2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ПРЕЗИДЕНТ «ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИ»ГА БОРДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи давомида шаҳардаги Мудофаа вазирлигига қарашли «Темурбеклар мактаби»ни бориб кўрди.

Фарғонадаги «Темурбеклар мактаби»да 437 ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 31 нафар педагог ходим ва 22 нафар ҳарбий хизматчи сабоқ бермоқда. Мактаб ёшларни Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий ҳарбий билим юртлари ва бошқа ўқув муассасаларига аниқ фанларга чуқурлаштирилган ҳолда тайёрлашга ихтисослашган. Шинам фан синфлари, компьютер хоналари, касбий ва тарихий адабиётларга бой кутубхонада бунинг учун барча шароит яратилган. Ўқувчилар дарсдан бўш вақтини фойдали ўтказиши учун турли фан ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.

– «Темурбеклар мактаби» ёшлар ҳам, ота-оналар ҳам ҳавас қиладиган маскан бўлиши керак. Бунинг учун уларнинг мавқеи, савияси, билим бериш даражаси юқори бўлиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Темурбеклар мактабларини ривожлантириш бўйича янги тизимни белгилаб берди. Унга кўра, бу мактабларга ёшлар чекланган миқдорда танлаб олинади, ўқувчилар замонавий ахборот технологиялари ва камида иккита хорижий тилни пухта ўрганади, жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиб, ҳар томонлама баркамол, ёшлар орасида етакчи бўлиб шаклланади. Ушбу мактаблар битирувчилари олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилинади.

Давлат раҳбари «Темурбеклар мактаби»да яратилган шароитларни кўздан кечирди, ўқувчилар билан суҳбатлашди. Шу ерда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан мулоқот бўлиб ўтди. «Темурбеклар мактаби»га автобус совға қилинди.

ЎзА материали асосида тайёрланди.

 

Информеры