2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҒАЛАБАНИНГ ФИЛЬМЛАРДА АКС ЭТМАГАН ҚИЁФАСИ

Қачонлардир совет социалистик республикалар иттифоқи (СССР) таркибидаги турли миллатлар бир-биримизни оға-инилар деб билардик. Шундай эканлиги гўдакликдан онгимизга сингдирилар эди. Албатта, катта оғанинг мавқеи, имтиёзу имкониятлари бошқаларникидан ҳар жиҳатдан устунлиги аён кўриниб билиниб турса-да, аҳиллигу тотувлигимиз ҳақида жар солишдан чарчамаганмиз. СССРнинг парчаланиб, мустақил давлатларга айланиши миллатларнинг оға-инилиги ҳам аслида жуда мўрт бўлганлигини кўрсатди. Бу, айниқса, миграция жараёнларида очиқ-ошкора билинди.

…Зафар институтни битирган. Оиласини боқишга муносиб иш тополмагач, айрим тенгдошлари қатори Россия Федерациясига иш излаб кетди. У шундай ҳикоя қилади:

«Нижний Новгород шаҳридаги фирмалардан бирида ишлайман. Ишимиз анчагина оғир. Маҳаллий аҳоли орасида бунақа ишларда ишлайдиган талабгор деярли йўқ. Мендан уч-тўрт ёш каттароқ йигит назоратчимиз. Оддий одам эмас, «валинеъмат»да. «Чёрний» эканлигимизни такрорлашдан чарчамайди. Мен аслида анчагина вазмин одамман, бунақаларнинг сайрашига парво қилмайман. Бироқ… ҳаддидан ошди. Қилаётган ишимни қўйдим-да, олдига бордим. Бунақа ҳаракатни кутмаган экан, важоҳатимни кўриб, сесканди, кўзларида қўрқув кўриб, дадиллашдим. Атрофимизни одамлар ўраб олди. Ёқасидан тутиб, бир-икки силкитдим, ранги оқариб кетди. Қўлимни қўйвормай бақирдим: «Текин бер­япсанми?! Кимни боқяпсан?! Мени боқяпсанми?! Оёғинг остидаги ер менга икки жон қарз эканлигини биласанми?! Бу тупроқда икки бобомнинг қони тўкилган, йигирмага ҳам кирмай, ўзларидан тирноқ қолдирмай ҳалок бўлган. Ўша икки аскар туфайли менинг ҳам бу юртда ҳаққим бор!» Шу пайт кимдир келиб қўлимдан тутди. Ҳамма жим бўлиб қолди. Катта бошлиқ экан. «Ўзингни бос, ишингга бор», деди хотиржамлик билан. Овозидаги хотиржамлик ҳовуримни туширди. Назоратчи билан иккиси ичкарига кириб кетди. Орадан пича фурсат ўтиб, ишлаётган жойимга «валинеъмат»имиз шумшайиб қадам ранжида қилса денг. Яна тўхтаган жойимиздан давом эттирамиз шекилли деб, қаддимни кўтардим. Қўлларимни мушт қилиб, кутиб турсам, кутилмаган ҳолат, кечирим сўраб қўл узатди: «Узр, биродар, қизишиб кетибман…» Олдимга катта бошлиқнинг қутқуси билан келгани аниқ. Шундан кейин «валинеъмат»имиз яхши бўлиб қолмади-ю, бироқ биз билан ўйлаб муомала қиладиган бўлди».

Зафарнинг икки бобоси… улар ким эди? Бири момоси Мамлакатпошшонинг акаси эди, яккабоғлик, муаллимликка ўқиётган жойидан фронтга кетган. Иккинчиси бобоси Эргаш полвоннинг акаси эди, шаҳрисабзлик, уни урушга олиб кетганларида ўн еттига ҳам тўлмаган эди, деб хотирлардилар. Ҳар иккиси ҳам 1942 йилда ҳалок бўлган.

2003 йил 9 май арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси қибрайлик Ғулом ота Каримов билан суҳбатлашган эканман. Газета архивини кўздан кечираётганимда улар ҳақидаги мақола чиқиб қолди. Шу бир парча мақола кўп нарсаларни ёдимга солди. Ота уруш хотираларини жуда узоқ гапирган эди. Бу хотира унинг уруш майдонларида қолган ёшлиги эди! Ҳаммаси бўлиб ўн ой урушда бўлди, шунинг олти ойи госпиталларда ўтди. Ва қўлтиқтаёқда қайтди. Энг муҳими, қайтиш насиб этди. Мақоладан олиб ташланган, ўша пайтларда ёзиш мушкул бўлган шундай хотираси бор эди: «…Янги аскарлар келибди. Улардан саралаб олиб келиш менинг чекимга тушди. Алпкелбатли ўзбек йигитлар экан. Хурсанд бўлиб, қисмимизга олиб келдим. Бизни кўриб, катта офицерлардан бири истеҳзо билан гап қотди:

– Фашистларнинг ўқига нишон олиб келибсан-да?

– Буни вақт кўрсатади, – дедим. Орим келди. Сенларга ўзбекнинг кимлигини кўрсатаман, деб аҳд қилдим. Ҳаммаси қорувли йигитлар эди. Оғирликдан чўчимайдиган, меҳнаткаш, жасур йигитлар билан ўзимизни кўрсатадиган фурсат узоқ куттиргани йўқ. Олдинги сафларда туриб, ёвга шердек ташландилар. Муваффақиятли тугаган жангдан сўнг офицерлар билан буни нишонладик. Менга сўз берилди:

– Бугунги жанг ғолиблари яқингинада сафимизга келиб қўшилган, «фашистлар ўқига нишон» деб башорат қилинган… Сўзимни тугатишга қўймай «башоратчи» офицер ёнимга келиб, ҳамманинг олдида узр сўради ва жасур ўзбек жангчиларини шарафлаб, ўзи сўзимни давом эттирди».

Урушнинг энг оғир юкини елкалаган улкан халқ вакилларига бундай нописандлик янгилик эмас эди. Бу нописандликнинг илдизи совет ҳокимияти ўрнатилган дастлабки йилларга бориб тақалади. Қулоқлар, «басмач»лар (миллий озодлик ҳаракати қатнашчилари) ва уларнинг ўзлари каби ҳақсиз (сайлов ҳуқуқига эга бўлмаган) фарзандларидан тузилган меҳнат лашкарлари бора-бора қурилиш батальонлари деган советча мукаммал кўриниш олганини ҳамма ҳам билавермаса керак.

Ўйлаб кўрсам, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига бўлган бизнинг муносабатимиз ҳам унчалик мақтанарли эмас экан. Жанговар орден-медалларини кўрсатмаслик… Расмлардан уларни олиб ташлаш… Улар шунчаки берилган эмас эди, бунинг учун алоҳида жасорат, қаҳрамонлик кўрсатишган! Жанг хотираларига ҳам орден ва медалларга бўлгани каби муносабат билдирилди. Хайрият, кейинги йилларда фахрийларга бўлган муносабатларимизда туб бурилиш юз берди. Уларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.

Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 74 йил бўлди. Аммо бу урушнинг ҳақиқатлари орадан бир неча ўн йиллар ўтиб, юзага қалқиб чиқа бошлади. Уруш биз киноларда кўрганимиздан-да фожиалироқ, даҳшатли экан! Ўша муҳораба билан боғлиқ ҳужжатли фильмларнинг аксариятида, ҳатто бадиий фильмларда ҳам Европа шаҳарларига кириб борган музаффар совет қўшинларининг гуллар билан кутиб олинаётгани акс этган. Ғолиб аскарлар, бахтиёр чеҳралар… Уларнинг ортида нималар, тўғрироғи, яна кимлар борлиги ҳеч қачон кўрсатилмаган.

Беларусь адибаси, Нобель мукофоти совриндори Светлана Алексиевичнинг 1978 йилда ёзиб тугалланган, аммо 2003 йилга келибгина дунё юзини кўрган ҳужжатли очерк асари «Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси»да музаффар жангчилар соясида қолиб кетганлар ҳақида санинструктор Ольга Коржнинг хотираларида шундай келтирилади: «…Шинелимни сотмоқчи бўлиб, бозорга бордим. Енгилгина ёзги кўйлакдаман. Сочларимда гул… У ерда нималарни кўрганимни айтсам… Ёшгина йигитлар… қўлсиз, оёқсиз. Ҳаммаси урушда бўлган. Кўксини ордену медаллар безаб турибди. Қўли бутун бўлгани қўлда ясалган қошиқларни сотиб ўтирибди. Баъзилари аёллар ички кийимларини. Бошқаси эса… қўли йўқ, оёғи йўқ… кўз ёши тўкиб ўтирибди. Садақа сўраяпти… Ногиронлар аравачаси йўқ, улар ғилдирак қўйилган тахтачаларда, ўзлари қўллари билан итариб юришарди. Маст, ширакайф. «Унутилдим, ташландим» қўшиғини айтиб юришарди. Мана шунақа манзаралар… Мен бозордан чиқиб кетдим, шинелимни сотмадим. Москвада қанча яшаган бўлсам, чамаси беш йилча, бозорга боролмадим».

Урушдан кейин бу манзарани нафақат Москва бозорларида, балки барча катта шаҳарларда кўриш мумкин эди: Тошкент, Самарқанд… Булар кишилар хотирасида муҳрланиб қолган. Ҳужжатли ёки бадиий фильмларда бундай манзараларни кўрмайсиз. Булар урушнинг урушдан ҳам даҳшатли манзараларидир.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон 1 млн 300 мингдан зиёд кишини қабул қилгани манбаларда кўрсатилади. Шулардан икки юз минг нафари болалар эди, дейилади. Бу расмий ҳисоб-китоблар. Назаримда, бу рақам янада каттароқ. Уруш биздан олисларда кечди. Бироқ унинг даҳшатлари ўзбекни ҳам, қозоқни ҳам, қирғизу тожикни ҳам четлаб ўтган эмас. Ўша суронли йилларда ҳозир қўшни бўлган давлатлардан ҳам болалар, аёллар юртимизга келиб жон сақлаган. Яна турли йўллар билан ҳеч қандай рўйхатларда қайд этилмай келганлар бор. Булар ҳақида уруш кўрмаган уруш болалари – катталарнинг хотираларини тинглаганман. Қашқадарёлик Мурод бобо Гадоевнинг хотираларидан:

– Бола эдим… кўп нарсалар хотирамдан кўтарилди… дала шийпонига кўп «мужиг»ларни (рамақижон дейилмоқчи) олиб келишди. Кўпи кунжара еб шишиб ўлди. Ўзимиз оч бўлсак ҳам уларга егулик олиб борганимизни эслайман. Кейин уларни яна аллақаерга олиб кетишди. Акам Нормурод Гадоев 1938 йилда фин урушига кирган эди… Кейин ҳеч қандай хат-хабар олмадик.

Яна Светлана Алексиевичга мурожаат қиламиз: «Сталинградда одам қони тўкилмаган бир қарич ер ҳам қолмаганди…»

Сталинград ва Қашқадарё… Уларни нима боғлайди? Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида Нушкент деган қишлоқ бор. Уруш йиллари нари борса ўн-ўн беш хонадондан иборат бўлгандир. Ўша қишлоқдан олти киши урушдан қайтмади. Искандар Ҳасанов, Аҳрол Ҳасанов, Алихон Жовлиев, Қувват Пўлатов, Юсуф Эргашев, Нормурод Гадоев… Уч нафари Сталинградда ҳалок бўлган, айримлари бедарак кетган. Урушдан қайтганлари ҳам бор. Битта қишлоқдан-а?! Бедарак кетганларини «Хотира» китобидан ҳам топа олмадик.

Бугун боболар қони тўкилган тупроқ эгалари уларнинг авлодларини тан олгиси келмайди. Ўша йилларда фашизмга қарши курашда ҳеч қайси давлатнинг улуши Ўзбекистонники каби бўлмаса керак. Буни биладиганлар бор, аммо тан оладиганлар-чи?.. Камчилик... камчилик бўлса-да, борлиги яхши.

Инобат НОДИРШОҲ,

Барно АБДУҚОДИРОВА

Информеры