2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЁШЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ ИШЛАШ КЕРАК?

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларидаги бошланғич ташкилоти етакчиларининг икки кунлик форумида ёшлар масалалари билан боғлиқ шу каби саволларга атрофлича жавоб берилди.

«Ёшларимиз маънавияти ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг долзарб масалалари» мавзусида ўтказилган мазкур тадбирда Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардия ҳамда ёшлар иттифоқи масъул ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган форумнинг биринчи кунида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда миллий ғурур, ифтихор ва ор-номус фазилатларини шакллантириш, ёшлар билан ишлашни тўғри йўлга қўйиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича мутахассислар томонидан керакли тавсия ва таклифлар берилди.

Форумнинг иккинчи кунида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлимларида ёшларга оид амалга оширилаётган ишлар ҳамда ҳарбий қисм ва муассасалардаги бошланғич ташкилотлари фаолияти таҳлил қилинди. Бу борада йўл қўйилган камчиликлар танқид остига олинди.

– Ёшлар билан ишлаш бугунги куннинг долзарб масалалари ичида етакчи ўринда турибди. Чунки замоннинг талаби маънавий жиҳатдан етук, ўз Ватанининг тарихи, бугуни ва келажаги учун қайғурадиган, жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш иштиёқида ёниб яшайдиган шахсларни камол топтириш. Бу масалага таҳлилий ёндашилса, унинг нақадар серқирра, мураккаб, шунинг билан бирга ҳар томонлама умуминсоний қадриятларга мос келишини идрок этиш мумкин. Форум давомидаги маърузаларда ёшлар масалаларининг шу жиҳатлари очиб берилди.

– Айнан мен комиллик сари интилиш шахснинг касбий шаклланиши билан биргаликда кечадиган ва деярли бир умр давом этадиган мураккаб жараён эканлигини тушуниб етдим. Ўзим учун керакли ва фойдали йўл-йўриқлар олдим. Қисқа қилиб айтганда, форум давомида ўрганганларим келажакда мен учун ўзига хос қўлланма, дастурил­амал бўлади, – дейди лейтенант Аҳроржон Сафаралиев.

Форум якунида ҳарбий қисм ва муассасалардаги бошланғич ташкилот етакчиларининг аниқ дастур асосида 2019 йил давомида амалга оширадиган ишлари белгилаб берилди. Энг фаол етакчиларга мудофаа вазирининг эсдалик совғалари топширилди.

Г. МУРОДОВА

 

Информеры