2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАДАМИНБЕК

Биринчи мақола

Туркистон тарихида юрт озодлиги ва мустақиллиги учун курашган мард ва фидойи ўғлонлар кўпчиликни ташкил қилади. Ҳарбий саркардалар, лашкарбошилар ва ҳукмдорлар билан бир қаторда халқнинг турли табақаларидан чиққан оддий, бироқ жасур ва довюрак кишиларнинг номлари Ватанимиз миллий озодлик ҳаракати тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилган. Туркистон истиқлоли учун курашган мана шундай жўмард шахслар ўртасида марғилонлик мард йигит – Мадаминбек қўрбоши алоҳида ажралиб туради.

Суврати ва сийрати

Мадаминбекнинг асл номи Муҳаммад Аминбек бўлиб, у 1892 йилда Марғилон атрофида – ҳозирги Тошлоқ туманининг «Садда» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Сўкчилик қишлоғида ўртаҳол ҳунарманд оиласида таваллуд топган. Мадаминбекнинг отаси Аҳмадбек ўрта бўйли, тўладан келган ва чиройли одам бўлганлигини марғилонликлар яхши эслашади. Аҳмадбекнинг ота-боболари Қўқон хонлиги даврида турли лавозимларда ишлашган ва уларнинг мавқеи баланд эди. XX асрнинг бошларида Аҳмадбекнинг Марғилонда катта дўкони мавжуд бўлиб, боз устига дўкон соҳибининг ўзи моҳир ҳунарманд ҳам бўлган. Мадаминбекнинг онаси эса ўз даврининг оқила аёлларидан ҳисобланган. Айрим маълумотларга қараганда, у ўз ҳовлисида мактаб очиб, отинойи сифатида ёш қизларни ўқитган. Мадаминбекнинг Мақсудали ҳамда Мамадали исмли икки акаси ҳамда Меҳринисо ва Майрамнисо номли икки опаси ҳам бўлган.

Мадаминбек Марғилондаги мактаб ва маҳаллий мадрасани тугатгач, таҳсилни давом эттириш учун Бухорои шарифга жўнашга аҳд қилади. Бироқ тақдир Мадаминбекка мударрис ёки уламо бўлиш қисматини раво кўрмай, уни миллий озодлик курашининг тўс-тўполонлари ичига ташлайди. Маълумки, бу пайтда Туркистон минтақасининг катта ҳудуди, шу жумладан, Фарғона водийси Россия империяси томонидан босиб олинган бўлиб, халқимиз оғир мустамлакачилик зулми остида яшаётган эди.

Мадаминбек Биринчи жаҳон уруши арафасида Россия империясининг мустамлакачилик зулмига қарши Фарғона водийсида кўтарилган турли ғалаён ва исёнларда фаол қатнашади. Шунинг учун ўлкадаги рус полицияси уни 1914 йили қамоққа олади. Суд Мадаминбекнинг ўзи қилмаган жиноятлар (қотиллик ва ўғрилик)ни ҳам бўйнига қўйиб, уни Сибирдаги Нерчинск деган жойга  14 йил муддатга каторгага ҳукм қилади. Хуллас, оқподшо суди Мадаминбекнинг «сиёсий иши»га «жиноий фаолият» тусини бериб, унинг истибдод ва зулмга қарши курашининг моҳиятини юзсизларча сохталаштиради. Шундай қилиб, ёш Мадаминбек ҳаётининг уч йили даҳшатли Сибирь ўрмонларида ўтган. Бироқ йигирма ёшдан сал ошган навқирон йигит учун бу йиллар изсиз кетмайди. Айнан узоқ ва совуқ Сибирдаги оғир ва машаққатли ҳаёт Мадаминбекни келгуси курашлар учун чиниқтириб, уни юрт озодлиги ва истиқлоли учун бўладиган ҳаёт-мамот жангларига ҳозирлайди.

Мадаминбекнинг шахсий ҳаёти ҳақида жуда оз маълумотлар сақланиб қолган. У икки марта уйланган. Биринчи хотинининг исми Қумрихон бўлиб, бу аёл эри Сибирга жўнатилгач, бошқа кишига турмушга чиқиб кетган. Марғилонлик кекса кишиларнинг хотирлашларича, Мадаминбекнинг бу аёлдан фарзанди бўлмаган. Мадаминбек кейинчалик – 1918 йил баҳорида марғилонлик Абдураззоқ Сиддиқов – Абдураззоқ закўнчининг ёш ва гўзал қизи Саодатхонга уйланган. Орадан икки йил ўтиб, Мадаминбек фожиали ҳалок бўлганидан кейинги тўс-тўполонлар ва ур-йиқитлар, тўхтовсиз таъқиб ва тазйиқлар натижасида Саодатхоннинг ҳомиласи (Мадаминбекнинг ягона зурриёти) нобуд бўлган. Хуллас, Мадаминбекдан ёдгор бўлиб бирор авлод қолмаган.

Мадаминбекнинг турмуш ўртоғи Саодатхон ая Абдураззоқ қизи (1903 – 1994) ушбу сатрлар муаллифи билан 1989 ва 1991 йилларда қилган суҳбатларида хотирлашича, Мадаминбек ўрта бўйли, тўладан келган, кенг елкали, икки юзи қизил, қора кўзлари чарақлаб турадиган ҳамда хотиржам ва босиқ гапирадиган одам бўлган. Мадаминбек қиёфасининг ушбу тасвири унинг сақланиб қолган сурати (бу сурат 1920 йил Тошкентда олинган)да ҳам ўз исботини топган.

Мадаминбек беклик унвонини қўрбоши бўлганидан сўнг олган эмас. Марғилон шаҳри ва Сўкчилик қишлоғидаги кексалар, Марғилонда яшовчи Мадаминбекнинг қайинсинглиси Ибодатхон ая (1910 йилда туғилган), жиянлари Давронбек ва Тоҳир Сиддиқов, шунингдек, Тошлоқ туманидаги Садда қишлоғида яшовчи жияни (опасининг ўғли) Одилжон ҳожи Зокировнинг 1999 йилда хотирлашларича, Мадаминбек насл-насаби жиҳатидан бек бўлган. Бироқ Россия империяси Қўқон хонлигини тугатиб, Фарғона водийсини босиб олганидан сўнг Мадаминбекнинг авлодлари ўз мавқеларини йўқотган эдилар.

Мадаминбек айни пайтда исломий илмларни пухта эгаллаган художўй ва тақводор одам бўлган. У китоб мутолаа қилишни хуш кўрган. Мадаминбек муқаддас Қуръони Карим ва машҳур озарбайжон шоири Фузулийнинг девонини қаерга борса, доим ўзи билан олиб юрган. Баъзи манбаларда ёзилишича, Мадаминбек Туркистоннинг буюк истиқлол шоири Чўлпон шеърларини севиб ўқиган. Мадаминбек иштирок этган гурунгларда кўпинча суҳбат мавзуси шеъриятга бориб уланган. Мадаминбек ўз она тили – ўзбек тилидан ташқари тожик, рус ва француз тилларини мукаммал билган.

Қизил армия ва большевикларга қарши кураш

1917 йилдаги Февраль инқилобидан кейин сиёсий маҳбус сифатида Мадаминбек озод қилинди ва у Марғилонга қайтиб келди. «Шўрои Уламо» жамиятининг раҳбарлари Мадаминбекни шаҳар миршаблари бошлиғи – қўрбошиси лавозимига бежиз тавсия этишмайди. Агар у қотил ва ўғри бўлганида нуфузли уламолар ва зиёлилар унга бу лавозимни таклиф қилишмаган бўларди. Шуниси ажабланарлики, Туркистонда большевиклар ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллагач, Фарғона вилояти ҳарбий комиссари К. Осипов Мадаминбекни Марғилон милицияси бошлиғи этиб тайинлаш ҳақидаги буйруққа қўл қўяди ва уни тегишли қурол-яроғ билан таъминлайди. Архив манбаларида келтирилишича, 1918 йил январь ойининг охиригача Мадаминбек шу лавозимда хизмат қилади.

Бироқ большевиклар ва совет режимининг халққа қарши сиёсати Мадаминбекни озодлик ва мустақиллик учун курашга ундади. 1918 йил март ойининг бошларида Мадаминбек ўз милиционерлари билан истиқлолчилар сафига ўтди. Мадаминбек, айрим сиёсатдонлар ва тарихчилар ҳозир ҳам даъво қилаётганидек, Қўқон хони бўлиш учун эмас, балки Фарғона водийсида тинчлик ўрнатиш ва босқинчилардан юртни тозалаш учун қўлига қурол олди.

 Мадаминбек кейинчалик Фарғона халқига қарата қилган мурожаатида бу ҳолни қуйидагича изоҳлаган эди: «Мен Туркистон Мухторияти ҳукумати ҳаракати Қўқонда бўлган пайтда шўроларга хайрихоҳ мусулмон қўшинларини қўллаб-қувватлашни зарур деб ҳисобладим, яъни большевиклар ҳокимиятини халқ учун энг яхши ва фойдали, деб ўйладим. Лекин кейинчалик шуни англадимки, большевиклар фаолияти фақат бойлар, деҳқонлар ва камбағалларни талашдан иборат экан. Шунинг учун ҳам мен большевиклар хизматини ташладим ва Эски Марғилон ҳукумати қўрбошилигидан (аслида Марғилон шаҳар милицияси бошлиғи лавозимидан – муаллиф изоҳи) кетдим» (Фарғона вилояти давлат архиви, 121-фонд, 1-рўйхат, 219-иш, 34-варақ).

Тез орада Мадаминбек атрофида Марғилон ва Тошлоқдаги жасур, чапани йигитлар тўпланишди. «Яккатут бўлиси (волости) Гарбува қишлоғидаги Мадаминбек гуруҳининг қароргоҳига оммавий равишда маҳаллий ёшлар келиб қўшиларди», деб ёзилади 1918 йилга оид совет расмий ҳужжатларидан бирида.

Хуллас, 1918 йил баҳорида истиқлолчилар сафига узил-кесил ўтган Мадаминбекнинг қўл остида даставвал 1000 – 1500 нафар йигит бор эди. «Деҳқондан сўнгги яктагини тортиб олган» совет ҳокимиятига қарши курашиш Мадаминбекнинг асосий матлаби бўлган. Фарғона водийсидаги миллий озодлик ҳаракати сафига Мадаминбек сингари салоҳиятли саркарданинг келиб қўшилиши жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Бу пайтга келиб қизил армияга қарши ҳаёт-мамот жангларини бошлаган бошқа қўрбошилар «советлар билан ҳамкорлик қилиш»дек аччиқ ва ноёб тажрибага эга эмас эдилар. Қўрбошилар Туркистон минтақасида совет ҳокимиятини тугатишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган бўлишса-да, ҳарбий тайёргарликлари анча паст эди.

Қаҳрамон РАЖАБОВ,

тарих фанлари доктори, профессор

Информеры