2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ФАХРИЙЛАР КЎНГЛИГА ЙЎЛ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 7 500 000 сўм миқдоридаги пул мукофоти тантанали вазиятда топширилмоқда.

Мудофаа вазирининг ўринбосари – Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони генерал-майор Аҳмад Бурханов, Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Зокир Сайфиддинов ва бошқалар фахрийларнинг хонадонида бўлиб, давлатимиз раҳбари номидан ушбу мукофотни ўз эгаларига топширди.

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, ўқувчилардан иборат гуруҳ ҳарбий окрестр садолари остида нуроний ватандошларимиз истиқомат қилаётган маҳаллаларда бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ўзларининг эсдалик совғаларини улашган ҳолда эзгу тилакларини изҳор этишди.

Фахрийлар кўнглига йўл топиш орқали ёшлар қалбида кекса авлодга нисбатан фахру ғурур, ҳурмат ҳислари шакллантирилмоқда.

Қ. Ханазаров, В. Чмыхун, П. Материков, Н. Петрунин... Булар сингари Иккинчи жаҳон уруши даҳшатига гувоҳ бўлганлар орамизда тобора камаймоқда. Улардан эътибор ва ёрдамимизни аямайлик!

Камолиддин ХУДОЙНАЗАРОВ

 

Информеры