2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ПОЛИГОНДАГИ ИХТИРОЧИЛАР

Замонавий лойиҳалар ва самарадор ташаббуслар армиямиз қиёфасини янги-янги босқичларга олиб чиқади. Айниқса, ихтирочилар ҳарбий хизматчиларнинг ўзлари бўлишса...

Тошкент ҳарбий округида ҳарбий хизматчилар томонидан Қуролли Кучларимизнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ўқув ва амалий машғулотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи янги рационализаторлик ишланмалари, ихтиро ва инновацион лойиҳалар намойиш қилинди.

Чирчиқ полигонида бўлиб ўтган кўргазмада мингдан зиёд ҳарбий хизматчи жанговар тайёргарлик, жанговар таъминот, техник таъминот, ракета-артиллерия қурол-аслаҳалар, тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўз ишланмаларини тақдим қилишди.

Лойиҳаларни кузатар эканмиз, уларнинг аксарияти ҳарбий хизматчиларнинг билим ва ижодий ёндашуви асосида яратилаётганига гувоҳ бўлдик. Масалан, 5,45 мм АК 74 автомати учун ясалган ғилоф эксплуатацияси жараёнида қуролни ёмғир, чанг ва қор парчаларидан ҳимоялаб, жанговар шай ҳолда сақлашга кўмаклашса, қуёш энергияси ёрдамида ишлайдиган кўчма станция алоқачилар учун қулайликлар яратади.

Дала-ўқув майдонидан жой олган рационализаторлик ишланмалари, инновацион ғоя ва ихтиролар чуқур ўрганилиб, юқори баҳоланган ишланмалар келгусида ҳаётга татбиқ этилиши режалаштирилди.

Бобур ЭЛМУРОДОВ

 

Информеры