2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СИНГАПУР ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига кирувчи Сингапур Республикаси Осиёнинг жануби-шарқий қисмида, Сингапур ороли ва унга туташ бўлган 60 га яқин майда ороллар ҳамда Малакка ярим оролининг жанубий чеккасида жойлашган. 1965 йилнинг 9 августида Малайзия Федерацияси таркибидан ажралиб чиқиб, мустақил давлатга айланган Сингапур нисбатан кичик ҳудуд ва кам сонли аҳолига, шу билан бир вақтда қудратли иқтисодиёт ва Қуролли Кучларга эга. Умумий ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонунга кўра, ҳарбий хизматни кечиктириш ва муқобил хизматнинг ҳар қандай вариантлари тақиқланган ҳамда фуқаролар 40 ёшга етгунига қадар ҳар йили икки ҳафталик ҳарбий йиғинларда иштирок этишга мажбурлиги кўзда тутилган. Шу билан биргаликда, дунёга эндигина келган ҳар бир эркак фуқаро  туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома билан биргаликда чақирув пунктига биринчи рамзий чақирув қоғозини ҳам олади. Ҳарбий хизматга чақирилган фуқаролар хизмат жойига юборилишдан олдин 9 ҳафталик тайёргарлик курсларида таълим олади.  

Мамлакат армиясига асос солинган дастлабки йилларда у фақат иккита пиёдалар полкидан иборат бўлиб, улар британиялик офицерлар томонидан бошқарилган. Мустақилликка эришганидан сўнг Сингапур Қуролли Кучларни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратди ва бу йўналишда хорижий ҳарбий маслаҳатчилар хизматидан кенг фойдаланди.

Мамлакат ҳудудининг кичиклиги сабабли Қуролли Кучларга қарашли ҳарбий техника (айниқса, авиация техникаси)нинг маълум қисми доимий равишда хориж давлатлари ҳудудига жойлаштирилади. Жанговар техника асосан АҚШ, Буюк Британия ва Исроилдан харид қилинади, шунингдек, сўнгги йилларда хусусий ҳарбий саноат комплекси ҳам жадал суръатларда ривожланиб бормоқда.

Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво ва Ҳарбий денгиз кучларидан ташкил топган Сингапур Қуролли Кучларининг умумий сони тахминан 80 минг кишини,  ҳарбий харажатларга ажратиладиган маблағ эса 5,57 млрд долларни ташкил этади. Мажбурий ҳарбий хизмат муддати 24 ой. Ҳарбий тўқнашувлар юзага келадиган ҳолатларда мамлакат армияси яна захирадаги 300 мингдан зиёд аскар ва офицерни сафарбар қилиш имконига эга. Сингапур ҳарбийлари БМТнинг тинчликпарварлик операцияларида мунтазам равишда иштирок этиб келади.

Қуруқликдаги қўшинлар

Қуролли Кучларнинг энг кўп сонли (72000 киши) тури бўлган Қуруқликдаги қўшинлар таркибига 5 дивизия (ҳар бири бир қанча пиёдалар ва бронетанк бригадаларига эга), 6 та пиёдалар бригадаси, махсус операциялар кучлари гуруҳи ҳамда бир қатор ёрдамчи бўлинмалар киради. Қўшин резервида 60 та пиё­далар ва 8 та разведка батальони, 12 та артиллерия дивизиони, махсус вазифаларни бажарувчи батальон ҳамда 8 та муҳандислик батальони бор. Танк парки асосини Германияда ишлаб чиқарилган «Леопард-2А4» русумли 200 та танк ташкил этади, уларнинг бир қисми Германиянинг ўзида жойлаштирилган ва Сингапур армияси экипажларини ўргатиш учун фойдаланилади. Бундан ташқари, жанговар техника таркибида AMX-13SM1 русумли (Франция) 340 та анча эскирган танк ҳам бор. Шунингдек, Қуруқликдаги қўшинлар ихтиёрида маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган «Бионикс» ва «Бионикс-2» типидаги 700 та пиё­далар жанговар машинаси, турли русумдаги зирҳли транспортёр (2000 дан зиёд), ўзиюрар артиллерия қурилмаси (55 та), кўплаб шатакка олинувчи тўплар, миномётлар, бараварига ўт очувчи ракета тизимлари, танкка қарши ракета комплекслари, кўчма зенит-ракета комплекслари ва бошқа замонавий қуроллар мавжуд. 

Ҳарбий ҳаво кучлари

Таркибида 3000 киши хизмат қилувчи бу турдаги қўшин ихтиё­рида АҚШда ишлаб чиқарилган 100 та 4-авлод қирувчи самолёти (40 та F-15SG ва 60 та F-16) бўлиб, уларнинг аксарият қисми, юқорида айтиб ўтилганидек,  Сингапур ҳудуди кичиклиги сабабли ўзаро келишув асосида АҚШда жойлаштирилган. Бундан ташқари, жанговар техника таркибида ҳозирга келиб анча эскирган F-5S русумли қирувчи (32 та), F-5Т типидаги ўқув-жанговар (9 та), RF-5S русумли разведкачи (7 та) ва A-4SU типидаги 25 та штурмчи самолёт бор. Штурмчи самолётлар Францияда жойлашган ва улардан ўқув-машқ самолёти сифатида фойдаланилади. Шунингдек, Ҳарбий ҳаво кучлари тасарруфида 5 та патруль, 9 та ёқилғи қуювчи, 9 та транспорт, 33 та ўқув самолёти, АН-64Д «Апач» русумли 20 та жанговар, кемаларга қарши кураш олиб борувчи S-70B  (6 та) ҳамда CH-47 «Чинук» (АҚШ) ва AS332M (Франция) русумли 49 та транспорт вертолёти бор. «Апач» ва «Чинук»ларнинг бир қисми АҚШда, француз вертолётлари эса Австралияда жойлашган. Қўшин таркибига кирувчи ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари АҚШ, Франция ва Россияда ишлаб чиқарилган, турли масофаларга мўлжалланган зенит-ракета комплекслари, ўзиюрар ва шатакка олинувчи зенит тўплари билан таъминланган.    

Ҳарбий денгиз кучлари

Мустақилликка эришилганидан сўнг ўтган ярим асрдан ортиқ вақт мобайнида Сингапур Ҳарбий денгиз кучлари ёғоч корпусли иккита катерга эга бўлган кичик флотдан Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари флотлари орасидаги энг замонавийларидан бирига айланишгача бўлган катта йўлни босиб ўтди. Ўз табиий ресурсларига эга бўлмаган мазкур орол давлатининг хавфсизлиги денгиз коммуникациялари ва мамлакат ҳудудининг денгиз томондан ишончли ҳимоя қилинишига боғлиқлиги бу турдаги қўшинларнинг аҳамиятини янада оширади. Сингапур ҳарбий денгиз флоти байроғи илк бор 1967 йилнинг 5 майида кўтарилган. Ҳозирги даврга келиб, бу турдаги қўшинлар ихтиёрида Швецияда қурилган «Шормен» ва «Вестерготланд» русумли 4 та сувости кемаси (2024 йилгача Германиядан яна 4 та шу турдаги кема харид қилиниши режалаштирилган), «Формидейбл» типидаги 6 та замонавий фрегат, «Индепенденс» типидаги 6 та пат­руль ва «Си Вулф» типидаги 6 та ракета катери, «Виктори» типидаги 6 та корвет, 100 дан ортиқ соқчи катер, 4 та десант ва 4 та тралчи кема, масофадан бошқарилувчи замонавий сувости ва сувусти аппаратлари бор.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

Информеры