2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МУДОФАА ВАЗИРИ ХХР ҲАРБИЙ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, мудофаа вазири генерал-полковник Вэй Фэнхэ бошчилигидаги ХХР ҳарбий делегациясини қабул қилди.

Учрашувда томонлар ўзбек – хитой ҳамкорлигининг мудофаа ва ҳарбий таълим соҳасидаги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилишди, ҳарбий-техник йўналишда ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашишди. Икки давлат мудофаа идоралари мутахассислари томонидан турли йўналишларда тажриба алмашиш учун мунтазам равишда амалга оширилаётган ташрифларининг аҳамияти таъкидланди.

Мудофаа вазири меҳмонларни қизғин қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хитой Халқ Республикасига 2017 йил май ойидаги давлат ташрифи  икки давлат муносабатларида янги саҳифа очгани ҳамда ўзбек – хитой ҳамкорлиги ривожланишининг тарихий босқичи бўлганини қайд этди.

«Икки томонлама самарали ҳамкорликнинг ўтган йилларини баҳолаган ҳолда ишонч билан айтиш мумкинки, Хитой, бу – дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш алоқалари тобора мустаҳкамланаётган, ишончли, вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкордир», деди генерал-майор Баҳодир Қурбонов.

Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясида Хитой Қуролли Кучларига бағишланган замонавий, мазмундор мавзувий синфнинг ташкил этилгани эътиборга лойиқ. Жорий йилнинг сентябрь ойидан эътиборан, хитойликлар ташаббуси билан ушбу олий ҳарбий таълим муассасасида хитой тилини интенсив тарзда ўрганиш курсларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Курсларга Тошкент давлат шарқшунослик институти қошидаги Конфуций номли Ўзбек – хитой институти ўқитувчилари жалб қилинади. Якунда Ўзбекистон ва Хитой Мудофаа вазирликлари ўртасида 2019 йилга икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режаси имзоланди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

 

Информеры