2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

УРУШ ФАХРИЙСИ ИРИНА САВИНОВАНИНГ ХОНАДОНИДА

Кўп қаватли уйнинг олдида машинадан тушдик ва йўлак бўйлаб кета бошладик. «Ана, онахоннинг ўзлари! Қаранг, меҳмон келишини эшитиб, кутиб олишга тушибдилар-а!» деди ёнма-ён кетаётган ҳарбийлардан бири рўпарага ишора қилиб. Ҳайратланиб, у кўрсатган томонга қарадик. Йўлак бошида ҳассага таяниб турган онахон ҳам бизни кўрди. Унинг истиқболимизга шошаётганидан хижолат бўлиб биз ҳам қадамимизни тезлатдик...

Уруш фахрийси Ирина Савинова 93 ёшни қарши олган. У айни вақтда пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги Нуробод маҳалласида истиқомат қилади. Байрам муносабати билан туман мудофаа ишлари бўлими ва ҳокимлик вакиллари онахоннинг хонадонида бўлиб, пул мукофотини тантанали равишда топширди.

Шу куни уруш фахрийсининг уйига тумандаги 78-умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳам ташриф буюрди. Онахон билан бўлган суҳбатда ўтмиш хотиралари жонланди.

– Уруш ҳақида гапиришни истамайман, – дейди онахон саволга тутган ёшларга қараб. – Чунки у бошимизга кўп жабр-ситамлар келтирган. Болалигимизни, ёшлигимизни ўғирлаган. Менинг ҳам ёшлик даврим фронтда ўтди... Урушдан кейин аввалига боғчада ошпаз, кейин эса тарбиячи бўлиб ишладим. Кўпчилик менга ҳозир ҳам шундай савол беришади: Жуда тетик, бардамсиз. Бунинг сири нимада? Мен уларга шундай жавоб бераман: Қирқ йилга яқин болалар билан бирга бўлдим. Улар билан ҳаёт завқини, қувончини ҳис қилдим. Бу ҳис менга ёшлик сурурини туҳфа қилди. Шу сабаб ҳам қариликка кеч қадам ташладим. Бугунги кунлар ҳам мен учун жуда қадрли. Давлатимиз ғамхўрлигини доим ҳис қилиб, тинч, хотиржам умр кечираяпман. Тинчлигимиз абадий бўлсин, сизлар ҳеч қачон уруш нималигини билманг.

Г. ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры