2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КУЧ-ҚУДРАТ СИЛСИЛАСИ – ҚАЛБЛАРГА ШАВҚ УЛАШДИ

барчаси парад, финал ва профессионаллар ҳақида

Мудофаа вазирлиги тизимида икки йилдирки, юқори савияда ўтказиб келинаётган Танк биатлони мусобақасида иштирокчи экипажлар тобора маҳоратларини ошириб бормоқда. Бу хулоса ўтган йилги натижалар кесимида қиёслаганда яққол кўринади.

Чирчиқ умумқўшин дала-ўқув майдонида Хотира ва Қадрлаш кунига бағишлаб, Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган Танк биатлони мусобақасининг финал босқичи юқоридаги фикри­мизни тасдиқлайди.

Финални кузатиш учун Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, давлат ва жамоат ташкилотлари, фахрийлар кенгаши аъзолари ва минглаб юртдошларимиз келишди.

Тантанали маросимда сўз олган Мудофаа вазири мазкур беллашув ҳарбий хизматчилар ўртасида ўзаро жипслик ва ҳамжиҳатликни юксалтириш, уларнинг касбий малака ва маҳоратини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Шундан сўнг 1,5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи, Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ва миллий армиямиздаги 100 га яқин замонавий ҳарбий техника шунингдек, 15 дан ортиқ вертолёт иштирокида бошланган парад томошабинлар, айниқса, ёшларда улкан таассурот қолдирди.

Парад давомида десантчилар қарийб 2000 метр баландликдан парашют билан сакради. Эътиборлиси шундаки, мазкур тадбирда ўзбек десантчиси – сержант Исмоил Исмойилов биринчи бор Давлатимиз байроғи тимсоли акс эттирилган янги «Мальва аксиома» парашютидан фойдаланган ҳолда сакрашни муваффақиятли амалга оширди. Ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишларини 5 мингдан ортиқ аҳоли кузатиб борди. Иштирокчиларнинг мароқли дам олиши учун полигонда байрам сайли ҳам ташкил этилди.

Ҳарбий парад якунлангач, танк биатлони мусобақасининг ҳал қилувчи беллашуви бошланди. Т-62, Т-64 ва Т-72 танклари халқаро стандартларга мос бўлган махсус майдондан старт олди. Мусобақа иштирокчилари сунъий ҳовуз, миналаштирилган ва манёвр бажариш майдони, танкка қарши чуқур, қўрғон, эскарп (танкка қарши девор), коллеяли кўприк макети ва бош­қа тўсиқлардан иборат умумий узунлиги 4 минг 200 метр бўлган масофани босиб ўтди.

Отиш машқларини бажаришда пушкалар учун тезлиги 1000 м/с дан кам бўлмаган снарядлардан фойдаланилди. Мусобақа «Якка тартибдаги пойга» табиий ва сунъий тўсиқлари мавжуд бўлган, жанговар йўлакча ва отиш учун окоплар билан жиҳозланган йўналиш бўйича ўтказилди.

Малакали мутахассислардан иборат ҳакамлар нишонларни аниқ мўлжалга ололмаган, белгиланган тўсиқларни босиб ўтишда хатоликка йўл қўйган жамоаларга жарима вақти ҳамда айланишларни белгилади. Якуний ҳисоб-китобларга кўра, ғолиб жамоалар аниқланди (7-саҳифага қаранг).

– Ушбу ғалабалар орқали Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари доимо ғолиб бўлишлари лозимлигини исботладингиз, – деди Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ғолибларни тантанали тақдирлаш маросимида. – Улуғ саркарда боболаримизга муносиб ворис ўлароқ, ҳар жабҳада давлатимиз манфаатларини ҳимоя қилишингизга ишонаман. Садоқатли хизматингиз учун барчангизга миннатдорлик билдираман!

Ғолиб ва совриндор жамоалар Мудофаа вазири томонидан диплом, қимматбаҳо совғалар, нав­батдаги ҳарбий унвонлар ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситалари учун имтиёзли равишда кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатни қўлга киритишди.

– Танк биатлонида тўплаган билим ва тажрибаларимизни тўғри ташкиллаштирсак, энг нуфузли Халқаро армия ўйинларида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишимиз, шубҳасиз, – дейди Т-72 экипажлари орасида Тошкент ҳарбий округига 1-ўринни туҳфа этган танк командири лейтенант Муҳриддин Эшонқулов. – Ана шундай баҳсларда бизга юқори қўмондонлигимиз томонидан билдириладиган ишончни оқлашга ваъда берамиз!

Ғолиблар жорий йилда Халқаро армия ўйинлари (АрМИ – 2019) доирасида ўтказиладиган энг нуфузли мусобақа – «Танк биатлони»да иштирок этади.

Аҳрор ОЧИЛОВ

Информеры