2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ШОИР, АДИБ ВА ЖАНГЧИ ШУҲРАТ

Фашизм устидан қозонилган буюк ғалабага 74 йил тўлди. Иккинчи жаҳон уруши тарихда урушларнинг энг йириги ва ХХ асрнинг аянчли фожиаси бўлди. Европа, Осиё, Африка ҳудудларида, Шимолий муз океани, Атлантика, Тинч ва Ҳинд океанларига қадар ёйилган урушда 61 давлат иштирок этди. Курраи замин аҳолисининг тўртдан уч қисми 1 млрд 700 млн киши бу урушга тортилди. Тахминий ҳисобларга кўра 50 млн киши ҳалок бўлди. Бу биринчи жаҳон урушига нисбатан 5 мартага кўп эди. Ўзбекистонликлар ҳам бу урушда фашизмга қарши мардонавор жанг қилди.

Бир неча шеърий тўпламлар, романлар муаллифи Шуҳрат учун фашизмга қарши уруш катта ҳаёт дорилфунуни бўлди. 1935 йилда танила бошлаган шоир 1940 йил «Истак ва ўч» поэмаси чоп этилганидан кейин, ҳарбий хизматга отланди.

Орадан бир йил ўтмай уруш бошланди. Қарийб беш йил қўлида қурол билан фашизмга қарши курашган Шуҳрат оддий аскарликдан капитан даражасига кўтарилди, ўқчи батальон командири мартабасига етди. Уч марта яраланиб, яна жангга кирди.

Урушдан кейинги йилларда республика газета ва журналларида адабий ходим бўлиб ишлаган шоирнинг «Ҳаёт нафаси», «Қардошлар», «Бизнинг кўча», «Балоғат», «Ишқингда ёниб», «Кавказ дафтари», «Қиз табассуми», «Буюк муҳаббат» номли китоблари чоп этилди. Адибнинг «Шинелли йиллар» романи ўз даврида ва ҳозир ҳам китобхонларнинг севимли асарлари рўйхатида.

Шоир ва адиб Шуҳрат қатағон даврининг иккинчи тўлқини маънавий қурбонлари М. Шайхзода,                С. Аҳмад, Шукрулло каби адолатсизлик зулмини тортган, ҳурфикрлилиги туфайли шўро ҳокимияти ҳибсхоналари жабрини чеккан. У шунга қарамай, мардонавор бардош билан ижод қилди. Қатор шеърий китоблар, «Олтин зангламас» (1967), «Жаннат қидирганлар» (1968) романлари ва бир неча драма ёзди.

Жангчи шоир, адиб, драматург Шуҳрат 1993 йилда оламдан ўтди. Ёзувчи умрининг сўнгги кунларида исёнкор шоир Машраб ҳақида тарихий роман устида ишлаётган эди, афсуски, бу асар тугалланмай қолди.

Хотира ва Қадрлаш куни байрами арафасида адиб оиласида бўлдик. Кенжа ўғил Бобур Алимовдан хотираларини эшитдик:

– Отамнинг тақдирлари ҳамиша синовларга, зиддиятларга, тазйиқларга ҳамроҳ эди. Биринчи марта ўтган асрнинг 30-йиллари охирларида «Усмон Носирга яқин киши» сифатида таъқиб қилинган бўлсалар, кейинчалик ҳам гоҳ у кўринишдаги, гоҳ бу кўринишдаги айбловларнинг кети узилмаган. Ўша биринчи тазйиқ бошланганда дадам ҳарбий хизматга чақирилиб қоладилар, кейин Бокудаги икки ойлик офицерлик курсида ўқиб, урушга кирадилар.

Дадам 50-йиллар суронида 21 кун терговда бўлганлар. Ўша пайтда Мақсуд Шайхзода билан ёнма-ён камерада бўлишган экан.

Баъзилар Шуҳрат домла жуда оғир ҳаёт кечирган, бошидан қора кунлар кетмаган, омадсиз яшаган, рўшнолик кўрмаган, дейишади. Йиллар ўтиб тушундимки, аслида матонатли, кечиримли кишиларга, бардошли, бағрикенг одамларга бундай синовлар доим ҳамроҳ бўларкан. Ҳа, ҳақ сўзни айта биладиган кишиларга ҳеч қачон енгил бўлмаган. Лекин отам шунча синовларга қарамай доим ижод билан банд бўлдилар, охирги 25 – 30 йил ҳеч қаерда ишламаганлар, фақат ёздилар.

Суҳбат сўнгида Бобур Алимов адибимиз Шуҳрат қаламига мансуб роман ва қиссалар, шеърлардан иборат китобларнинг бир нечтасини музей фонди учун тақдим қилди.

Гулноза ҲАМИТОВА,

Қуролли Кучлар давлат музейи илмий ходими

Информеры