2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТЕПЛОВИЗОРДАН ​ҲИМОЯЛАНГАН КАМУФЛЯЖ

Ҳарбий техникаларнинг тараққиёти ривожланиш ва кун сайин янгиланишга юз тутаётган шиддатли замонда «вирус»нинг «антивирус»ини ўз вақтида яратиш муаммоси кўплаб давлатлар илмий жамоатчилиги салоҳияти ва иқтисодий имкониятларини синовдан ўтказмоқда.

Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтининг Ахборот кафедраси ҳарбий хизматчилари майор Ислом Нишанов ва курсант А. Ибрагимов томонидан тақдим этилган термал кўриш қурилмаларидан (тепловизорлар)дан мутлақо ҳимояланган камуфляж ишланмаси тоғли ҳудудларда махсус операция кучлари бўлинмаларида, давлат чегараларини қўриқлаш, ички ишлар хизматини ташкиллаштириш, аксилтеррор махсус вазифаларни бажарувчи бўлинмаларда жанговар хизмат олиб бориш, тартиббузар ёки душманни ўз вақтида тор-мор келтириш ҳамда жангчининг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида фойдаланишга мўлжалланган.

– Иссиқликни «кузатувчи» қурилмалар ҳарбий соҳада тараққий этиб, вертолёт, зирҳли техника, ҳаттоки ўқотар қуролларга ҳам ўрнатилмоқда, – дейди майор Ислом Нишанов. – Ушбу қурилма таъсирчан матрица ёрдамида қизиган предметдаги иссиқлик оқимини аниқлайди, натижада, агар қурилма оқ-қора бўлса, унинг кўзгусида оқ ёки қизил ранг акс этади.

Тепловизор қурилмалари билан жиҳозланган ҳарбий техника ёки қуроллар ҳарбий хизматчи, шунингдек, техниканинг кучини 15 – 20 минг метргача масофадан аниқлаш ва йўқ қилиш имкониятига эгадир. Агар жангчи ушбу ҳимоя воситасини қўлласа, хавфсизлиги таъминланади.

Ахборот кафедраси ҳарбий хизматчиларининг муқобилидаги ҳимоя воситаси махсус материаллардан таркиб топган бўлиб, тепловизор хавфидан танадаги термал радиацияни жуда осон ҳимоялайди, бу ҳарбий хизматчини яшириш ёки иссиқлик нуқтаси контурини кескин равишда пасайтириб қўйишга имкон беради.

– Ушбу лойиҳа ўтган асрдаги урушлар, айни дамдаги замонавий жанглар, ривожланган давлатлар армияларида қўлланиладиган замонавий технологик кузатувга эга қуролларга қарши тура оладиган ва ўз вақтида қарши зарба бера оладиган ҳимоя воситаси бўлиб, янги авлод жангчисининг махсус кийими сифатида аҳамиятлидир, – дейди ўқув ва илмий ишлар бўйича бошлиқ ўринбосари, техника фанлари доктори лейтенант Бахтиёр Раҳимов. – Эътиборлиси шундаки, тепловизор қурилмалари тараққий этган АҚШ, Россия, Хитой ва бошқа кўплаб давлатларнинг муқобилидан фарқли ўлароқ, тадқиқотчиларимизнинг ҳимояланган камуфляжи электр қувватини қуёш панелларидан олади. Бу усул иқлимимиздан келиб чиқсак, айни муддао.

Умуман олганда, ўзи исиши қийин бўлган барча материаллар иссиқликни тарқатишни блоклаш учун хизмат қилади. Модданинг иссиқлик ўтказувчанлиги қанчалик мураккаб бўлса, шунча тепловизорга қарши туриш имкони юқори бўлади. Қаҳрамонларимиз томонидан тақдим этилган ҳимояланган камуфляж айни шу қонуниятни инобатга олади.

А. ОМОНТУРДИЕВ

Информеры