2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ПАРАШЮТ ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?

Жаҳоннинг аксарият халқларида парашют билан сакрашга боғлиқ ривоятлар бор. Бундай афсоналар Хитой ва Россия давлатларида қарийб минг йиллардан буён тилдан-тилга ўтиб келади. Магеллан хабашларнинг пальма япроқларидан тайёрланган соябонлар ёрдамида сакрашларини тавсифлаб ўтган бўлса, минора, дарахт ва қоялардан турли мосламалар воситасида сакраш амаллари дунё халқларида турлича ҳикоя қилиб келинган.

Умуман, ушбу афсона ва ривоятларнинг барчаси ягона бир ғояни, у ҳам бўлса – инсон ҳавода муаллақ осилганча парвоз эта олишини илгари суради. Парашютга илк бор XIII асрнинг атоқли гуманисти Роджер Бекон томонидан таъриф бериб ўтилган. Бекон ўзининг «Санъат ва табиатнинг махфий асарлари тўғрисида»ги тўпламида учадиган машиналарни ясаш мумкин эканлигини эътироф этиб, ботиқ юза ёрдамида ҳавога осилиш имкони борлигини таъкидлаб ўтган. Парашют тўғрисидаги ғоя ва унинг конструкцияси XVII аср бошида олим Фауст Веранчионинг китобида баён этилган. У ўзи ясаган парашют билан илк бор 1617 йилда унчалик баланд бўлмаган минорадан сакраган эди.

Парашют билан сакраганлиги аниқ маълум бўлган кейинги одам фаранг Лавен бўлган. XVII асрнинг 20-йилларида Лавен аллақандай жинояти учун Мольянс қалъасига қамалган. Қалъадан қочишга аҳд қилган Лавен хуфиёна тарзда, бир-бирига улаб тикилган ва гумбази йиғилиб қолмаслиги учун кит мўйловлари билан маҳкамланган чойшаблардан парашют тайёрлайди. Тунда Лавен қалъанинг энг баланд деворига чиқиб, Изер дарёсига сакрайди. Пастлаш жуда равон ўтади, бироқ қочоқни пайқаб қолган қўриқчилар уни яна қўлга олишади.

1777 йилда Париж кўчаларига ғалати эълонлар ёпиштирилиб чиқилган. Унда профессор Де Фонтанж учар плаш ихтиро қилганлиги, ўлим жазосига ҳукм этилган қотил Жан Думье ушбу плаш билан минорадан сакраши, агар тажриба муваффақиятли чиқса, маҳбус афв этилиши эълон қилинган бўлиб, барча ёшу қариялар тарихда мисли кўрилмаган томошадан баҳраманд бўлиш учун шаҳар майдонига таклиф қилинган эди. Ўша давр газеталарида Жан Думьенинг минорадан сакраши қуйидагича тавсифланган: «Думье полициячилар ҳамроҳлигида Париж қурол омбори томон йўл олди. Бу ерда уни профессор Де Фонтанж қарши олди. Тажрибани кузатиш учун жуда кўп томошабин йиғилди. Жан Думье қурол омборининг томига чиқди. Профессор маҳбуснинг эгнига сон-саноқсиз майда матолардан тайёрланган плашни кийдирди.  Маҳбус баландликдан сакради. Шамол дастлаб уни четга тортиб кетди. Дафъатан Думье шиддат билан пастлай бошлади. Барча томошабинлар қичқириб юборди. Бироқ ерга етай деган Думье андак секинлаб, йўқотган мувозанатини тиклаб олди-да, ҳеч қанча зиён-заҳматсиз қулаб тушди».

Парашютнинг кейинги равнақи ҳавода сузиш амалиёти ва назариясининг тараққиётига боғлиқ кечди. Илк бор 1783 йил 5 июнь куни ака-ука Монгольфьеларнинг иссиқ ҳаво билан тўлатилган ҳаво шари юқорига кўтарилди. Кейинчалик эса олим Шарль шарга пуркаладиган иссиқ ҳавони водородга алмаштирди. Ҳаво шари билан амалга ошириладиган парвозлар хавфли кечиб, одамларнинг жон сақлаб қолишлари учун парашют яратиш мақсадга айланди. Ўша йилнинг ўзида фаранг физиги Себастиан Ленорман парашют ясаб, синаш учун обсерватория ойнасидан шахсан ўзи сакраб кўрди. Ўзининг ушбу ихтиросига Ленорман – «парашют» деб, яъни: грек тилидан «para» ва фаранг тилидан «chute» сўзларидан ясалган «тушишга қарши» маъносини англатувчи сўз бирикмаси билан ном берди. Фаранг ихтирочиси Бланшар 1785 йилда аварияга учраган аэростатдан парашют билан сакраб, жон сақлаб қолган биринчи инсон саналади. Фаранг Гарнерен 1797 йилда жаҳонда биринчи бўлиб 700 м баландликдаги ҳаво шаридан ўзи ясаган боғланадиган юмшоқ парашют билан сакради. Унинг парашюти бугунги юмалоқ парашют конструкциясига жуда яқин.

Авиациянинг равнақ топиши парашют тараққиётининг янги босқичи бошланишига туртки берди. Учувчи Мациевичнинг ҳалокатига шоҳид бўлган рус актёри Котельников кучли руҳий ларзани бошдан кечирди. Халтага жойланадиган ва учувчи танасига маҳкамланадиган биринчи парашютни ихтиро этган Котельниковга 1911 йилда патент берилди. Унинг ушбу ғояси парашютлар лойиҳалари ишлаб чиқилишида турли мамлакатларда кенг қўлланила бошланди. АҚШда Ирвин томонидан яратилган парашютлар қўлланилган бўлиб, ушбу мамлакат учувчиси лейтенант Гаррис 1922 йил 22 октябрь куни биринчи жаҳон урушидан сўнг, синов давомида парчаларга бўлиниб кетаётган самолётдан парашют билан сакраб, жон сақлаб қолган дунёдаги биринчи инсон бўлди.

Собиқ СССРда илк бор учувчи А. Эдельштейн 1919 йил 23 февраль куни Астрахань губерниясидаги аҳоли пунктида парашют билан сакради. Ўтган асрнинг 20-йилларидан эътиборан собиқ Совет саноати ўз парашютларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Парашютни совет учувчилари орасидан биринчи бўлиб, 1927 йилнинг июнь ойида парвози муваффақиятсиз ўтган синовчи-учувчи М. Громов қўллади.

Ўтган асрнинг 30-йилларида жаҳоннинг авиацияси ривожланган етакчи мамлакатларида парашютнинг такомиллашуви кузатилди. Учувчиларни қутқарувчи, одамлар ҳар қандай шароитларда десантлаштириладиган ҳамда юклар ташланадиган парашютлар такомиллаштирилди.

Ўзбекистонда ҳам парашют соҳасида тўпланган бугунги билим ва тажрибалар спортга доир мураккаб ҳаракатларни бажаришда ҳамда чегараси чекланган майдонларга сакрашларни амалга ошириш бўйича ютуқларга эришиб келинмоқда. Ёшларни парашют спортига жалб қилиш ва ушбу соҳани янада ривожлантириш мақсадида республикамизда Парашют федерацияси фаолият олиб бормоқда. Ушбу спорт турига ёшларнинг қизиқиши кундан-кунга ортиб бормоқда.

Подполковник Хайрулло АКРАМОВ

 

Информеры