2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АСИРЛИКДАН СУЛТОНЛИККАЧА БОСИБ ЎТИЛГАН ШОНЛИ ЙЎЛ

Биринчи мақола

Ушбу мақолада тарихчиларимиз назаридан четда қолиб келаётган, бироқ дунё афкор оммаси олдида, айниқса, ислом оламида ниҳоятда улкан обрўга эга бўлган, бутун инсоният учун беназир қаҳрамонликлар тимсоли саналган аждодларимиздан бири ҳақида сўз юритилади.

Музаффар Сайфиддин Қутуз ким эди?

Улуғвор эҳромлар, Тутмос III, Рамзес II, Юлий Цезарь каби афсонавий шахслар Миср тарихининг ажралмас қисмидир. Бироқ кўрсатган қаҳрамонликлари олдида Клеопатранинг фидойилиги-ю, Максимус жасорати ҳам хира тортадиган яна бир тоифа сиймоларнинг шонли тарихи борки, уларни ёритиш буюк аждодларимиз пок руҳлари олдидаги фарзандлик бурчимиздир.

Қуйида тарихий манбаларга кўра, хоразмшоҳларнинг сўнгги вакили, Жалолиддин Мангубердининг жияни, отаси Муҳаммад Хоразмшоҳнинг амакиваччаси, Мисрнинг халоскор султони Музаффар Сайфиддин Қутуз ва унинг ватандошлари томонидан Яқин Шарқда кўрсатилган қаҳрамонликлар, мамулук (мамлук), яъни асир-жангчиликдан Мисрнинг буюк султонлигигача босиб ўтган шарафли йўллари ҳақида ҳикоя қиламиз. Улар Мисрда барпо этган давлатни араб ва форс адиблари «Давлат ат-турк» деб ҳурмат билан тилга олишган.

Тарихдан маълумки, аждодларимиз, Туркистоннинг не-не улуғ жангчилари Чин, Европа, Миср каби ўлкаларда мамулук, бошқача айтганда, асир-жангчи сифатида фаолият олиб боришган. Уларнинг баҳоси жуда юқори бўлиб, куч-матонати ва шерюраклиги билан бошқалардан кескин ажралиб турган. Улар Колизей аренасида, Хитой императорларининг гвардиясида ва самурайлар яккакурашларида ишончли жангчи сифатида шуҳрат қозонган.

Ўз вақтида араб тарихчилари бир жиҳатга аҳамият бериб шундай битган эдилар: «Аллоҳ Таоло ҳар бир халқ, ҳар бир бўғин, ҳар бир авлод, ҳар бир қабилани маълум бир ишда ўз имкониятларидан келиб чиққани ҳолда етукликка эришувчи қилиб тақсимлаган: хитойликлар ҳунарда, греклар фалсафа ва адабиётда, араблар ҳуснихат ва диншуносликда, Сосонийлар давлат тузилмаларида, туркийлар жангда».

Улкан Хоразм салтанатини Чингизхон қўшини ҳалокатга учратгач, шаҳзода Жалолиддин Мангуберди отасининг ўрнига умрининг охирига қадар босқинчиларга қарши мардона курашди. Икки марта мўғул қўшинини тор-мор қилишга эришган Хоразм лашкари Синд дарёси ёнида Чингизхондан енгилди. 1231 йилда Жалолиддин Мангубердига Кавказ­орти тоғларида суиқасд уюштирилди. Султонсиз пароканда туркистонлик жангчилар Чингиз қўшинидан чекиниб, Мисрга қадар кетишга мажбур бўлдилар. Улар эҳромлар юртига турли йўллар билан келиб қолган элдошлари билан тезда бирикиб, катта ва енгилмас кучга айланишди!

Хоразмшоҳ жангчилари Мисрга келганида бу ернинг султонлари ва қўшин таркиби араблардан иборат эмас эди. Мовароуннаҳрликлардан ташқари улар орасида Дашти Қипчоқда кўчиб юрган қипчоқ, ўғуз ва бошқа қабилаларга мансуб аскарлар асосий мавқени эгалларди.

Миср султони Туроншоҳ даврига келиб (XIII аср), икки буюк саркарда – хоразмшоҳий Музаффар Сайфиддин Қутуз ва қипчоқлар сардори аз-Захира Бийбарс Бундуқтарий ат-Туркий тарих саҳнасига чиқди. Қутуз чингизийларга асирга тушиб, Мисрга асир-жангчи сифатида, Бийбарс эса 16 ёшида асирга олиниб, Миср бозорида катта пулга сотилгани туфайли Яқин Шарққа келиб қолган эдилар. Султон Туроншоҳ аждодлари юртидан келган бу икки жангчининг аслзодалардан эканлигини, тақдир синовлари уларда катта матонат, енгилмас руҳни шакллантирганлигини бир қарашдаёқ сезди. Мамулукларнинг қай даражада кучли эканлигини амалда билиш учун икки барзанги ҳабашни улар билан жангга туширди (гладиаторлар кураши). Қутуз ва Бийбарс Қашқа воҳаси ва Урганч ёшулли курашчиларининг жанг усулларидан яхши хабардор эди. Бу усуллар билан катта-кичик, ориқ-семиз рақибларни фарқламай енгиш, ҳаракат мушакларини ишдан чиқариш мумкин бўларди. Икки барзанги ҳалол усули билан елка узра ерга келиб урилгач, ҳаракатдан тўхтади. Султон яна икки қулни жангга буюрди. Уларнинг тақдири олдинги шериклариники каби бўлди. Ярим соатга етмай, кураш майдонида саккизта қул чўзилиб ётар эди...

Туроншоҳ икки енгилмас жангчини секин-аста Миср қўшини қўмондонлари даражасигача кўтарди. Қутуз ва Бийбарс бошқариб турган асов ва ёвқур туркистонликлардан таркиб топган Миср қўшини атрофга даҳшат солиб турар эди. Улардан айниқса, европалик ва араб насронийлари жуда қўрқишар эди, шу сабабли улар келгиндиларни йўқ қилишга киришишди. Фаластинда ҳукмронлик қилаётган французлар курд ва Сурия араблари билан бирлашиб, мамулукларга қарши салб юришини бошлади. Тўқнашув Ғазо сектори яқинида 1244 йил 12 ноябрда содир бўлди. Миср номидан майдонга чиқса-да, Чингиз қўшини билан курашавериб тобланган ва букилмас иродага эга бўлган Туркистон қўшини тарсолар қўшма лашкарини ортиқча қийинчиликсиз енгиб, Қуддусни ҳам эгаллашди. 16 мингга яқин аскарини йўқотган салбчилар Қуддусни қайтариб олишни орзу ҳам қилмай қўйишди.

Орадан олти йил ўтгач, фаранглар қироли Людовик IX навбатдаги салб юришини уюштирди. Бироқ бу уриниш улар учун навбатдаги фалокатга сабаб бўлди. Туркистонликлар калондимоғ фаранг рицарларининг яна додини бериб, тумтарақай тўзғитиб юборишди.

Улкан хавф, сўнгги нажот

1258 йили Чингизхоннинг невараси Ҳулакухонга тегишли, «енгилмас» номини олган машҳур нўён (амир) Кетбуға-найман бошқараётган қўшин Бағдодни қўлга киритди. Халифа қатл этилиб, Дамашқ ва Ҳалаб енгилди. Мусулмон оламининг, маданиятининг буткул йўқ бўлиб кетиш хавфи пайдо бўлди. Навбат исломнинг сўнгги нажоти Мисрга келди. Шунда тақдирнинг ўзи Хоразмнинг азамат ўғлони Музаффар Сайфиддин Қутузни тарих саҳнасига олиб чиқди.

1259 йили Миср тахтини Қутуз эгаллади. Мисрнинг энг улуғ Хеопс пирамидаси узра хоразмшоҳларнинг байроғи ва дала ўтови қад ростлади. Фазлуллoҳ Рашидиддиннинг тарих қомуси «Жомеъ ат-таворих» асарида келтирилишича: «Қутуз ҳукмронлигининг дастлабки кунлариданоқ оддий халқ манфаатини кўзлаб қатор ислоҳотлар ўтказди, адолати ва меҳр-муруввати билан фуқаролари қалбининг тўридан жой олди. Қўшинининг асосий қисми султон Жалолиддиннинг Охлат жангида енгилган аскарларидан таркиб топган эди. Уларнинг лашкарбошилари ва беклари Баракатхон, малик Ихтиёриддинхон... малик Сайфиддин Содиқ Мунгбуға, Носириддин Келчухон ибн Бек Арслон, Атласхон ва Носириддин Муҳаммад Қимрий эди».

Тарихчининг маълумотларига қўшимча қилиб, Қутузнинг диний бағрикенглик йўлини тутганлигини, қўшинда ҳарбий интизомни кучайтириб, порохни кенг қўллаш стратегиясини ишлаб чиққанлигини, туркий тил қўшин ва салтанатда бўлгани каби давлат маъмурий тили мақомига кўтарилганлигини қайд қилиб ўтиш жоиз.

Фиръавнлар авлодлари ҳокимиятга интилишдан кўра туркистонлик султон ва жангчиларга хизматкор бўлишни маъқул топишди. Араб тарихчилари Ал-Мақризий ва ибн Иййас маълумотларига ишонадиган бўлсак, хоразмшоҳ-ануштегинлар сўнгги вакилининг тахтга келишини юртдошлари билан бирга маҳаллий эллар ҳам қўллаб-қувватлашди. Чунки барчанинг тушунчасида Қутуз подшо авлоди бўлганлиги учун ҳокимият бошқарувига айнан у лойиқ эди.

Бироқ юқорида келтирганимиздек, мўғуллар лашкари Миср остонасида эшик қоқаётган эди. 1260 йилнинг ёзида Кетбуға Мисрга ҳужум қилиш учун 20 минглик суворий билан Сурияда муқим жойлашди. Кетбуға ўзини жуда хотиржам сезарди, чунки ҳудудининг шарқ томонини Синай чўли қўриқлар, ғарб томонда эса шериклик битимини тузган диндошлари насроний рицарлар черковлари томидаги улкан хочлар кўриниб турар эди. Кавказ томондан унга ёрдамга отланган салбчилар лашкари яқинлашиб қолганди. Форс, Ироқ ва Сурияни босиб олган, одамкуш исмоилийлар тариқатини йўқ қилган жасур, лекин содда Кетбуға-найман чўлни билгани билан рицарларни яхши билмас эди.

Қутуз миссиясининг улуғлигига тенг келадиган масъулиятли юк Яқин Шарқда, балки минг йилликда-да, ҳеч бир зот гарданига тушмаган. Унинг биргина мағлубияти ислом дини ва оламининг тақдирига нуқта қўйиши мумкин эди.

 

Эркин МУСУРМАНОВ,

СамДУ доценти

Информеры