2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАХСУС ОПЕРАЦИЯ КУЧЛАРИ

ривожланган давлатлар мисолида

Танлаган тактикаси асосан қўрқитиш, диверсия, ҳукумат қўшинлари билан тўғридан-тўғри тўқнашувдан чекиниб, ўтиш қийин бўлган жойларда ҳаракатланишни афзал кўрадиган террористик ташкилотларга қарши курашиш учун дунё мамлакатларида махсус операциялар кучлари бўлинмаларини тузиш зарурати туғилди.

ХХI асрда содир бўлган қуролли можароларнинг таҳлили махсус операциялар кучларининг аҳамияти етарли даражада ошганини тасдиқламоқда.

АҚШ тажрибаси

АҚШ томонидан Афғонистонда ўтказилган операциянинг фаол даври бошланишида (2001 йил 7 октябрь) Покистон билан чегара ҳудудларда махсус операция кучларининг илғор бўлинмалари томонидан асосий операцион базалар ташкил этилди. Ҳарбий хизматчиларнинг бир қисми Афғонистон ҳудудида разведка-қўпорув гуруҳлари таркибида ҳаракатлана бошлади.

Унда биринчи марта Араб денгизининг шимолий қисмида жойлашган АҚШ ҳарбий денгиз кучлари (ҲДК)га қарашли «Китти Хок»авиаташувчи кема махсус операция кучларининг сузувчи операцион базаси сифатида қўлланилди.

Ушбу операцияларга «Delta» махсус тайинланган оператив отряд, рейнжерлар пиёда полки, махсус операциялар армия авиацияси полки, фуқаро маъмурияти билан ишлаш батальони, қуруқликдаги қўшинлар махсус операциялар қўмондонлигининг руҳий операциялар гуруҳи, Ҳарбий ҳаво кучлари махсус операциялар қўмондонлигининг иккита авиақаноти, ҲДК махсус операциялар қўмондонлигининг разведка-қўпорув отрядлари, жанговар ва фронт орти таъминот бўлинмалари жалб қилинган.

АҚШ махсус операция кучлари томонидан Афғонистонда ўтказилган махсус операцияларни хусусиятига қараб жанговар ва ножанговар турларга бўлиш мумкин.

Жанговар махсус операцияларга АҚШ ва иттифоқчилари томонидан Афғонистонда амалга оширилган махсус разведка, жанговар ҳаракатлар, рекогносцировка, патруллик ва ҳудуд жойларини тозалаш киради.

Бевосита жанговар ҳаракатлар рейдлар, босқинлар, «Ал-Қоида»ва Толибон ҳаракатининг қуролланган бўлинмаларни йўқ қилиш мақсадида ҳудудларни ўраб олиш ва пистирма қўйиш, раҳбарларини асирга олиш, муҳим ҳудудларни, иншоотларни ва ҳужжатларни қўлга олиш кабилардир.

Бундай махсус операцияларнинг биринчиси АҚШ махсус операция кучлари томонидан Қандаҳор шаҳри яқинида 2001 йил 21 октябрь кечаси дала аэродромини ва Толибоннинг диний раҳбари бўлмиш Мулло Умарни қўлга олиш учун амалга оширилган. Ушбу операция давомида 100 кишидан иборат рейнжерлар полки шахсий таркиби парашют ёрдамида ташланган.

Ножанговар махсус операциялар турларига руҳий, вазиятни барқарорлаштириш, ахборот операцияси ва афғон қуролланган бўлинмаларини тайёрлаш тадбирларини киритиш мумкин.

Британия тажрибаси

Британия махсус бўлинмалари Афғонистондаги ва Ироқдаги операцияларда асосан қуйидаги вазифаларни бажаришган:

– ноқонуний қуролланган тузилмаларнинг бошлиқларини қўлга олиш;

– муҳим аҳамиятга эга бўлган шахсларни гаровдан озод қилиш;

– қанотли тактик ракеталарни йўқ қилиш учун разведка ишларини олиб бориш;

– муҳим коммуникация тармоқларини қўриқлаш;

– АҚШ махсус бўлинмаларини қўллаб-қувватлаш.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш мумкинки, мураккаб ҳарбий-сиёсий вазият, экологик кризислар, халқаро терроризм ва фундаментализмнинг тобора кучайиб бориши, минтақавий можароларнинг келиб чиқиши давлатларнинг сиёсий ва ҳарбий раҳбариятини махсус операциялар кучларини тузишга мажбур қилмоқда. Қисқа ва тезкор операцияларда унча катта бўлмаган махсус гуруҳлар томонидан яшин тезлигида берилган зарбалар, ўн минглаб аскарлар билан ўтказилган йирик операцияларга қараганда катта аҳамиятга эга бўляпти.

Майор Ф. УММАТҚУЛОВ,

майор Б. БЕРДИЕВ

Қуролли Кучлар академияси тингловчилари

Информеры