2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ИЛҒОР ЭКИПАЖЛАР МУСОБАҚАСИ СТАРТ ОЛДИ

Ўзбекистон ҳарбийлари халқаро майдонларда кечаётган турли нуфузли беллашувларнинг фаворитлари қаторида тобора мустаҳкам ўрин олмоқда. Ана шундай баҳслар сирасида танк биатлони ўзининг турли мураккаб машғулотлар ва экипаж аъзоларидан аниқлик, тезкорлик талаб этадиган босқичлари билан ажралиб туради. Ватан ҳимоячиларининг бу борадаги маҳоратлари ошишида, шубҳасиз «Чирчиқ» полигонида халқаро стандартлар асосида бунёд этилган «Танк биатлони» майдонида эгаллаётган тажрибалари сабаб бўлаётир.

Айни шу майдонда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан 1 – 5 май кунлари Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилиши режалаштирилган Танк биатлони мусобақасининг очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Унда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги, Қуролли Кучлар фахрийлари, ўқувчи ёшлар, ҳарбий оркестр созандалари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

– Мазкур мусобақани ўтказишдан асосий мақсад – Мудофаа вазирлиги ҳарбий округларининг жанговар бўлинмалари ўртасида энг илғор индивидуал тайёргарликка эга бўлган танк экипажларини танлаб олиш, – дейди Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Бахтиёр Ўролбоев. – Уларнинг энг моҳирларига юртимиз манфаатларини халқаро армия ўйинларида ҳимоя қилиш шарафи берилади.

Барча ҳарбий округдан иштирок этаётган экипажлар Т-62, Т-64, Т-72 русумли танкларда белгиланган йўналиш бўйлаб ҳаракатланишга киришди. Старт ва финиш, эстафетани бериш ва тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракатланиш участкалари билан жиҳозланган мусобақа трассасидан илдамлаган экипажлар сувли тўсиқ, қўрғон, чуқур, миналаштирилган йўлак, эскарп кўприкларидан ўтиб, отиш марраларида нишонларни аниқ мўлжалга олди.

– Бу мусобақани биринчи маротаба кузатяпман, – дейди Чирчиқ шаҳридаги 20-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Руслан Рамошов. – Ҳарбий акалармизнинг танкни худди автомашинадек бошқариши ва нишонларга бехато ўқ узишларини кўриб, уларга ҳавасим ортди.

Мусобақа қизғин суръатда давом этмоқда...

Эслатиб ўтамиз, танк биатлони беллашувларининг финал босқичи жорий йилнинг 5 май куни бўлиб ўтади. Ҳал қилувчи баҳслар давомида замонавий ва Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ҳарбий техникаларнинг намойиши ҳамда ҳарбий санъаткорлар томонидан тақдим этиладиган концерт дастурини ўтказиб юборманг.

А. ОЧИЛОВ,

А. ОМОНТУРДИЕВ.

Информеры