2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КЎРГАЗМАЛИ ҚЎЛ ЖАНГИ НАМОЙИШИ

мусобақа иштирокчиларини жипслаштирди

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида Мудофаа вазирлиги миқёсида биринчи марта «Кўргазмали қўл жанги намойиши» йўналиши бўйича мусобақа ўтказилди.

Ҳарбий хизматчиларда қўл жанги кўникмаларини шакллантириш, рақиб ҳамласидан ўзини ҳимоя қилиш, сафдан чиқариш, довюраклик, қатъиятлилик сифатларини, ўз кучига бўлган ишончни ошириш мақсадида уюштирилган мусобақа дўстона рақобат руҳида ўтди. Унда ўнта жамоа, жамоа таркибида 15 нафар жуфтлик таркибида 2 нафар иштирокчи беллашди.

Жамоалар майдонга чиқишидан тортиб, ижро этилган мусиқагача, кийим русумидан иштирокчиларнинг актёрлик маҳоратигача, ўзига хослик ва янгилик яратгани, акробатик усуллардан фойдалангани, оёқ ва қўл зарбаларининг концентрацияси, жуфт бўлиб қўл жанги амалларини бажариш, намойиш учун кетган вақтгача ҳакамлар томонидан «5» балли тизимда баҳолаб борилди.

Ватан ҳимоячиларининг шижоати, эпчиллик ва чаққонлиги Чирчиқ шаҳридаги таълим муассасаларидан келган ўқувчи ёшлар, муддатли ҳарбий хизматчилар ҳамда бошқа томошабинларнинг олқишига сазовор  бўлди.

Хулосага кўра, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округдан келган шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Элдор Шакиров ва муддатли ҳарбий хизматчи Алмаз Тажетдинов «Энг яхши жуфтлик», Мудофаа вазирлиги тоифаланган объектларни қўриқлаш қўмондонлиги вакиллари шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Нургали Нишонбоев «Энг яхши акробатик усул», катта лейтенант Хушмед Қурбонов эса «Энг яхши техникаси учун» номинацияларида ғолиб деб топилди.

Умумжамоа ҳисобида Тошкент ҳарбий округи 1-, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти 2-, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ жамоаси 3-ўринга сазовор бўлди. Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Азиз НОРҚУЛОВ

Информеры