2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЮРТИМИЗ БОКСЧИЛАРИ ОСИЁДА БИРИНЧИ

Таиландда бокс бўйича XXX Осиё чемпионати якунланди. Мусобақа иштирокчилари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Ушбу мусобақада қитъамизнинг 34 мамлакатидан 300 нафардан зиёд чарм қўлқоп устаси совринли ўринлар учун кураш олиб борди. Эркаклар ўртасида 192 нафар, аёллар ўртасидаги беллашувларда эса 112 нафар спортчи иштирок этди. Юртимиз шарафини эса 19 нафар спортчимиз (10 нафари эркаклар,  9 нафари аёллар) ҳимоя қилди.

Ўзбекистон терма жамоасига илк олтин медални Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзолари – Нодиржон Мирзаҳмедов (49 кг вазнда) ҳамда Миразиз Мирзахалилов (56 кг вазнда) тақдим этди. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзолари – Шукур Раҳимов (52 кг вазнда) ҳамда Ёдгорой Мирзаева (57 кг вазнда) 3-ўринни эгаллаб, бронза медални қўлга киритди.

Нодиржон Мирзаҳмедов, Миразиз Мирзахалилов, Бобо Усмон Ботуров ва Баҳодир Жалолов томонидан қўлга киритилган 4 та олтин, Санжар Турсуновнинг кумуш ва Шукур Раҳимовнинг бронза медали бизни мусобақада якка пешқадамга айлантирди.

– Бу каби чемпионатларга кучсизлар бормайди, – дейди Нодиржон Мирзаҳмедов. – Эркаклар ўртасидаги баҳслар якунига кўра, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгалладик. Юртимиздан борган спортчилардан ташқари Қозоғистон 2 та, Ҳиндистон, Мўғулистон, Тожикистон ҳамда Жанубий Корея вакиллари биттадан олтин медални қўлга киритдилар. Мусобақада қатнашган 18 мамлакат спортчилари ўз юртларига медалсиз қайтганини инобатга олсак, эришилган натижалар ёмон эмас. Келгусида бундан-да юксак марраларни кўзлаганмиз.

Осиё бокс конфедерациясининг 2018 йил якунларига кўра, энг яхшиларга аталган эсдалик совғалари юртдошларимизга насиб қилган эди. Жорий йилда ҳам Осиёда йилнинг энг яхши федерацияси учун аталган совринни Ўзбекистон бокс федерацияси вакиллари қабул қилиб олди. Исроил Мадримов эса Осиёнинг энг яхши боксчиси деб топилди.

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ

 

Информеры