2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СОҲИБҚИРОН САБОҒИ

Болалигимдан ҳарбий бўлиш орзуим эдим. Жуда ёшлигимдан тушунсам-тушунмасам ҳарбий мавзудаги кўрсатувларни, киноларни қизиқиб, ҳаяжон билан томоша қилардим.

Ўрта мактабнинг 4-синфини тугатиб, Ички ишлар вазирлигининг мактаб-интернатига ўқишга бораман деб туриб олдим. Ота-онамни аранг кўндирдим. Ҳарбий либос кийганимда ўзимни кўп нарсага қодир, ҳаммадан кучли, ҳар қандай душманни йўқ қилишга шай турган аскардек ҳис қилардим.

Йиллар ўтиб, ёшимга ёш қўшилгани сари ҳарбий соҳага тегишли адабиётларни ўқий бошладим. Уйимизда 15000 дан ортиқ китобдан иборат кутубхонамиз бор. Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган улуғ саркардалар, қўмондонлар, маршаллар ҳақида кўплаб китоблар мавжуд. Улар қаторида буюк бобокалонларимиз, йирик давлат арбоблари ҳақидаги китоблар ҳам анчагина. Мен қайта-қайта буюк Соҳибқирон Амир Темур ва унинг давлатчилик сиёсати, от билан қуруқликнинг учдан бирини эгаллашдек ва улуғ салтанатни ташкил этишдек оламшумул ҳарбий салоҳиятига, энг муҳими адолатга, инсонпарварликка, меҳр-мурувватга ва қатъий интизомга асосланган саркардалик фаолиятига ҳавас билан қарайман.

Биз ёшлар учун Соҳибқирондан ўрганадиган жиҳатлар ниҳоятда кўп.

Биринчидан, Амир Темур болалигидан хотираси ниҳоятда мустаҳкам, ҳар қандай ўқиган китобини тез ўзлаштирадиган ва ёдида сақлай биладиган хотира қувватига эга бўлган. Жумладан, 10 ёшида Қуръони Каримни тўла ёд олган ва Кеш уламолари имтиҳонидан ўтиб, «Ҳофизи Қуръон» унвонини олган.

Иккинчидан, Амир Темур 16 ёшида жанг санъатини ниҳоятда чуқур ўзлаштирган. У ўз тенгдошлари орасида кураш ва ўқ отиш мусобақаларида доим биринчи бўлган.

Учинчидан, Амир Темур оғир вазнли курашчилар билан майдонга тушишдан чўчимаган. Унда катта шижоат, журъат ва қатъият туйғуси баланд бўлган.

Тўртинчидан, Амир Темур отда жанг қилиш санъатини жуда катта маҳорат билан ўзлаштирган ва бу борада энг оғир машқларни бажариб, моҳир жангчи сифатида ўзини кўрсата билган.

Бешинчидан, Амир Темур сувда сузишда ҳам ноёб маҳорат эгаси бўлган.

Соҳибқирон 16 ёшида чавандозлик, тирандозлик, найзабозлик, қиличбозлик машғулотларини мукаммал эгаллаган эди.

Соҳибқироннинг зафарларга тўла ҳаёти, мутлақ ғолиб саркарда сифатидаги ноёб қобилияти, биз учун ҳамиша ўрнак.

Лейтенант Бобур ЖЎРАЕВ

 

 

Информеры