2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚАҲРАМОНЛАРИМИЗГА ЭҲТИРОМ

Хотира ва Қадрлаш куни арафасида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳам ёд этилиб, уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Мудофаа вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакиллари бир гуруҳ мактаб ўқувчилари билан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги қаҳрамон ватандошимиз хонадонида бўлишди.

– Ўғлимни хотирлаб, эслаб келишса чин кўнглимдан қувонаман, – дейди марҳум капитан Баҳром Жўраевнинг онаси Ширин Жўраева. – Ҳар сафар йўқлашганида, айниқса, ҳарбий хизматчиларни кўрганимда таъсирланиб кетаман. Бугун Мудофаа вазирлиги томонидан моддий ёрдам сифатида икки миллион сўм, совғалар беришди. Шунингдек, болажоним акс эттирилган суратни ҳам қабул қилдим. Барчаси учун раҳмат. Меҳмонлар орасида ўғлимнинг курсдоши ҳам борлигидан янада тўлқинланиб кетдим. Баҳром ҳаёт бўлганида шу киши билан тенгдош бўларди...

– Мирзо Улуғбек туманидаги 209-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчисиман, – дейди Жасмин Абдуқодирова. – Баҳром Жўраев бизнинг мактабни битирган. У кишининг қаҳрамонлиги ва номини абадийлаштириш мақсадида мактабимизда мард ва жасур акамизнинг бюсти ўрнатилган. Шундай ватандошларимиз билан фахрланамиз.

Низомиддин МАТЁҚУБОВ

 

Информеры