2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲИКМАТ ИЛМИНИНГ СУЛТОНИ

Раҳнамодур Хожа Аҳмад, гулистондир маърифат,

Сўзлар сўзи ҳақиқат, очар кўнгил мулкини.

Мен фикримни улуғ бобомизнинг сўзи билан бошладим. Чунки, унинг ҳар бир сўзи ҳақиқат нидоси.  Сайрамда туғилиб Яссида улғайган, Бухорода ўқиб ва яшаб, Юсуф Ҳамадонийнинг халифаси даражасига эришган, сўнгра пирликни Абдулхолиқ Ғиждувонийга топшириб, Яссига қайтган ва кейинчалик яссавийлик тариқати билан бутун Мовароуннаҳр, Хуросон, Қафқаз, Эрон, Онадўли, татарлар ва бошқирдлар яшайдиган минтақаларга танилган улуғ бобомиз Аҳмад Яссавийни ҳақли равишда маънавиятимиз донишманди, ҳикмат илмининг султони, авлиёлар отаси деймиз. Муқаддас Рамазон ойида ул зотни эсламаслик мумкин эмас.

Инсондаги дил поклиги, билим, одоб, ҳаё, ақл-идрок унинг амалдаги хатти-ҳаракати билан уйғунлашган тақдирдагина маънавият мезони пайдо бўлади. Ана шундай мезонга муносиб инсонгина маънавиятдан дарс беришга ҳақли. Ҳатто халқаро ҳаёт қонуниятлари ва талабларига ҳам ана шу мезондан келиб чиқиб, ёндашиш зарур.

Жумладан, оддий ҳаётда одам ноҳақликка ёки зулм-зўравонликка йўлиқди, дейлик. Маънавият тилида у ғариб инсон. Халқаро ҳаётда ҳам ғариблар кўп. Демак, мен ўз шарҳимда жаҳондаги ғарибларни ҳимоя қилганимдек, маънавият дарсларида артист ёки шоир севгини куйламасдан, олим ёки юрист ҳаммага маълум нарсани такрорламасдан одамларни тўғриликка, ҳалолликка, дил поклигига, инсоф-диёнатга, одоб-ахлоққа, раҳм-шафқатга, бағрикенгликка ва меҳрибонликка даъват этиши керак. Бунинг учун ўтган улуғларимиз бизга мерос қилиб қолдирган ҳикматларни билиш ва ўрганиш зарур.

Маънавият ва маърифат дарсларида баъзан номи улуғ олимлар-у шоирларнинг, домла-имомлар-у ҳуқуқ-тартиботчиларнинг сўзларини эшитганда, беихтиёр Аҳмад Яссавий бобомизнинг қуйидаги ҳикмати ёдга тушади:

Олимман дер, китоб ўқур, маъни уқмас,

Кўб оятни маънисини ҳаргиз билмас,

Такаббуру манманликни зарра қўймас,

Андоғ олим жоҳил турур, дўстларимо.

Ёки қуйидаги ҳикматга нима дейсиз:

Охир замон олимлари золим бўлди,

Хушомадни айтғучилар олим бўлди.

Турли манбаларда Яссавий бобомиз 120-130 йил умр кўрганлиги айтилади. Айтишларича, ул зот ернинг усти қолиб, гуноҳ ишларга ва гуноҳкорларга кўзим тушмасин деб, ертўлада ҳам яшаб кўрган. Авлиё бобомиз қаерда ва қандай ҳолатда яшамасин одамларнинг кўнглини оғритишни катта гуноҳ деб билган ва қуйидаги ҳикмати билан бизни огоҳлантирган:

Ғарибларни кўрган ерда оғритмангиз,

Ғарибларга аччиғланиб сўз қотмангиз.

Заиф кўруб, ғарибларга тош отмангиз,

Бу дунёда ғарибликдек бало бўлмас.

Авлиё бобомиз қошиқтарошлик қилиб кун кечирган. Бироқ худди ҳозиргидек ўша даврларда ҳам ҳаром луқмага берилиб расво бўлганлар кам бўлмаганини ҳикматлари кўрсатиб турибди. Яссавий бобо уларни огоҳлантириб, дейди:

Нафс йўлиға кирган киши расво бўлур,

Йўлдин озиб, толиб, тўзиб, гумроҳ бўлур.

Ётса, қўбса шайтон билан ҳамроҳ бўлур,

Нафсни тебгил, нафсни тебгил, эй бадкирдор!

Бу ҳикмат салкам минг йил олдин айтилган. Бироқ шу бугун айтилгандай очкўз ва баднафс одамларни огоҳлантириб турибди. Эҳтимол яна минг йил ўтар. Бугунги баднафслар ўтиб кетганидан кейин ҳам бу ҳикмат келажак авлод учун огоҳлик бонги бўлиб қолаверади. Аммо ҳеч қачон ва ҳеч бир даврда очкўзлик ва қинғир йўллар билан тўпланган бойлик инсонга вафо қилмаган. Буни бугунги ҳаётда ҳам кўриб турибмиз. Ўлим келганида миллионлар-у миллиардлар умрни бир дақиқа ҳам узайтира олмаслигини ҳамма билиб турибди. Яссавий бобомиз бу ҳақиқатни шундай ифодалайди:

Дунё манинг мулкум деган султонларға,

Дунё молин сонсиз йиғиб олғонларға.

Айшу ишрат бирла машғул бўлғонларға,

Ўлум келса бори вафо қилмас эрмиш.

Аммо улуғ бобомизнинг ўзи тан олиб:  «Манинг ҳикматларим нодон эшитмас, вале кўнгли қаро пандимни тутмас» дейди. Афсуски, ҳаёт ҳақиқати шундай. Ҳаром луқмага ўрганган одам панд-насиҳатни ҳақорат деб билади.

Маънавият деганда аввало дил поклиги тушунилади. Таниш ёки нотаниш бўлсин инсоннинг дилини тушуниш жуда мушкул. Ўртоқ ёки дўстсиз, бирга ишлайсиз ёки ўқийсиз, сирдош ёки маслакдошсиз, қўшни ёки ҳамкорсиз, бироқ ёнингиздаги одамнинг дилида нима борлигини билмайсиз. Буни фақат ҳасад ёки кўролмасликдан, араз ёки ғараз туфайли, бировнинг буюртмасини бажариб ёки қандайдир мақсадни кўзлаб фитна уюштирганидан сўнггина биласиз. Ҳозир ҳаётда бундай одамлар  жуда кўп учрайди.

Хўш, оила муҳитида, қариндош-уруғлар муносабатида ҳамда сиртдан қараганда «қадрдон» бўлиб кетган таниш-билишлар ўртасида бундай нохуш ҳолатлар йўқ дейсизми?! Тўлиб-тошиб ётибди. Биз телеэкранда, маънавият ва маърифат дарсларида, турли  учрашувлар ва маърузаларда бир қолипга тушиб қолган одатимизга кўра, галма-гал гоҳ қайнона ёки келинни, гоҳ эр ёки хотинни, гоҳ қўшни ёки қариндошни айблаймиз.

Шунинг учун оиладаги муҳит ва ўзаро муносабатлар масаласига ўта жиддий ёндашиш зарур. Кимни ҳимоя қилиб, кимни жазолаш ҳақида тўғри қарорга келинмаса оилалар емирилиб кетаверади. Аҳмад Яссавий  бобомизнинг қуйидаги ҳикматида айнан шу нарсага урғу берилган:

Қариндошлар ҳасратинда бўлдум хароб,

Юрак-бағрим куюб-ёниб бўлдум кабоб.

Ғарибларға раҳм айласанг, кўптур савоб,

Аё дўстлар, бу дардимға даво борми?

Яъни ҳар қандай масалада бой ёки мансабдорга дахлдор одам томонига оғмасдан ноҳақликка йўлиққан ғариб инсонга ёрдам бериш зарур, шунда савобга сазовор бўласиз, демоқчи авлиё бобомиз.

Агар бугун биз ёшларга яна бир ҳақиқатни айтмасак, миллий маънавиятимизга, ўтган улуғларимизнинг ҳикматларига ва умуман ўзлигимизга хиёнат қилган бўламиз. Динсизлар тузуми – совет даврида маъно-мазмуни ҳикматдан иборат Аҳмад Яссавий ғазалларига мусиқа басталанар, ҳофизлар уларни мунтазам равишда телеэкранда, турли тадбирлар, учрашувлар ва давраларда куйлашар эди. Шоирларимиз эса ана шу ғазалларга тақлид қилиб, тарбиявий аҳамиятга эга шеърлар ёзишарди ва улар ҳам куйланар эди. Хўш, нега биз мустақиллик йилларида озодликни ва эркинликни нотўғри тушуниб, миллий маънавиятимизга хиёнат қилиб, ғарбнинг турмуш тарзига тақлид қила бошладик?! Бугунги кундаги маънавият ва маърифат дарсларида ўлдим-куйдим деган қўшиқ ёки шеър тинглагандан кўра, архивларда чанг босиб ётган, ҳикмат улуғланган ва тарбиявий аҳамияти бор қўшиқлар ва шеърларни тинглаган ёки ёш артистлар ва шоирлар ижодини  маънавий-тарбиявий йўналиш сари рағбатлантирган маъқул эмасми?! Кошкийди, Аҳмад Яссавийнинг қуйидаги ҳикматли гаплари бизга туртки берса:

Ҳикматимни эшитгонга улуш берай,

Ҳикмат эшитиб йиғлағонни меҳмон қилай.

Андоғ ошиқ йўлда қолса қўлин олай,

Жон берарда имон элтар, дўстларимо.

Авлиё бобомиз бизга қўлини чўзаётган экан, унинг берадиган улушидан ноумид бўлмайлик. Шунда ул зотнинг руҳи шод бўлади.

Иброҳим НОРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист

Информеры