2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

УМР ЎТГАН КУНЛАР ЭМАС, ЭСДА ҚОЛГАН КУНЛАРДИР

«Олий таълим аълочиси», халқаро «Олтин мерос» хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси, шоир Амирқул Карим билан суҳбат

 

– Бир ҳамкасбим «Ватанпарвар» газетасида иш бошлаган кезлар «Мен бу ерда Ватан катта ҳарф билан ёзилишини ўргандим», деган эди. Ҳамманинг ҳам Ватанни ана шундай англаш, ўрганиш палласи бўлади. Сизда бу ҳолат қандай кечган?

– Ватанни англаш ўзликни англаш билан баробар кечади. Ҳамкасбимизнинг бу гапини «у орфографик хатони назарда тутяпти», деган маънода тушунадиганлар кам эмас. Қанийди бир «В» ҳарфини катта ёзиш билан барчани Ватан туйғусини англашга ўргатиб бўлса. Отасини, онасини, яқинларини, умуман, одамларни севмаган, силаи раҳми йўқ кимсада бу туйғу барқарор бўлмайди. Яхши кўрганда ҳам борича, қандай бўлса шундайлигича севиш – Аллоҳ кенг бағир берганлар мукофоти.

Бир машқимда болалик изларим қолган Шаҳрисабз замини соғинчини

«Дунё кезиб изладим мен қайда ўзим,

Ёдга тушди тупроқ йўлда  қолган изим»,

деган сатрларга сингдирганман. Боболаринг, момоларинг хоки туроби ётган, сени елкасида опичлаб улғайтирган шу муқаддас тупроқдан қарзимизни узиш учун уни қанча эъзозлаш, улуғлаш керак! Шу қадар севингки, ўшанда ерга ҳатто оёқ эмас, юрагингиз изи тушсин...

Мана шу тупроқда қанча ва қандай гиёҳлар ўсади, осмонида қандай қушлар учади? Уларнинг номларини билмасдан, уларни танимасдан Ватанни таниб, англаб бўлмайди. Чили шоири Пабло Неруда ўз юртидаги қушларга китоб бағишлаган. Унинг учун осмондаги қуш ҳам бегона эмас, улар «Ватан қушлари»!

Гарчи болалигим фақат Шаҳрисабзда кечган бўлса-да, улғайгач, аввал Тошкентда кейин Санкт-Петербургда, Ҳиндистонда ўқидим. Исроил, Япония, АҚШ, Бельгия, Туркия, Вьетнам, Англия, Германия, шунингдек, Марказий Осиё давлатларига хизмат юзасидан сафар қилдим. Неча дарё, денгиз ва уммонлар қошида ҳайрат билан боқдим. Аммо шокила тўлқинлар менга мудом она тупроғим саҳросидаги тойчоқ ёлини эслатди. Доим уйга қайтгим келди.Мен Ватаннинг, халқимнинг бўлаги эканимни англадим, ўзим яхши кўрган халқдан, юртимдан айро яшолмаслигимни, ҳис этдим. Қайси ўзга юртга бормай уч кунда Ватанга қайтгим келиб қолаверади.

Ватанни севиш деганда маълум ҳудудгагина меҳрни тушунмайман. Аввал туғилган, киндик қонинг томган замин, кейин туманинг, вилоятинг, мамлакатинг, она сайёра, галактика... Миқёслар кенгайиб кетаверади. Ўз қутлуғ масканингни севмасанг, бошқасига муҳаббат ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Оламни севиш учун аввал юртингни, одамни севиш учун эса яқинларингни севмоғинг керак, менимча.

– Файласуф олимлардан бирининг фикрича «миллийлик – ўз халқи руҳиятини севишдан иборат» экан. Халқ, миллат руҳияти қандай, нималарда акс этади?

– Файласуф олимнинг фикрига қўшиламан. Аммо бу масаланинг бир томони холос. Ўз халқинг руҳиятини севишинг мумкин. Аммо ўша миллат маданиятининг ташувчисига айланмасанг, барча иплар узилиб, жараёнлар тўхтаб қолади. Мен гоҳида турли танловларда ҳакам сифатида қатнашиб қоламан. Чет элга ўқишга жўнаётган навқирон бир ҳамюртимизга «Мана чет элга бордингиз. Сиздан «Кимсан, қайси юрт фарзандисан?» деб сўрашса, қисқача нима деб, жавоб берган бўлардингиз?» деб сўрайман. Кўпинча «Ўзбекистон байроғини кўтараман», деган сийқаси чиққан жавоб эшитилади.

Биродар, сенга у ерда байроқ кўтартириб ўтиришмайди. Агар сен «Мен Ўзбекистон деган юртданман. Имом Бухорий, ат-Термизий, Марғинонийдек муҳаддислар, Мирзо Улуғбекдек мингдан зиёд юлдузларнинг ҳаракат траекториясини оддий асбоблар билан юқори аниқликда ўлчай олган, Ироқу Хоразмда Маъмун академиялари барпо этган, алгоритмларни кашф этган ал-Хоразмий, қомусий олим Беруний, тиббиёт отаси ибн Сино, ижоди жаҳон адабий меросини безаган Лутфий, Навоий, Бобур юртиданман. Буюк жаҳонгир Амир Темур Кўрагон набирасиман. Биринчи телевидение яратилган Ўзбекистонданман», демас экансан, сен ҳали ўзингни, ўзбеклигингни англаганинг йўқ.

– Бугун айрим кишилар учун хориж бир қадам. Дунё кўрганлар суҳбатини эшитсангиз, оғзиларидан бол томиб, хориж маданиятини, мурувватини, меҳру оқибатини гапирадилар. Айниқса, Япония ҳақида бир-биридан қизиқарли гапларни эшитасиз. Биз-чи?! Ўзбек миллати-чи?! Бизда ўзига хослик, фақат ўзбекларгагина хос инсонийлик йўқми?

– Ҳали айтганимдек, кўп хорижий давлатларда бўлдим. Ўзгалардан ўрганишнинг ёмон томони йўқ. Комиллик унга интилишдан бошланади, ахир. Тўғри, хорижда бўлсанг барча жиҳатларни муқояса қила бошлайсан. Ўзим ҳам кўп бор шундай қилганман. Аммо меҳнаткашликда, бунёдкорликда, интилишда бизнинг халқимиз беназир. Унга меҳнатига яраша ҳақ тўласанг, у рўзғори, бурчим деб билган тўй-маъракадан орттирганини яратишга сарфлайди. Гул экади, боғ қилади, йўл асфальтлайди, уй қуради. Дунёда меҳнатни ёқтирмайдиганлар, фоиз ҳисобига ялло қилиб юрганлар қанча!?

Азалдан бизда бойлар саховатли бўлган. Ўз томини қўшниникидан баландроқ қилишга истиҳола қилишган. Маърифат тарқатишга интилган. Биргина мисол. Тошкентдаги Олий Мажлис биноси ёнида, «Халқлар дўстлиги» санъат саройи орқасида Абулқосим мадрасаси бор. Тошкентда азалдан мавжуд кўплаб мадрасалардан бири бўлган бу илм масканини Абулқосим эшон ўз маблағи эвазига барпо этган. 50 нафарга яқин толиби илм бу ерда бепул ўқитган. Уларга нафақа-стипендия тайинлаган. Диний ва дунёвий фанлардан таълим берган. Янги имкониятлардан фойдаланиб пул топиб, бирдан данғиллама уй, машина олиб, ҳамма билиб қўйсин учун катта ош дамлаётганлар маърифат йўлидаги боболар ибратидан намуна олса, нур устига аъло нур бўларди.

2000 йилда Японияга сафар қилгандим. Сафар пайтида Япония Ташқи ишлар вазирлиги, Япония – Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси, ўзбекистонлик талабалар ўқийдиган таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашдим. Улар менга Японияда ўқиётган болаларимизнинг интилиши ва тиришқоқлигига ҳавас қилишларини айтишди. Маълум бўлишича, японлар жамоада кучли, аммо алоҳида ҳолда жуда ожиз бўлиб қоларкан. Ғарбда тараққиётда барча нарсани алоҳида иқтидор эгалари, шахслар ҳал этиб, ривожланишни таъминлаётган бир пайтда тарбия жамоавийликка асосланган Япония ўз таълим тизимини ўзгартиришга эҳтиёж сезаётган экан.

– Барча халқларда ҳам ватанпарварлик тарбияси муҳим саналади. Бизда ҳам эътибор катта. Айниқса, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш деган сўзларни кўп ишлатяпмиз. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега ҳарбий-ватанпарварлик? Ватанпарварлик ҳам тармоқларга бўлинадими?

– Инсоният тарихи яхшироқ яшаш учун курашлардан иборат. Фаровон юртларга кўз олайтирадиганлар кўп бўлган. Шу боис мудом мамлакат мудофааси, миллат хавфсизлиги долзарб бўлиб келган. Ватан ҳимоячилари жонларини тикиб, юртни душмандан ҳимоя қилишган. Шу боис улар эл ҳурматига сазовор бўлиб, улар ҳақида достонлар, афсоналар яралган. Ўзбек халқининг юзлаб қаҳрамонлик, самимий инсоний муҳаббат ҳақидаги достонлари бор. «Алпомиш», «Гўрўғли», Кунтуғмиш», «Ҳасанхон», «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам» каби. Уларда Ватанга меҳр, ёрга садоқат, мардлик ва жасорат улуғланади. Халқ уларни ўз орасидан мардлар улғайиши учун, қўрқоқлар ва сотқинлар етишмаслиги учун яратган.

Асл Ватанпарвар ўзини кўз-кўз қилмайди. Унга бунинг кераги йўқ. У керак пайтда ўзини намоён қилади. Бошқача бўлолмайди. У «ёв қочганда кўпаядиган ботир»лардан эмас. Миллат шаъни учун ўлимни шараф деб билади. Давлат ва ҳудуд мудофаасига ҳарбийлар масъул бўлганидан, улар тарбияси хос ёндашувни талаб этганидан «ҳарбий-ватанпарварлик» деган тушунча пайдо бўлган, эҳтимол. Сўзлашувда тушунча хусусийлигини ошириш, белгилаш учун семантик маъно бўёғи талаб этилади. Ватанпарварлик тушунчаси ҳам бундан мустасно эмас. «Ҳарбий-ватанпарварлик» деганда одатда фуқаролардан фарқли ўлароқ мудофаага масъул ва дахлдор кишилар, чақирув ёшидаги шахслар ҳаракатлари англашилади.

– Сиз ҳам аскарлик хизматида бўлганмисиз? Бугун ўша даврларни қандай эслайсиз?

– Мен дастлаб журналистика факультетида ўқиганимда Ўзбекистон Миллий университети ҳарбий кафедрасида «Мотоўқчилар взвод командири» ихтисослиги бўйича таҳсил олдим. Тўртинчи курсни тугатгач, ҳарбий йиғинга борсам, лейтенант унвонига эга бўлардим. Аммо 4-курсни тугатиб, Ленинград, ҳозирги Санкт-Петербург университетида ўқишни давом эттиришим зарур бўлди. У ерда ҳарбий кафедрада артиллериячилар тайёрлашаркан. Ҳарбий йиғинга артиллериячи сифатида боришим мумкин эмасди. Ўшанда мендан мактабда ва Тошкент университетида қайси тилни ўрганганимни сўрашди. Мен мактабда немис тилини, университетда форс тилини ўқиганимни айтдим. «Унда Сиз университетнинг Шарқ тиллари факультети талабалари билан бирга ҳарбий кафедрада таҳсил олинг. У ерда ҳарбий таржимонлар, махсус ҳарбий тарғиботчилар тайёрлашади», дейишди.

Ленинград университетидаги Шарқ тиллари факультетига борганимда билимларимни синаб кўришди. Бўлажак ҳамкурсларим 4 йил ўрганган даражада немис тилини билолмасдим. Шу боис форс тилини билганим фойда берди. Аммо бу ерда форс тили эмас, дари тилида дарс бериларкан. Дари тилини «форсийи Кобулий» дейишади. Бу тиллар яқин бўлгани учун мени ҳарбий кафедрага «махсус тарғиботчи, дари тили ҳарбий таржимони» мутахассислиги бўйича қабул қилишди.

Ўқишни битириш арафасида Ленинград ҳарбий округи Виборг шаҳри, Финляндия чегараларида 40 кунлик йиғинда икки университет ҳарбий кафедрасида олган билимларимизни амалий машғулотлар билан синадик. Автомат, пистолет, гранатомётдан ўқ узиш, граната улоқтириш, разведка, варақалар тайёрлаб, эҳтимол тутилган душман устига тарқатиш, махсус машиналардан душманга кучли таъсир этувчи радио тарғибот юритиш, хуллас, ихтисосга мос ҳарбий машқларни бажариб, лейтенант унвонига эга бўлдик.

Ҳарбий шароитда кечган кунлар ирода ва матонат синови, жисмоний такомил жараёнлари бўлди. Мана шу ҳозир ширин хотирага айланган, аслида оғир кунларда инсоний муносабатлар, дўстлик тобланди. Ҳозиргача бирга ўқиган, ҳарбий машқларда бирга бўлган, турфа мамлакатларда яшаётган дўстлар билан самимий биродарлик алоқаларимиз бор. Умр ўтган кунлар эмас, эсда қолган кунлардир, дейди бир донишманд. Ўша кунлар эсда қоладиган, умр деб атагулик кунлардан эди.

Инобат ЗАКАРИЁЕВА

суҳбатлашди.

 

Информеры