2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МИНТАҚАВИЙ БЎЛИНМАЛАРНИНГ СУСТКАШЛИГИ ТАНҚИД ҚИЛИНДИ

Қуролли Кучлар давлат музейида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг 2019 йилнинг биринчи чораги мобайнида амалга оширилган ишлар якунига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни Ўзбекистон халқ шоири, сенатор, Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев олиб борди.

Йиғилишда дастлаб, кенгаш томонидан олиб борилган ишлар, яъни ҳарбий қурилиш ва мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатининг долзарб масалалари, жамоатчилик фикрларини таҳлил қилиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳисоботи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 апрелдаги «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича қилинаётган ишлар ва бу борада келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар хусусида сўз борди. Шунингдек, Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмалари фаолияти таҳлил қилинди. Уларнинг белгиланган вазифаларни бажаришда йўл қўяётган сусткашликлари танқид остига олинди.

– Ўтган вақт мобайнида Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини тизимли ва самарали ташкил этишга эришди, – дейди Жамоатчилик кенгаши раиси И. Мирзаалиев. – Қувонарлиси, кенгашнинг деярли ҳар бир аъзоси зиммасига юклатилган вазифани сидқидилдан адо этишга ҳаракат қиляпти. Улар юртимизнинг қай бир гўшасида бўлмасин, албатта ўша ҳудуддаги ҳарбий қисмларда, маҳаллаларда турли маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказишмоқда. Бу эса халқ ва армияни янаям яқинлаштиряпти. Агар минтақавий бўлинмаларимиз ҳам шундай фаол бўлса тадбирлар қамрови янаям кенгаяди. Демак ҳозир бизнинг олдимизда турган энг асосий вазифа бу – минтақавий бўлинмаларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг фаолиятини жонлантириш.

Шу куни тадбирда Жамоатчилик кенгаши томонидан ўтказиладиган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказишга оид таклифлар ўртага ташланди ва йиғилиш иштирокчилари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры