2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАКТАБЛАРДАГИ МАЪНАВИЙ МУҲИТ

у бугун қай аҳволда?

... Мактабда ўқиб юрган кезларим эди. Адашмасам, тўққизинчида эдик. Дарс қизғин паллага кирган маҳал эшик очилиб, мактаб директори ва унинг ўринбосари кириб келди-да: «А-а-а-ассалому алай-ку-ум»дан кейин директор ўринбосари яқинда мактаблар ўртасида фан олимпиадаси бошланиши, синфимизда билимли, илғор ўқувчилар кўплиги боис унда бизни ҳам фаол иштирок этишга чақирди ва гап сўнгида қўшимча қилди:

– Агар фан олимпиадасининг республика босқичида юқори ўрин олсаларинг, ўзинглар истаган ўқишга текин киришларинг мумкин.

Имтиёз ҳақидаги гап директорга ёқмади шекилли, ўринбосарига шундай қовоқ уйиб тикилди-ки, натижада у фавқулодда қилган хатосини англаб қолди ва гапига тузатиш киритди:

– Им-м-тиҳонсиз кирасизлар...

Хонани «гур» этган кулги, директор ўринбосарини эса совуқ тер босди...

Бозор иқтисодиёти таъсиридами, ҳайтовур, одамлар орасида «ҳамма нарсани пул ҳал қилади», деган ўй анча-мунча шаклланиб қолган. Энг ёмони, бу фикр ёшлар онгида ҳам чуқур илдиз отмоқда. Бу эса, табиийки, эртамиз эгаларида фанларни яхши ўзлаштириш, чуқур билим олишга бўлган иштиёққа таъсир кўрсатмай қолмайди. Бунда, албатта, мактаблардаги таълим сифати, педагог кадрлар салоҳияти етакчи омил бўлиб хизмат қилади.

Бу ҳақда тўхталишдан олдин айрим мулоҳазаларни келтириб ўтсак…

Агар мактаб ўқувчисининг дуч келганини тўхтатиб, «Мана, мактабни ҳам тугатдинг, энди нима қилмоқчисан?» дея саволга тутсангиз, боринг-ки, ўнтадан олтитаси «Олий ўқув юртига ҳужжат топшираман», дейди. «Агар ўқишга киролмасанг, нима қиласан?» десангиз, «Яна топшираман, барибир ўқишга кираман», дейдигани кам. «Шум бола» қиссасидаги бой отага ўхшаб, «Яна киролмасанг нима қиласан, хўш, иннанкейин-чи?» десангиз, «Чет элга ишлагани кетаман…», дейди. Мана шунинг ўзи ҳам фарзандларимизнинг ўзлари учун тузган ҳаётий режалари пухта эмаслиги, номукаммаллиги, уларнинг ҳаётга тўла тайёр эмаслигини кўрсатади.

Ҳаёт эса олий таълим муассасасига ўқишга киришинг билан гуллаб кетади, дегани ҳам эмас. Демоқчи бўлганимиз фарзандларимиз онгига «иккинчи-учинчи… вариант» назариясини чуқурроқ сингдириш, ҳаётнинг ўнқир-чўнқир, паст-баландликлари ҳақида керак бўлса, мактабданоқ тушунча бериш керак. Бу эса ўз-ўзидан мактаблардаги маънавий муҳитнинг қай аҳволда эканига боғлиқ.

Тўғри, юқоридаги фикримизга қарши чиқиб, таълим даргоҳида кўпроқ билим берилиши керак, дегувчилар ҳам бўлар. Ҳақсиз. Аммо бугунги таълим тизими фақат билим эмас, балки тарбия беришга ҳам асосланганини унутмаслик керак. Ахир оилада ота-она рўзғор ташвишларидан ортмай, фарзандининг маънавияти билан етарлича шуғулланмас экан, бу вазифани мактаб тўлароқ ўз зиммасига олса нима қилибди?

Яшириб нима қилдик: таълим тизимимиз, хусусан, олий таълим муассасаларига ўқишга киришдаги порахўрлик, қинғирлик ва товламачиликдан ҳамма безор бўлганди. Ҳатто шахсан ўзим гувоҳ бўлганим: «фалончининг фарзанди ўқишга кирибди», деса «қанча билан?» деган саволларга ҳам ажабланмай қўйган эдик (асл ҳолат шунга яқин бўлгандан кейин нимасига ажабланиш мумкин).

Бугун мамлакатимизда жамиятнинг барча бўғинини порахўрликдан тозалаш, соҳаларда шаффофликка эришиш, айниқса, соғлиқни сақлаш, таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган улкан ишлар амалга оширилаётир. Аслида бу икки соҳада порахўрликнинг мавжудлиги инсон ҳаётининг кейинги тақдирига бевосита дахлдор муҳим омилдир. Таълимдаги порахўрлик кишилик жамиятини маънан, соғлиқни сақлаш тизимидаги порахўрлик эса жисмонан фалаж қилиши ҳам айни ҳақиқат.

Мактаблардаги маънавий муҳитни яхшилаш, ўқувчини ҳар жиҳатдан ҳаётга тайёрлаш, уни таълим-тарбия олишидан чалғитадиган мавжуд барча воситалардан ҳимоялаш ўқитувчининг вазифаси. Сўнгги бир йил ичида ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама этилган мавзулардан бири бу – ўқитувчининг қоғозбозликка ўралашиб қолганлиги бўлди. Соҳа ходимлари келтирган маълумотларга кўра, фан ўқитувчисининг ўзи 20 дан ортиқ ҳужжат билан ишлар экан. Синф раҳбари эса бу рақамга қўшимча яна 6-7 ҳужжат юритиши ҳам бор гап (афсуски, соҳада қатор ўзгаришлар бўлган бўлса-да, айнан ҳужжатбозлик масаласида натижа ҳали ҳам кўнгилдагидек эмас). Тўғри-да, ҳисобот тўлдиришу кундалик ёзишдан бошини кўтара олмаган ўқитувчи бир амаллаб таълим беришга улгурар (агар улгурса!), аммо тарбия беришга-чи? Яна бир бор таъкидлаймиз, маориф тизимимиз фақат таълим беришга қаратилмаган. Шундай экан, ўқитувчини асосий ишидан чалғитадиган бу каби қоғозбозликлар ҳам қайсидир маънода мактабдаги маънавий муҳитга таъсир кўрсатади. Агар бундай ҳол давом этаверса, ўқитувчи қачон ўз устида ишлайди, қачон ўқувчилар таълим-тарбияси билан астойдил шуғулланади, қачон унинг хоҳиш-истагига қулоқ тутади? У қачонки, ўзини чалғитувчи қўшимча юмушлардан холи бўлолса, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштиришга жалб этилмаса, қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ва бошқа турдаги ишларни бажаришга мажбурланмаса, касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга чақирилмаса…

– Мактабдаги маънавий муҳит барқарорлиги биринчи ўринда ўқитувчига боғлиқ, – дейди Жиззах шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби директори Дилдора Ўролова. – Агар жамоадаги ақалли битта ўқитувчида маънавий бўшлиқ бўлса, бу бутун бошли мактаб ўқувчиларига-да, таъсир этади. Чунки ўша ўқитувчи қайсидир синфларда дарс ўтади, дарс ўтиш жараёнида эса ўзининг кимлиги ва қандайлигини аён этиб қўяди. Кечаги ўқувчи билан бугунги ўқувчи ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Педагог буни, албатта, инобатга олиши зарур. Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, шуни айтишим мумкинки, хулқи ёмон, ўзлаштириш даражаси паст бўлган ўқувчини ҳам педагогик маҳорати кучли бўлган ўқитувчи «ўз йўлига» юргиза олади. Бундай мисолларни ўз жамоамиз орасида ҳам кўплаб учратиш мумкин. Фақат бизни ранжитадиган биргина жиҳат шуки, бу жараёнда баъзи ота- оналар педагогга ва ўз фарзандига ёрдам бериш ўрнига халал бериш ҳоллари ҳам учраб туради. Фарзанди бирор ножўя иш қилса-ю, унинг ота-онасини чақиртириб, ҳолатни тушунтирсангиз, «фақат менинг болам шундайми?» дея иддао қила бошлайди. (Ўтган йил 17 октябрь куни Қримнинг Керчь шаҳридаги коллеж ўқувчиси (!) томонидан содир этилган отишма ҳам айнан мана шунақа савол ва иддаолар оқибатида содир бўлган, деб ўйлайман). Унутмайлик, ўқитувчи ҳар доим ўқувчиси камолоти учун қайғуради.

Шу ўринда, яна бир мулоҳаза. Мактабларда қачон маънавий муҳит яхшиланади, қачон ўқувчининг ўқитувчига бўлган ҳурмати янада юксалади, ўқувчи қачон «Катта бўлсам, ўқитувчи бўламан», дея орзу қилади? Қачонки, жамиятда ўқитувчининг обрўси тикланса, унинг имижи яхшиланса. Чунки ўн бир йил давомида ўқувчи кўз ўнгида азоб-уқубат чеккан, заҳмат кўриб, ўрни келса раҳмат эшитмаган касбга бўлган қизиқиш, иштиёқ пайдо бўлиши бироз шубҳали. Ўқитувчининг обрўси, ҳурмати шундай бўлиши керак-ки, натижада ўқувчига қўшилиб бутун бошли жамиятда умумий фикр ва қараш ўзгарсин. Бу эса таълим тизими равнақи, жамият ривожи ва мактаблардаги маънавий муҳит яхшиланишини таъминлайди.

– Ўқув даргоҳларида қизларимиз учун махсус тўгараклар ишлаб турибди, аммо ўғил болаларга-чи? – дейди Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Бўстон Раҳмонова. – Ахир юз бераётган аксарият кўнгилсизликларга ўғил болалар сабабчи бўлиб қолаётгани ҳам ёлғон эмас-ку? Хўш, уларнинг тарбияси ҳақида гап кетганда фақат спорт машғулотлари билан чегараланиш етарлимикин? «Белбоғли йигитлар», «Мард ўғлонлар» сингари тўгараклар очиш вақти етмадими? Машғулотларни (бошқа кўпгина дарсларни ҳам) албатта, эркак ўқитувчилар олиб бориши шарт. Оилада отанинг ўрни қандай бўлса, таълим даргоҳида эркак ўқитувчининг ўрни ҳам шундай. Афсуски, бугун кўплаб мактабларимиз асл йигитга хос таълим-тарбия нималигини кўрсатиб қўядиган эркак муаллимларга муҳтож…

Табиий савол туғилади: хўш, нима қилиш керак? Бир ўйлаб кўринг, ­ 500 – 1000 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мактабда нечта ўқитувчи фаолият юритяпти-ю, нечта психолог ўқувчилар маънавий оламини назорат қилиб боряпти? Ўқитувчилар сони, албатта, ўқувчилар сонига қараб ўзгариб туради, аммо мактаб психологи доим битта бўлиб қолаверади. Таклиф шуки, мактаблардаги психолог штатларини ўқувчилар сонига қараб кўпайтириш керак. (Ёки бўлмаса ҳар бир туман халқ таълими бўлимларида «Психологлар маркази»ни ташкил этиш ҳам яхши самара беради). Майли, ўша психологлар ўқувчиларнинг ҳаммаси билан индивидуал ишлай олмас, албатта (бунга физиологик жиҳатдан ҳам улгуриб бўлмайди). Аммо юриш-туриши, тарбияси ва маънавий оламида салбий ўзгариш тус олаётган тақдирда унинг ота-онасини чақириб, суҳбатлашиб, тўғри йўлга йўналтира олади. Бу эса катта-катта эҳтимолий кўнгилсизликларнинг олдини олишда айни муддао бўлиши шубҳасиз.

Энди мана шу таклифни амалиётда қўллашда яна бир муаммо пайдо бўлиши табиий. Агар нохуш ҳолатлар сезилаётган бирор ўқувчининг ота-онасини чақиртириб, «Фарзандингиз психолог кўмагига муҳтож», десангиз борми, «Нима, мени болам жинними?!» дейдиган ота-оналар ҳам топилишига асло шубҳа йўқ. Чунки бизда психологга фақат ақли заифлар мурожаат этади, деган тушунча қотиб қолган. Аслида эса соғлом одам ҳам вақти-вақти билан психолог кўригидан ўтиб туриши керак. Бунинг учун эса жамиятдаги умумий фикр ва қарашни ўзгартириш борасида таъсирчан чоралар ишлаб чиқилиши зарур.

Тўғри, таълим тизимида ҳали бажарилиши лозим бўлган масала ва муаммолар талай. Аммо аста-секин бўлса-да, соҳада ўзгариш ва янгиланишлар бўляпти. Шундай экан, ҳамма бир бўлиб, ягона мақсад йўлида интилса, кўзланган маррага етиш мумкин. Мактаб ўқувчиларининг бой берилган маънавиятини тиклаш учун, ҳатто бир авлод алмашинувини кутишга тўғри келиши мумкин. Бой берилган вақт фактори эса мамлакатнинг дунё саҳнидаги имижи ва эртанги тақдирига таъсир этмай қолмайди…

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

 

Информеры