2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

РАНГ-ТАСВИР УНИНГ ХОББИСИ

Мутахассисларнинг таъкидлашича, хобби инсоннинг яшашга бўлган қизиқишини, курашувчанлигини ошириб, ҳаётига мазмун бағишларкан. Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Ортиқбой Қуронбоевнинг хоббиси – ранг-тасвир воситасида асар яратиш. Айни пайтда у Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли Муборак туманида жойлашган ҳарбий қисмда ўз бурчини адо этмоқда.

Қаҳрамонимиз Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳарбий қисм бошланғич ташкилоти сардори ҳамдир. У Қуролли Кучларимиз ташкил топганлигининг 27 йиллиги муносабати билан Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорликда ўтказган «Менинг армиям – менинг фахрим» мавзусидаги энг яхши ижодий ишлар кўрик-танловида иштирок этиб, рағбатлантирувчи ўринга сазовор бўлди.

– Менга ҳарбий-ватанпарварлик мавзуида коллажлар тайёрлаш кўпроқ ёқади, – дейди у. – Шунингдек, суратга олиш ва мўйқаламда тасвирлаш ҳам маъқул. Танловда жорий йил илк бор иштирок этиб, рағбатлантирувчи ўринга сазовор бўлдим. Келгусида янги асарлар устида ишлаб, яна қатнашмоқчиман.

Суҳбатимиз давомида ранглар жилосига қизиқиш унда 2007 йил ҳарбий-юридик йўналишдаги Урганч академик лицейига ўқишга киргач бошланганини билдим. Шундан буён у турли кўргазмаларни бориб кўришни канда қилмайди.

Бундан ташқари, спортнинг волейбол, баскетбол турлари билан шуғулланиш, тарихий асарларни севиб мутолаа қилиш ҳам қаҳрамонимизга хос одат. Унинг айни кундаги энг катта орзуларидан бири – миллий армиямизнинг кечаги ва бугунги қиёфасини акс эттирадиган оригинал асар яратиш. Ўйлаймизки, навбатдаги кўргазмада ана шундай тасвирга албатта кўзимиз тушади.

Ё. ҲАКИМОВ

Информеры