2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАТАН ТИМСОЛИГА АЙЛАНГАН ОНА

Уруш қаҳрамонлари ҳақида гапирар эканмиз, табаррук Она сиймоси кўз ўнгимизда намоён бўлади. Чунки эл-юрт ҳимоясини ор-номус иши деб биладиган мард ва ботир ўғлонларни вояга етказган улуғ зот – онадир. Урушнинг барча азоб-уқубатларини энг кўп тортган инсонлар ҳам муштипар оналаримиздир.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Зангиота туманида истиқомат қилган Зулфия Зокированинг матонати ҳақида гапирди.

«Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида Зулфия ая Зокирова исмли бир мўътабар онахон яшаб ўтганлар. Том маънода бу буюк инсоннинг жасоратини таърифлашга тил ожиз.

Турмуш ўртоғи Холмат ака вафот этгач, Зулфия ая беш ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказганлар.

Ҳаммамиз яхши биламиз, она зоти учун фарзанд доғини кўришдан ҳам оғир йўқотиш йўқ. Зулфия ая Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш азамат ўғлидан – Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли азиз фарзандларидан жудо бўлган.

Ўзингиз айтинг, қадрли дўстлар, ҳар қандай одамни ҳам йиқитиб, яксон қиладиган тақдирнинг бундай бешафқат зарбасига бардош бериш мумкинми?

Лекин Зулфия Зокировадек матонатли, қаҳрамон ўзбек аёли бунга бардош бера олди. Шундай фожиали қисматга беш марта кўксини қалқон қилиб, беш марта ҳам мардона оёққа турди. Бунинг учун одамда қанчалик кучли ирода, қанчалик метин сабр-бардош бўлиши керак!

Мана, ўзбек аёлларининг, ўзбек халқининг ҳақиқий жасорати ва матонати!» деди жумладан давлатимиз раҳбари.

Юртбошимиз эзгу ният билан барпо этиладиган Ғалаба боғи марказига Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатиш, унга «Матонат мадҳияси» деб ном бериш таклифини илгари сурдилар. Шу Ватаннинг зиёли бир фарзанди сифатида бу таклифдан бошим осмонга етди. Матонатли ая ҳақида ёзганларимни сизга ҳам илинмоқчи бўлдим.

«...Сафимизда яқинда фарзандли бўлган радист аёл ҳам бор эди. Гўдак оч, тинмай йиғлайди. Лекин онанинг ҳам қурсоғи бўш, кўкрагида сут йўқ. Агар ёнгинамиздаги жазо отрядининг итлари эшитиб қолса, борми... Ўттиз кишининг ҳаммасини муқаррар ажал кутади!.. Сизга тушунарлидир? Қарор қабул қиламиз... Командирнинг буйруғини етказишга ҳеч ким ботинолмай туради, лекин онанинг ўзи ҳаммасини фаҳмлайди. Йўргакни сувга ботиради... Гўдаккина бошқа қичқирмайди... Бизнинг бошимиз хам. На онага, на бир-биримизга қарай оламиз...»

Бу иқтибос Беларусь адибаси Светлана Алексиевичнинг «Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси» китобига кирмай қолган. Адиба ушбу романни ёзишдан олдин Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган собиқ иттифоқ аёлларининг жасоратини инсониятга кўрсатиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Уруш даврида бизнинг фронт ортидаги аёллар ва болаларимизга ҳам осон бўлмаган. Айрилиқ, қайғу-алам, жудолик ҳеч бир хонадонни четлаб ўтмаган. Улар орасида ёш қизлар ҳам бўлгани барчага маълум. Ёшлар ўз яқинларининг тинч-осуда яшашини истаганлари учун қаҳрамонларча ҳалок бўлишган. Фронт ортида ҳам фашизмга қарши кураш олиб борилди. Қўлда қурол олиб жангга кирмаган бўлса-да, жонини жабборга бериб, далада, завод-фабрикаларда ўзи емай-ичмай кечаю кундуз меҳнат қилган ота-боболаримизни, оналаримизни асло унутишга ҳаққимиз йўқ. Айнан уларнинг чексиз сабр-тоқати туфайли бугун биз бахтли яшамоқдамиз...

Таниқли адиб Алиназар Эгамназаровнинг «Оқловдан сўнг» номли китобидаги «Беш жангчининг онаси» очеркини изтироб билан ўқидим. Муаллифнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида юртдошларимиз матонатига бағишланган очеркидан катта бир роман ўқигандек таъсирландим. Мазкур очерк асосида веқеани баён қилсам.

Зангиота туманининг Хонобод маҳалласида Зулфия Зокирова деган аёл яшаб ўтган. Шу аёлнинг беш ўғли фронтдан қайтмаган экан: Холматов Исоқжон, Холматов Аҳмаджон, Холматов Мамажон, Холматов Ваҳобжон, Холматов Юсуфжон. Зулфия ая уруш бошланганда оиладаги барча эркакларни фронтга жўнатиб, қайинсинглиси ҳамда тўрт келини билан қолган.

Мамажон 1941 йилнинг июлида, Аҳмаджон ундан бир ой кейин фронтга кетишди. Кузга бориб Ваҳобжон билан Юсуфжонни ҳам кузатишди. Энг охирида, 1944 йилнинг март ойида бўйдоқ ўғил Исоқжон жўнаб кетди. Аҳмаджондан атиги битта хат келади. Унда «Мактубни йўлда ёзаяпман, ҳозирча менга хат ёзманглар, биз Сталинград томонга кетаяпмиз. Етиб боргач, аниқ манзил билан яна хат ёзаман», деган эди. Шундан кейин аскардан дом-дарак бўлмади.

Мамажондан ора-сира хат келиб турди. У хатларида «Москвани ҳимоя қилаяпмиз, оташ-оловнинг ичидаман», деб ёзарди. 1943 йилнинг охирида уйига ярадор бўлиб қайтиб келди. Бир оз ўзига келгач, колхозда бригадир бўлиб ишлади. 1944 йилнинг ёзида яна фронтга кетди. Ундан охирги мактуб уруш тугашидан caл аввал келди. «Карнай-сурнайнинг товуши келиб турибди, ҳадемай, охирги катта тўйга (жангга) кирамиз. Шундан омон чиқсам, дийдор кўришиб қоламиз», деганди ўша мактубида. Шундан кейин кўп ўтмай ундан «қора хат» келди. 1943 йилнинг ёз кунларида Юсуфжон Ленинградда ҳалок бўлгани ҳақида «қора хат» келди. Кенжа, севимли ўғли ҳалок бўлганлигини эшитиб, Зулфия опа фарёд кўтарди. Кейин бошқа ўғиллари ҳалок бўлганлиги, бедарак йўқолганлиги ҳақида кетма-кет хабарлар келди. Уларни Зулфия опага билдиришмади. Зулфия опа ҳаммадан ҳам Юсуфжонга кўп куйди. Тўрттасидан «туёқ»қолди, Юсуфжоним чимилдиқ кўрмай бенишон кетди, деб йиғлади.

Ўша пайтларда далада меҳнат қилган кишилар кимлар эди? Қари-қартанглар, ўсмир болалар, эри фронтда жанг қилаётган бева аёллар эди. Зулфия бувининг тўрт келини – Лазокат, Ҳамронисо, Ҳидоят, Роҳат Холматовалар ҳам битта бригадада меҳнат қилишган. Қишлоқда эркаклар урушга кетгани сабаб, энг оғир ишлар аёлларнинг зиммасида эди.

– Қайнонам ҳамиша мен билан бирга яшаган, – дейди Мамажоннинг рафиқаси Ҳидоят Холматова. – Ўғиллари дом-дараксиз кетгач, у киши қаттиқ куйди. Лекин буни бизга сездирмасликка ҳаракат қиларди. Келинларимнинг ўз ташвиши ўзига етарли, яна уларни кўз ёшим билан эзиб нима қиламан, деган бўлса керак-да. Раҳматли қайнонам ҳушёр, сезгир аёл эди. Лекин биз у кишининг ич-ичидан куйиб кетаётганини сезиб турардик, қандай бўлмасин кўнглини кўтаришга, тасалли беришга ҳаракат қилардик.

Қайнонам кўпинча кечаси билан ухламасди. Ярим кечаси ҳовлида худди биров эшитиб қоладигандай, паст овоз билан ўғилларининг номларини бирма-бир айтиб йиғлаб юрганини уч-тўрт марта кўрганман. Баъзида қўни-қўшнилар уйимизга кириб, «Кампир бечорага қийин бўлди-да!» деб бошларини сарак-сарак қилиб чиқиб кетишарди. Қишлоқда ким урушдан қайтса, ойим биринчилардан бўлиб бориб кўрарди. Улар билан кўришаркан: «Мамажонни кўрдингми, Юсуфжонни кўрдингми?» деб саволга тутарди. Урушдан кейин бир кун кампир тўрт келинни ёнига ўтказди-да, шундай деди:

– Ўргилиб кетай сенлардан, мен барчангдан розиман. Лекин бир қарз гапни ўзимдан соқит қилмоқчиман. Тўртовинг ҳам эрдан ёш қолдиларинг. Энди жойи чиқса турмуш қилинглар, мингдан-минг розиман. Мени ҳеч ўйламанглар, оғирлигимни ер кўтаради, ризқимни Худо беради.

Шунда ҳамма овсинлар йиғлаб юборишди:

– Йўқ, ойи, – деди Ҳидоят келин, – биз яна эрга тегиб, болаларимизни бегоналарга муте қилмаймиз. Доим сизнинг паноҳингизда яшаб, уларни ҳам ота, ҳам она бўлиб тарбиялаймиз. Болаларимиз вояга етиб, ўзларидан кўпайса, юрагимиздаги яралар битиб кетади.

Шунда кампир келинларини йиғлаб дуо қилган экан.

Зулфия ая ҳали яна яшаши мумкин эди. Лекин умрининг сўнгги йилларида кетма-кет икки фалокат рўй берди – 1957 йилда трамвай зинасидан йиқилиб, бели синди. Бир йил шифтга қараб ётди. Тўрт овсин кампирга навбатма-навбат қарашди. Энди қўлтиқтаёқда юрадиган бўлганида яна бир кўнгилсиз ҳодиса бўлди – яккаю ягона қизининг эри автомобиль фалокатида ҳалок бўлиб, олти нафар невараси отасиз қолди. Кампир бу жудоликни кўтаролмай яна ётиб қолди.

– Қайнонам оғир ётган кезлар ипак қурти боқилаётган кунлар эди, – дейди келини Ҳамронисо опа. – Бош қашишга вақт йўқ. Шундай бўлса ҳам унинг олдига тез-тез чиқиб турдим. Олдида бирпас ўтирсам, у киши: «Бор, болам, қуртга қара, тезроқ кўмишнинг пайидан бўл, мен тузукман», дерди. Вафотидан сал олдин яна хабар олишга чиқдим. Ёнига ўтириб:

– Ойи, тузукмисиз? – дедим.

– Шукур, тузукман, – деди. Кейин сўради: – Қуртинг нима бўлди?

– Кўмдим, ойи, қутулдим, – дедим.

– Ҳайтовур, – деди. Кейин дарвоза томонга хиралашган кўзлари билан қаради-да, – биттаси бўлсаям келмади-я... – деди.

У кишининг сўнгги сўзлари шу бўлди. Бир оз ўтгач, кўзларидан икки томчи ёш оқди-да, ҳаёт билан мангу видолашди. Лекин умрининг сўнгги онигача умид ва интизорлик билан яшади, беш азамат ўғилдан бирортасини бўлса ҳам кўриш, уларнинг қай бири билан бўлса ҳам бир дақиқа суҳбатлашиш илинжида яшаб ўтди. Бундай айрилиққа чидаш, умид билан кутиш инсондан нақадар катта куч ва матонат талаб этади...

Мансурхон ТОИРОВ,

физика-математика фанлари доктори

Информеры