2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

1982 йил. СКОТТ ФАЛМАН ТАКЛИФИ

ХХI асрга келиб техника инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Усиз ҳеч бир юмуш бажарилмас, бирор ваъда берилмас ва энг ёмони усиз фикрламайдиган бўлиб қолдик. Техника инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларини қондирар, не-не мураккаб амалларни бажарар, унинг номидан қарор чиқарар, бошқалар билан муносабатини бошқарар, хуллас, одамзотнинг бутун имон-ихтиёрини аста-секинлик билан ўз қўлига ола бошлади. Натижада ҳаммамиз оммавий равишда қулайликлар қулига айланиб қолдик.

Энг ёмони, бу жараёнда инсон вақт ўтиши билан сўзлаш, гапириш қобилиятидан маҳрум бўлиб боряпти. Бу бир қарашда сезилмаса-да, аммо ҳақиқат. Сўз мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий ўз асарларида 1 миллион 378 минг 660 та бетакрор сўз ишлатганида эҳтимол ўзини ер юзидаги энг бахтли инсон сифатида ҳис этгандир. Чунки бунча сўз билиш, улардан моҳирона фойдаланиш кишига бахтдан бошқа нарса бермайди-да. Тилшуносларнинг маълум қилишича, ҳозирги кунда тилимизда мавжуд жамики сўзларнинг атиги 30 фоизидангина фойдаланаётган эканмиз. Бу тилимизнинг қашшоқлашиб бораётганидан далолат.

Ҳақли савол туғилади: хўш, нима учун тилимиз имкониятларини кўкка совуриб, ундан оқилона фойдаланмаяпмиз? Бунда, албатта, биринчи галда техниканинг таъсири катта. У инсонни эринчоқ қилиб қўйди. Тўғри, у тортиқ этган чексиз имкониятлар одамзотнинг оғирини енгил, узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда. Аммо бу хайрли ишнинг бари унинг қалби ва туйғуларини йўқотиши эвазига юз бераётир. Аниқ мисолларга ўтайлик. Ҳаммамиз уяли алоқа воситаси — телефондан фойдаланамиз ва бир нечта ижтимоий тармоқларда ўз саҳифамизга эгамиз. Кимдир телефонда гаплашишни хуш кўрса, кимдир «ёзишишни» ёқтиради. Натижалар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда иккинчи гуруҳга кирувчилар сони кўпчиликни ташкил этар экан. Чунки ижтимоий тармоқларда хабар алмашиш қўнғироқ қилишга қараганда анча арзонга тушади. Шундай қилиб, ўша ижтимоий тармоқлар имконияти ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Суҳбатдошингизга ўз кайфиятингизни билдириш учун «дўстим, бугун кайфиятим яхши эмас (ёки жуда яхши)» дейиш учун овора бўлиб шунча сўз ёзишга ҳожат йўқ. Шунчаки сизнинг ўша ҳолатингизни ифодалаб берувчи смайлик (smile — табассум)ни юбориб қўя қоласиз. Суҳбатдошингиз ҳам сизга хайрихоҳлигини билдириб, «кайфияти тушган», «қовоғи осилган», «боши эгик» смайликда жавоб қайтаради.

Хўш, шунга нима бўпти, дейсизми? Ҳамма гап шунда-да. Бундай «мулоқот» тури кишиларда сўзлаш, сўзлашга бўлган мойиллик ва ўша сўзларнинг аста-секинлик билан унут бўлишига сабаб бўлади. Бу шундай жараёнки, бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек кўринади. Аммо туб моҳиятига эътибор қаратилса, ҳаммаси тушунарли бўлади-қўяди.

Шундай қилиб инсонлар ўртасидаги бугунги мулоқотнинг фаол воситаси бўлмиш смайликлар ҳам аввал бош­да кишиларга хуш кайфият улашиш мақсадида ўйлаб топилган бўлиб, у олимларнинг ҳазили туфайли дунёга келган. Тарихда илк бор рус америка ёзувчиси Владимир Набоков қавсдан табассум ўрнида фойдаланишни ўйлаб топади. 1969 йилда у «The New York Times» журналисти Олден Уитмен билан интервьюда: «Кулги-табассумни билдирувчи қандайдир типографик белгини ўйлаб топиш керак», деб қолади.

Ҳозирги фаол смайликлар эса 1982 йил 19 сентябрдан бошлаб «туғилган куни»ни нишонлаб келмоқда. Мазкур типографик белгини америкалик Скотт Фалман таклиф этган. Скотт буни ўйлаб топиш учун бор-йўғи 10 дақиқа вақт сарфлайди ва у бу ихтироси билан тарихда қолишни хаёлига ҳам келтирмайди.

Мана шу ихтиро бугун одамзотни сўзлаш, ёзиш ва фикрлашдан узоқлаштирмоқда. (Эҳ, Скотт, нималар қилиб қўйганингни биласанми ўзи?) Балки вазият биз ўйлаганчалик оғир эмасдир. Аммо буни ижтимоий тармоқнинг фаол фойдаланувчилари ҳам тасдиқлаб турганидан кейин нима ҳам дейсиз. Киноя билан ёзилган қуйидаги изоҳга эътибор беринг: «Программистлардан илтимос қилар эдим, олдин тугмачали телефонда битта тугмачадан учта рақамни териб хабар ёзар эдик, ҳозир биз ақалли битта ҳарфни ёзишга эриниб қолдик. Илтимос, тайёр сўзлари бор клавиатура ишлаб чиқсангизлар, тайёр гапли бўлса бундан ҳам соз. Аммо бармоқни теккизиб турсак ўзи ўйлаганимизни ёзадиган бўлса, янаям зўр бўларкан. Оббо, кейин бармоқни теккизиииб ўтириш ҳам роса вақтни олади-да. Ҳа, айтганча, вақт ўтиши билан ёзишга ҳам ҳожат қолмайди-ёв. Сўнгги пайтларда фақат смайлик билан «ёзишяпман». Бу кетишда ёзишни эсимдан чиқариб қўймасам бўлди».

Эсингизда бўлса, Робинзон Крузо кимсасиз оролга тушиб қолганида сўзлашиш қобилиятини йўқотиб қўйишдан қўрқиб турли ҳайвонлар, қушлар билан суҳбатлашиб юради ва тўғри қилади. Бунга ишонмасангиз ўзингизда тажриба қилиб кўринг: агар имкони бўлса, кўп эмас, атиги икки кун ҳеч ким билан гаплашманг, телефонга жавоб берманг, савол беришса, эшитмаганга олинг ва белгиланган муддат ўтгач, одамлар билан мулоқотга киришиб кўринг. Айтаётган сўзларингиз ҳатто ўзингизда ҳам шубҳа уйғота бошлайди. «Бу вазиятда шундай дейиш тўғримиди ўзи, шу гапимнинг маъноси нима эди-я?» деган савол хаёлингизни бир лаҳза бўлса-да, банд этади. Шундагина сўзсизлик кишини тубанликка бошлашини анг­лайсиз.

Аслида ҳар қандай кўнгилсизликка ўзидан сабаб қидирмаган инсон ожиздир. Турмушимиз, ҳаётимиз ва борлиғимиздаги жамики ўзгариш ва янгиланишлар, салбий характер касб этадиган эврилишларнинг бош сабабчиси, ўрни келса, айбдори сифатида техникани кўрсатамиз. Лекин шу нарса аёнки, яшаш қанчалик машаққатли бўлмасин, кўнглини, виждонини аслидек тоза сақлаб қолганлар кучли инсонлардир. Шунинг учун азиз замондошим, ҳар қандай қусур учун аввало ўзимиздан сабаб қидирмоғимиз дуруст. Сўзим охирида шуни айтмоқчиманки, ҳеч қачон сўзлашдан чарчаманг. Майли, сизни ҳеч ким эшитмасин, лекин сиз Яратган тортиқ этган мўъжизани асраш, бойитиш бахти билан яшайверасиз.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, журналист

Информеры