2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

НОҚУЛАЙ ИҚЛИМ

мусобақа иштирокчиларини тўхтата олмади

Ҳафта-ўн кунлик тинимсиз ёмғир кўпчиликни хуноб қилгани рост. Шу кунларда сув омборлари икки бараварга бойигани ҳақида ижтимоий тармоқларда бонг урилди. Ёғингарчилик авжига чиққан маҳал Чирчиқ дала-ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги миқёсида ҳарбийлаштирилган кросс югуриш мусобақасининг якуний босқичи ўтказилди.

Республикамизнинг барча ҳудудларидан иштирокчилар йиғилган маҳал жала қуяётган эди. Кўпчилик ноқулай иқлим шароитини инобатга олиб, тадбир қолдирилишини тахмин қилди. Аммо Ватан ҳимоячилари «майли ёмғир, қор ёғсин» дея мусобақани бошлаб юборишди. Об-ҳаво инжиқликлари уларни тўхтата олмади. Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳамда Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўмондонлиги, барча округлар ва олий ҳарбий таълим муассасалари вакилларидан таркиб топган 12 та жамоа шиддатли ёмғир остида мусобақага киришдилар.

1,5 км югуриб, манзилга етиб борган иштирокчи автоматда ўқ отиш маҳоратини намойиш этиб, ортга қайтаркан граната улоқтиришдан ўзини синаб кўради. Ниҳояда 3 км масофани босиб ўтадиган иштирокчиларнинг натижалари якка ҳолда ва умумжамоа ҳисобида юритиб борилди. Бундай пайтда бир кишидаги сусткашлик умумий натижага салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Буни яхши англаб етган ҳарбий хизматчилар жон-жаҳди билан ҳаракат қилишди. Уст-бошларининг ивиб кетганини ҳам финишга етганда пайқашарди, гўё.

Аслида бундай шароитда белни боғлаб майдонга тушишнинг ўзи ғолибликка тенг. Аммо кўрсаткичлар чинакам ўринларни белгилайди. Унга кўра, якка тартибда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Жаҳонгир Булаков 1-, Шарқий ҳарбий округ вакили шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Ҳусниддин Мирзаматов 2-, Тошкент ҳарбий округи вакили шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Янгибой Рўзимуродов 3-ўринни эгаллади. Умумжамоа ҳисобида эса Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти 1-, Қуролли Кучлар академияси 2-, Тошкент ҳарбий округи жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар кубок, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ҳусниябону ЖЎРАЕВА

 

Информеры