тарзи билан танишдилар.

Ҳарбий қисмдан чиқиб бораётган ёшларнинг чарақлаган нигоҳларида таассуротлар завқи ҳам ёлқинланиб турарди.

Назокат НОДИРШОҲОВА

Информеры