2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТИНЧ ВА ОСОЙИШТА ҲАЁТ ЯРАТГАН ФИДОЙИ АЖДОДЛАР ХОТИРАСИ МАНГУДИР

Бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонфидо қилган аждодларимиз хотирасини ёд этиш, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган.

 

Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва Қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ҳамда «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жонфидо қилган юртдошларимиз хотирасини ёд этишдек эзгу мақсадлар ифодасини топган.

Уруш қатнашчилари ва фронт орти фахрийлари билан бирга мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига ҳам моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Бадиий академия, Маънавият ва маърифат маркази, «Нуроний» жамғармаси ва «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бошқа ташкилотлар билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказмоқда.

9 май. Пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум. Бу ерга сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, ҳарбийлар келган.

Соат 8.30. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кириб келди.

Давлатимиз раҳбари Иккинчи жаҳон урушида жонфидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди – ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Шу куни Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 74 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан уруш ва меҳнат фахрийлари таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари байрам тадбирига келган уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳар бири билан алоҳида саломлашиб, ҳол-аҳвол сўради. Уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилади. Нуронийлар юртимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилди.

Рамзий саҳнада машҳур ўзбек генерали Собир Раҳимов қўмондонлигидаги дивизиянинг қаҳрамонлиги акс эттирилди. Президент фахрийлар билан бирга уни томоша қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 74 йиллиги билан барча фахрийларни, бутун халқимизни табриклади.

Боғда Иккинчи жаҳон уруши давридаги композициялар инсталляцияси акс эттирилган. Поезд ва ҳарбий техникалар намойиш қилинган. Қўмондонлик штаби, окоп ва блиндажлар, тиббиёт пункти, дала ошхонаси қурилган. Жанг майдонларида аскарларимиз кўрсатган мардлик ва жасорат, урушдан қайтмаган минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси, ота-боболаримизнинг фронт орти меҳнат фаолияти акс этган.

Саҳна ортидаги улкан мониторда халқимизнинг уруш даврида кўрсатган матонати ва жасорати, ёвқур ўғлонларнинг мислсиз қаҳрамонликлари акс этган лавҳалар намойиш қилинди. Мардлик, Ватан, тинчлик тараннум этилган шиорлардан юраклар жунбушга келди.

Давлатимиз раҳбари ғалабага катта ҳисса қўшган барча ватандошларимизнинг жасорат ва матонатини янада чуқур ўрганиш, уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар, кинофильмлар ва спектакллар яратиш, ёшларимиз қандай фидойи инсонларнинг жасорати эвазига бугунги тинч ва бахтли замонда яшаётганини билиши ва бунинг қадрига етиши зарурлигини таъкидлади.

Халқимизнинг уруш йилларидаги чинакам матонат ва жасорати бутун инсоният учун ибратдир. Ўзбек халқи жанг майдонларидан юртимизга эвакуация қилинган бир миллионга яқин кишига ўз уйидан жой берди. Улар орасидаги 200 минг болани юзлаб ўзбек оилалари «Сен етим эмассан», деб ўз паноҳига олган, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган. Тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар, каттақўрғонлик Самадовлар оиласи 12, бухоролик Жўраев ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 нафардан болани ўз бағрига олган.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги майдонига тошкентлик темирчи Шомаҳмудовлар оиласи хотирасига ҳурмат сифатида барпо этилган ҳайкал қайта ўрнатилгани бу бағрикенгликнинг яна бир намунасидир.

Давлатимиз раҳбари айни вақтда Тошкент шаҳрида Ғалаба боғини барпо этиш бўйича лойиҳа-қурилиш ишлари бошлаб юборилганини қайд этди.

Саҳнада ва улкан мониторда Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ҳаёт акс эттирилган лавҳалар намоён бўлади.

...«Хотира мангу» композицияси намойиш этилади.

Машҳур сухандон Юрий Левитаннинг уруш бошлангани тўғрисидаги эълонни ўқиган овози янграйди. Йигитлар Ватан ҳимоясига отланади. Мониторда Иккинчи жаҳон уруши воқеалари тасвири акс этади.

Байрам дастурида атоқли шоир ва санъаткорларимизнинг шеър ва қўшиқларига кенг ўрин берилгани Хотира ва Қадрлаш куни мазмун-моҳиятига мос тушган. Концерт ҳарбий оркестр ва таниқли хонандалар иштирокида давом этди.

...Уруш тугаб, ғалабага эришилгани ҳақида Юрий Левитан эълон қилади.

Уруш йилларининг аянчли хотиралари, бугунги тинч-осойишта ҳаёт қадри акс эттирилган бадиий дастур қатнашчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

***

Пойтахтимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан мушакбозлик ўтказилди. Ушбу шоу Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларнинг юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида қилган улуғ хизматини шарафлаш мақсадида ташкил этилди.

ЎзА материали

асосида тайёрланди.

 

Информеры