2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БОЗОРБОЙ БОБО ҲИКОЯЛАРИ

Яқинда бир гуруҳ фахрийлар қаторида уруш қатнашчиси Бозорбой бобо Ўролов ҳам Ғаллаорол туманидаги 27-умумтаълим мактаби ўқувчи ёшларининг азиз меҳмони бўлди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси йиғилганларга ўзининг жанг хотираларидан сўзлаб бераркан,  ёшларни она Ватанни севишга, қийинчиликларни мардона енгишга, жасур ва қўрқмас бўлишга даъват этди.

– 1943 йилнинг кеч кузи худди кечагидек кўз ўнгимда, – деб ҳикоя қилади Бозорбой бобо. – Дон дарёси бўйлаб Житомиргача ёйилган Украина ерларини немис-фашист газандаларидан озод қилиш барча жангчиларнинг диққат-эътиборида турарди. Аччиқ совуқ юз-баданни чимчилар, бирпас исиниб олишнинг имкони йўқ эди. Ҳатто бир неча суткалаб уйқусизлик ҳам жангчиларимиз иродасини бука олмасди.

Кейинги икки-уч сутка ичида жангчиларимизнинг кетма-кет ҳужуми душманнинг роса тинкасини қуритди. Кутилмаганда «тигр»ларнинг ҳужумга тайёрлана бошлаганлиги маълум бўлди. Ана шу пайтда оддий аскар Бозорбой Ўролов командирдан жанговар топшириқ олди. У 1-Украина фронти жойлашган нуқтанинг жануб томонидан уч чақирим чамаси олдинга бориши, душман танклари келиши мумкин бўлган йўлни аниқлаб қайтиши керак эди. Бозорбой граната, ёнилғи солинган шиша ҳамда автомат олиб йўлга тушди. У тайинланган пунктга етар-етмас отишма бошланиб кетди. Олдинга силжишнинг имкони йўқ. Бозорбой эс-ҳушини йиғиб олди-да, ётган жойида окоп қазишга киришди. Пулемётларнинг тариллаши ғашига тегарди.

Тонг отиши билан тизма тепаликлар орқасидаги отишма бироз тингандай бўлди. Лекин шу орада тепалик ортида баҳайбат танк пайдо бўлди. У тўппа-тўғри Бозорбой ётган окоп томон келарди. Окопдан чиқишнинг имкони йўқ. У эс-ҳушини бир зумда йиғиб олди. Танк устида ўтирган гитлерчи уни пайқади шекилли, ҳовлиқиб бир-икки ўқ узди. Танк эса ўрмалаб келиб, окоп устидан ўтиб кетди. Гитлерчилар окопдаги аскар мажақланди, деб ўйлаб бамайлихотир эдилар. Лекин шу тобда устма-уст портлаш юз берди. Танк аланга ичида қолди.

Бозорбой вақтни бой бермасдан яқин орадаги бутазорга етиб олишга шошилди. Душман пулемётининг тариллашидан унинг қулоқлари битиб қолганди. Бутазордан чиққач, дарё лабига тушди-да, ўзини сувга отди. Ниҳоят жасур жангчи дарёнинг нариги қирғоғига ўтишга муваффақ бўлди.

Оддий жангчи бундан кейинги Москва остоналарида бўлган жангларда ҳам фаол иштирок этиб, матонат кўрсатди. Айниқса, Виборг шаҳарчасини озод қилиш осон бўлмади. Қор тиззадан ошади. Аччиқ совуқ ва изғирин жангчиларга кор қилмайди. Ана шундай оғир бир шароитда фашист газандалари шаҳарчадан ўн олти чақирим чамаси узоққа чекинишга мажбур бўлди. Ушбу жангда Бозорбойнинг қўл ва оёқларига осколка тегиб, оғир жароҳатланди. У госпиталда даволангач, яна урушга кирди.

Мард ва жасур жангчи Бозорбой бобо тинч қурилиш йилларида Ғаллаорол тумани эли мўл-кўлчилигига ҳисса қўшишда самарали меҳнат қилди. Шарофат ая билан бирга саккиз нафар ўғил-қизни тарбиялаб, вояга етказди. Уларнинг ўттиз нафар невара ва ўн беш чевараси бор.

Айни вақтда отахон Ғаллаорол тумани Маданият қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли «Маданият» қишлоғида кексалик гаштини суряпти. Учрашув сўнгида уруш фахрийси ўқув даргоҳи ёшлари етакчиси Лазокат Раббимқулова, ўқувчилардан Беҳзод Тошбеков ва Мухлиса Ҳамроеванинг саволларига бажонидил жавоб берди.

Мансур ТУРОНОВ,

ўқитувчи

 

Информеры