2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ФАТХУЛЛА МАЪСУДОВ: «ГЕНЕРАЛ МЕНГА ТАЪТИЛ БЕРГАН!»

Қабулхонада кўп кутмадик. Душанба, вақт тиғизлигига қарамай, бизни илиқ кутиб олган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек миллий академик драма театри директори Фатхулла Маъсудов билан суҳбатимиз олис йилларда кечган армия хотиралари, саҳнада яратган тарихий образлари, офицерлар талқинидаги роллари ҳақида борди.

– Санъат институтини тугатган йилим, армияга чақирув қоғози келиб турибди, денг, – дея сўз бошлади Фатхулла ака. – У пайтда армияга йигитлар ҳозиргидек ошиқиб кетмасди. Боришдан ҳам, қайтишни ўйлаб қайғуришарди. Чунки қўшни Афғонистон давлатида уруш бошланган, аксарият аскарлар ана шу ерга юбориларди. Ўшанда дадам билан қилган суҳбатимиз сира ёдимдан чиқмайди.

– Дада, Афғонистонга тушсам нима бўлади? Ахир у ерда уруш-ку, – десам ўйланиб турдилар-да:

– Ўғлим, бу ёғи пешонадан. Қўрқма, довюрак бўл. Бирибир хизмат қилиш керак, – дедилар ва бағрига босдилар. Шунда кўзимдан ёш чиқиб кетди.

Шу даъват билан армияга кетдим. Беш кеча-кундуз йўл юрдик. Қаерга бораётганимизни билмаймиз. Поезддан тушсак, тизза баравар қор, совуқ. Тош кўчалар устидан қорни «ғарч-ғурч» босиб ҳарбий қисмга келдик. Билсам бу Украина экан. Биз хизмат қиладиган жой айнан Афғонистонга аскар етказиб берадиган, кучли тайёргарликка эга қисм экан. Олти ой ўқув-машғулотлардан кейин сержант унвонини беришди. Мен командир ёрдамчиси эдим ва ҳарбий машина бошқарардим. Бироқ бизни урушга олиб кетишмади.

Хизмат туфайли Украина нақадар бепоён ўлка эканлигини кўрдим. Одамлари ҳам жуда яхши. Айниқса, аскарни яхши кўради. Чунки уруш кўрган халқ. Машғулотлар давомида қишлоқлардан ҳам ўтиб турардик. Сафда борарканмиз, командирларимиз қишлоқдан иложи борича югуртириб олиб ўтиб кетишарди. Шунда ҳам одамлар уйларидан қўлига нима илинса, нонми, пишлоқми, мевами олиб чиқиб тутқазишар, «куше солдат, дорогой мой» деб алқаб қолишарди... Чамамда, аскарлар уларнинг урушда бедарак кетган ёхуд ҳалок бўлган фарзандларини ёдга соларди.

Қиш шу қадар совуқ бўлардики, окоп­ларда оёқларимиз музлаб қоларди. Кийимлар оғир, этикнинг ўзи икки килодан ошиқ, лекин машғулотлар кишини чиниқтираркан. Бора-бора совуқ таъсир қилмай, шароитларга мослашиб қолдик. Хизмат давомида яхши натижаларга эришган, топшириқларни аъло даражада бажарган аскарларга уйга таътил берарди. Бу юзтадан биттага насиб этарди ёки йўқ. Мен мерган эдим, яхши югурардим. Бироқ бу имтиёз менга кутилмаганда насиб этди. Бир куни ҳарбий қисмда полк командири келгани ҳақида эшитиб қолдик. Бизнинг рота тозалаш ишлари билан банд эди. Кимдир пол ювган, супурган. Аскарларни назорат қилиб юрардим. Шу пайт генерал тўғри бизнинг рота томон кела бошлади. Низомда кўрсатилгандек олдига чиқиб, мурожаат қилдим.

– Ўртоқ генерал, бизнинг бўлим ўз жойида, тозалаш ишлари билан банд. Сизга хабар берувчи сержант Маъсудов, – дедим. Генерал бошимдан оёғимгача бир қур назардан ўтказди-да, яхши деб, бошқа роталар томон кетди. Кетар чоғи яна бизнинг ёнимизга келиб, «Сержант Маъсудов сафдан чиқинг», деб қолди. Чиқдим. «Сержант Маъсудовга хизматни аъло даражада ўтаётгани учун 10 кунга уйга таътил берилсин!» деб чиқиб кетди. Қаранг, бу ҳам худонинг инояти-да. Шунча аскарлар ичида кийим-бошим, ўзимни тутишим билан эътиборга тушиб, уйдагиларни ҳайрон қолдириб, таътилга келиб кетганман.

Энди бугунги армияда йигитлар эмин-эркин хизмат қилишмоқда. Бошқа юртга бориб, касал бўлиб, уйдагиларини соғиниб, ичикиб юрмайди. Улар нима учун, ким учун хизмат қилаётганини, ортида Ватани, кутиб турган ота-онаси борлигини, шу халқ, шу ерлар муҳофазасида, мудофаасида масъул эканлигини билади. Буни хизмат сафарлари сабаб, ҳарбий қисмларда ўтадиган суҳбатларда кўрамиз, ҳис қиламиз.

Ҳозир гоҳида кўзга хунук ҳолатлар ҳам тушиб қолади. Яъни кўча-кўйда йигитдек юролмайдиган, ҳамма нарсага кулиб, ўзини тутолмайдиган укаларимизни кўрсам, хафа бўлиб кетаман. Тўғри, улар ҳали ёш, қийинчилик кўрмай, тинчлик замонида ўйнаб-кулиб вояга етишяпти. Лекин йигит дегани ҳаммаси ҳам эркак бўлавермас экан-да. Бундай тайинсиз, на илмга, на бирор ҳунарга иштиёқманд, куни телефонга тикилиб, қизлар ҳақидаги ғийбатдан бўшамайдиган укаларга Ватаннинг муҳофазасини топшириш мумкинми? Шундай пайтда хаёлимдан: «Бу болаларни армияга олиб бориш керак, уларни ҳарбий интизом бир йўлга солади», деган фикр ўтади. Чунки армия ҳаёти йигитни тоблайди, қийинчиликларга бардошли бўлишга, собитқадам бўлишга ундайди.

Газетангиз ходимларига, ўқувчиларига Оллоҳдан куч-қувват сўраб қоламан. Машаққатли ва шарафли касбларига камол тилайман. Юртимиз доимо тинч бўлсин!

Суҳбатдош

Наргиза АСАДОВА

 

Информеры