2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АХБОРОТ-ПСИХОЛОГИК ХУРУЖЛАР ВА УНДАН ҲИМОЯЛАНИШ

Ғарб генералларидан бири «Уруш – вайрон қилиш ва одамларни ўлдиришнинг қонунийлаштирилган усули» деган эди. Шу маънода ахборот уруши буюмларни эмас, одамларнинг қалби, онги ва ҳаракатларини издан чиқаради. Бу уруш асосан яширин тарзда амалга оширилиши билан характерланади.

Кейинги йилларда жаҳон ахборот майдонида «Associated Press», «United Press International» (АҚШ), «Reiter» (Буюк Британия), «France-Presse» (Франция), ИТАР-ТАСС, РИА (Россия), «Синьхуа» (Хитой) CNN (АҚШ), BBC (Буюк Британия), «Euronews», «Al Jazeera» (Қатар), «Anadolu» (Туркия) каби ахборот агентликлари ва бошқа нуфузли газета ва журналларнинг ҳукмронлиги яққол кўзга ташланмоқда. Бу эса  ҳар бир давлатдан ўз жамиятини салбий ахборот-психологик таъсиридан ишончли сақлаш ва қатъий ҳимоя қилиш механизмини яратишни талаб этяпти.

Ахборот уруши – медиаманипуляциянинг энг максимал даражадаги аксидир. Бу атама илк бор 1967 йили тилга олинган. Ахборот уруши назариясининг асосчиларидан бири Уинн Швартоу фикрича, «Замонавий жамият ахборотга асосланганлиги сабабли, эртами, кечми, ҳар ким ахборот хуружининг қурбонига айланади». Демак, ахборот урушининг асосий таъсир объекти шахсдир.

Чет эл ОАВ информацион-психологик хуружларининг баъзи кўринишлари қуйидагилар:

Товуш бирликлари усули. Бунда айрим товуш бирликлари маълум психо-эмоционал таъсирга эга. Агар «И» товуши кўп бўлса – бу нимадир заиф, «О» – юмшоқ ва меҳрибон. «Ц» каби қоришиқ товушлардан фойдаланиш эса, қандайдир хавотирли ва қоронғи нарса тасаввурини уйғотади. Шунингдек, ичимизда «сабзавотлар одамларга қарши фитна уюштирдилар» гапини бир неча бор қайтарсак ва бизга доим шу тарзда гапирилса, биз бу таҳдидни ҳақиқий сингари қабул қила бошлаймиз.

Кун тартибини манипуляция қилиш. Баъзан чет эл телевидениесининг таҳлилий дастурларини томоша қилиш вақтида баъзи бир давлатлардаги инқирозлардан бошқа муаммолар йўқлигини ҳис қиламиз. Унда инфляция, даромадлар камайишини кузатмаймиз. Бу эса бизнинг кун тартибимизни манипуляция қилиш амалга оширилаётганини билдиради.

Чет эл теледастурлари жамоат кун тартиби, яъни қайси фикрлар бизни банд этиши кераклигини белгилашга ҳаракат қилади. Агар масс-медиа жамият учун PussyRiot гуруҳи ёки қайси бир давлатнинг Сенатида қабул қилинган қонундан муҳимроқ нарса йўқ деб ҳисобласа, бу ҳақда узлуксиз маълумотлар узатади. Мақсад – бир кун тартибини бошқасига алиштириш. Масалан, ибодатхоналар ва тарихий обидаларнинг таҳқирланиши, чет элда боқиб олинган болаларнинг муаммолари кўрсатилади. Демак, ушбу давлатда бирон жиддий воқеадан жамоатчилик эътиборини чалғитиш амалга оширилмоқда.

«Сукунат сақлаш спирали» назарияси

Чет эл масс-медиаси кўпчиликнинг қарашларига эргашиш орқали уларнинг орасида бўламиз деган тасаввурни уйғотади.

Чет эл ОАВлари бизга нима яхши-ю, нима ёмонлигини айтмайди. Улар шахсан хулосага келишни таклиф қилади. Хулоса «тўғри» чиқиши учун эса, бизга туртки берилиши керак.

 «Ахборотнинг ёлғон сирқиши»

Чет эл телевидениеси сирқиб чиққан маълумотларга таяна бош­лади. Яхши репортажда кўпинча маълум махфий маълумотлар мавжуд бўлади. Бир қонуният – сирга бўлган интилишни инобатга олиб, баъзи чет эл ОАВлари пардани салгина кўтариб, ҳақиқатнинг бир четини кўрсатади, холос. Бундан инсоннинг танқид механизми ўчади. Бу шахслар «Ҳа, мен чет эл телеканалида кўрдим, ишончим комил, худди шунақа бўлган», дейишади.

Чет эл ОАВлари шунчаки репортажни кўрсатиб, қуйидагини уқтиради: «Фалон давлат аҳолиси федераллаштириш учун овоз бермоқда». Бироқ исбот қани? Социологик маълумотлар қани? Кўпинча уларнинг кераги ҳам йўқ. Чунки телевидение тасдиққа муҳтож бўлса, «рақамлар сеҳри» ва «обрўлилар сеҳри»дан фойдаланади.

«Рақамлар сеҳри» – бу айнан социология маълумотлари. Одамлар рақамларни тасдиқловчи сифатида қабул қилади. Бунда рақамлар аниқ бўлиши керак, масалан, уруш бўлаётган фалон давлатдан 120 минг қочоқ қўшни давлатга ўтди. Яхши тележурналист ушбу ҳодисадан сўнг қочоқларнинг биридан интервью олади. Бу далил сеҳри деб аталади.

«Обрўлилар сеҳри». Томошабинлар аниқ хулосага келиши учун телевидение экспертларни намойиш этади. Одатда экспертнинг номи ва лавозими қанчалар узун бўлса, у маълум бир эзотерик билимнинг сирига эга шахс сифатида тан олинади. Орага киноя қўшилса, томошабинда маълумотни англаши, танқидий фикрлаши сусаяди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли юртимизда оммавий ахборот воситалари ҳаракатлари ва маълумотлар узатилиш суръати янада кучайди. Мамлакатдаги сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа соҳаларда юз бераётган ҳодисалар тезкорлик билан халқимизга етказилиб, ахборотга чанқоқлиги қондирилмоқда. Бунинг натижасида баъзи «оппозицион» («ozodlik.org», «fergananews.com» ва бош­қа) ахборот манбааларининг халқимизга таъсир этиш имкониятлари сусайди.

Янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Доктринаси тўғрисида»ги қонунда ахборот-коммуникация маконида Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига, мустақиллигига, ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилган ҳамда аҳолининг тинч ҳаё­тига таҳдид солувчи мафкуравий ва психологик ҳаракатлар ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган асосий таҳдидлар сифатида кўрсатилган. Шунингдек, замонавий ҳарбий можароларнинг ўзига хос бўлган асосий хусусиятлари – зиддиятларни ҳал этиш учун ҳарбий куч ишлатиш зарурлиги тўғрисидаги сиёсий важларни ва халқаро жамоатчилик фикрини шакллантириш учун олдиндан ахборот-психологик таъсир кўрсатиш, ҳарбий куч билан бир қаторда ноҳарбий тусдаги (сиёсий, иқтисодий, ахборот-психологик ва бошқа) чора-тадбирлардан фаол фойдаланиш каби хусусиятларга алоҳида урғу берилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ахборот-психологик хуружлар (медиаманипуляция)дан ҳимояланишнинг қуйидаги усулларини кўрсатиш мумкин:

– кундалик вазифаларни бажариш вақтини эътиборга олган ҳолда кун тартибига биноан барча тоифадаги ҳарбий хизматчиларга «Uzbekiston24», «Ахборот», «Таҳлилнома», «Давр» информацион дастурларини кўриш ҳамда республика радиосининг сўнгги янгиликларини тинглашни ташкиллаштириш.

– чет эл босма ва электрон ОАВда Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсати борасида чалғитувчи, тенденциоз руҳдаги салбий ахборотлар эълон қилинганда, ушбу ахборотларнинг асл моҳиятини очиб беришга қаратилган аксилтарғибот тадбирларини амалга ошириш (бунда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа миллий ахборот ресурслари расмий манбааларига таяниш мақсадга мувофиқ).

– хорижий ва норасмий оммавий ахборот воситалари ҳамда интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали узатилаётган баъзи маълумот ва хабарлар юртимизга қарши қаратилган салбий ахборот хуружининг бир кўриниши эканлигини шахсий таркибга тушунтириш.

– шахсий таркиб орасида ахборот олиш, уни англаш, интернет ва унинг ижтимоий тармоқларидан, шунингдек, бошқа норасмий манбаалардан фойдаланиш ва ахборот олиш маданияти (интернет маданияти)ни шакллантириш, тенденцион ахборотларга қарши кураш усул ва услубиятларини тушунтириш, шахсий таркибнинг ахборотга чанқоқлигини доимий равишда расмий давлат манбааларидан фойдаланган ҳолда қондириш;

– турли кўринишдаги миш-мишлар, ваҳимали кайфият туғдираётган, турли-туман ғийбат гаплар тарқатаётган ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар хизматчилари билан ахборот маданияти бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш.

Подполковник Фарҳод САЙДЖАНОВ,

Қуролли Кучлар академияси қўмондонлик-штаб

факультети тингловчиси

Информеры