2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЖИПСЛИК, ЖАНГОВАР ШАЙЛИК

ҳамкорликдаги машғулот иштирокчиларининг шиорига айланди

Кузатиб бораётган бўлсангиз, республикамизнинг барча ҳудудларида ҳамкорликда машғулотлар ўтказилмоқда. Дастлаб, Шарқий ҳарбий округ, кейин Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ, яқинда эса Тошкент ҳарбий округи ҳудудида ҳамкорликдаги қўмондонлик штаб ўқуви ўтказилди. Ушбу машғулотлар Қуролли Кучлар куч тузилмаларини жипслаштириш, яхлитликда ҳаракатланиш борасидаги кўникмаларини мустаҳкамлашда амалий аҳамиятга эга бўлмоқда.

Хабар берганимиздек, Тошкент ҳарбий округидаги тактик амалиёт Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида бошланган бўлса, кейинги босқич Чирчиқ дала-ўқув майдонида давом этди. Бу пайтга келиб, иштирокчиларининг тажриба ва тушунчалари ошган, аҳоли ҳам ҳарбий техникаларнинг фавқулодда колонна бўлиб ҳаракатланишига кўникиб улгурган эди. Энди самода кезаётган жанговар вертолётлар ҳам уларнинг кўнглига ғулғула солмайди. Аксинча, миллий армиямизга бўлган ишончини юксалтиради.

Чирчиқ дала-ўқув майдонида Ўзбекистон Қуролли Кучлари бош штаби ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган қўмондонлик штаб ўқуви давомида Тошкент ҳарбий округида жойлашган барча ҳарбий қисм ва муассасалар юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилди.

Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари – Чегара қўшинлари қўмондони генерал-майор Руслан Мирзаев раҳбарлигида барча куч тузилмаларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш бўйича ҳамкорликдаги қўмондонлик штаб ўқувлари режаси ишлаб чиқилди. Унда куч тузилмалари тегишли бўлинмаларининг замонавий хавф-хатарларга қарши ҳамкорликдаги тадбирларни бажариш кўникмалари яна бир бор синовдан ўтказилди.

Разведка ва бошқа муҳим маълумотларни тезкор алмашиш, реал вақт мезонлари асосида самарали ва ягона бошқарувни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилди. Машғулотлар реал вазиятга яқинлаштирилган ҳолда ўтказилди. Уларда ҳарбий авиация ҳам иштирок этди.

Мудофаа вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бўлинмалари билан биргаликда олиб борилган операциялар давомида шартли жангарилар тўдаси батамом йўқ қилинди. Машғулотлар якунида бўлинмаларнинг ҳаракатлари таҳлил қилиниб, баҳоланди.

Азиз НОРҚУЛОВ

Информеры