2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АСИРЛИКДАН СУЛТОНЛИККАЧА БОСИБ ЎТИЛГАН ШОНЛИ ЙЎЛ

Иккинчи мақола

Буни яхши тушунган султон яқинлари билан кенгаш ўтказади ва шундай дейди: «Ҳулакухон улкан қўшини билан Турондан Эронга юриш қилди. На халифа, на султону маликлар унга қарши куч топа олишди. Барча жойни босиб олиб, Дамашққа қадар етиб келди. Агар оғасининг вафот этганлиги ҳақидаги хабар унга етиб келмаганда, Миср ҳам олдинги мамлакатлар қаторида бўлур эди. Шу сабабли у бу ўлкада қутурган шер ва аждарга ўхшаш Кетбуға-нўённи қолдириб кетган. Салтанатимизга бостириб келаётганларга қарши уч йўлдан бирини танлашимиз лозим: ёки таслим бўлиш ёки ҳаёт-мамот жангига кириш ёки Мисрни тарк қилиш. Маслаҳат беринг, ёшуллилар, қандай йўл тутамиз?»

Кенгаш сўнгида Қутуз шундай фикр билдирди: «Айни вақтда Бағдоддан Румгача бўлган ерлар ҳувиллаб қолган, улар на экин экиш ва бино қуришга ярайди. Агар биз биринчи бўлиб ёвга қарши юрмасак, унда йўқ бўлган бошқа салтанатларнинг куни Миср бошига тушажак. Самарқанд ва Ўтрор каби Қоҳира кули кўкка совурилажак! Ўртада Хоразм ва Мангуберди оға хуни масаласи ҳам бор! Қасос қиёматга қолмасин! Келинг, улар билан сўнгги жангга кирайлик, енгсак, мақсадга эришажакмиз, бошқача бўлса, келажак авлодларимиз қарғишидан омон қоламиз!»

Буни бош амир Бийбарс Бундуқтарий қўллаб чиқди. Қолганлар ҳам қўшилди. Қутуз ўз қўшинига ҳаёт-мамот жангига тайёргарлик кўришга фармон берди.

Мўғул истибдодига хотима

1260 йил 3 сентябрь куни Қутузнинг отлиқ қўшини Синай чўлини кесиб ўтиб, мўғулларнинг Ғазодаги бўлук (полк)ига қўққисдан ҳужум қилди. Кетбуға Қутузни тўхтатиш учун Назарет тарафга отланади. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, Қутузнинг отлари чўлни кесиб ўтиш вақтида чарчоқдан толган, дам олишга эса жой йўқ! Чўл шароитида отларнинг ҳориши жангнинг тақдирини ҳал қилар эди. Кетбуғанинг ҳисоб-китоби аниқ ва тўғри эди, бироқ хоинлик юз берди. Фитна қонида бўлган рицарлар хиёнатнинг мўғуллар сезмайдиган йўлини танлашди. Улар мусулмонларни Акра шаҳрига чорлаб, қўноқ қилишди, дам олиш ва ўзларини ўнглаб олишга барча шароитларни яратишди. Келишувга биноан мамулуклар мўғуллардан тортиб олинган отларни арзон-гаровга рицарларга сотишлари лозим бўлди. Ўзларини рицарь деб атаган фитначи ва олиб-сотарларнинг мўғулларга қилган хиёнатлари уларни туркистонликлар назарида жирканч махлуқлар қадар тубанлаштирди...

Қўшини ва отларига зарур дамни берган Қутуз Дамашққа ҳужум қилиш учун французлар ҳукмронлигидаги ҳудуд орқали Галилейга йўл олди. Кетбуға отлиқлари Кавказдан етиб келган арман ва грузинлардан таркиб топган ёрдамчи қўшин билан Назарет ёнидаги Айни-Жалуд деган жойда Қутуз қўшинига қарши чиқди.

Қутуз икки қанот кучлари – баронғор ва жавонғорни жарликларга яшириб, асосий қўшинни майдонга олиб чиқди. Икки қўшин буюк тўфон олдидан бўладиган сокинлик каби эътиқодлар мувозанатига, буюк сулолалар, мамлакатлар тақдирига бевосита таъсир қилувчи, тарих ғилдирагини ўзгартириб юборувчи омонсиз жанг бўлишини юракдан ҳис қилиб, бир муддат бир-бирига қараб тўхтаб қолишди. Сўнг улкан балабон ва довулларнинг ор-номус тўқнашувини англатувчи, юрак уришини қувватлантирувчи гумбури ва бўрининг жон олар чоғидаги увуллашини эслатувчи карнай садолари остида саваш бошланди. Қутуз ўртоғи Бийбарс қўмондонлик қилган отлиқ аванғар (авангард)ни Кетбуғанинг асосий кучларига қарши ташлади. Икки томон ҳам «урҳо!» ҳайқириғи билан бир-бирига ташланди. Дастлаб отлиқлар шиддат билан жангга киришди. Бийбарс енгилаётгандек, ёлғондан чекинди. Кетбуға хатога йўл қўйди, ёвнинг кетидан қувди, жарликлар ортда қолган замон, у ердан отилиб чиқиб келган бўлук (полк) кучлари Кетбуға қўшини ортидан ҳужумга ўтди. Буни кутиб турган Қутуз бир вақтлар Мангуберди Чингизга ишлатган тўлғама усулини қўллади. Рақибнинг олдидан айланиб ўтиб, ёнидан зарба берди, қуршовга олинаётганлигини кўрган мўғуллар бир муддат аланглаб, ҳушёрликни йўқотди. Шу замон Бийбарснинг лашкари қочишдан тўхтади, ёвга юзланиб Кетбуға қўшини манглайига ҳужум қилди. Туркистон гладиаторларининг куни туғди. Улар иймон учун, узоқларда қолиб кетган Хоразм, ёниб кул бўлган бошкент Самарқанд учун, бегуноҳ минглаб шаҳид кетган элдошлари учун арслонлар каби жангга ташланишди. Ўзларининг бор жанг санъатларини ишга солишди. Бу урушни эмас, кўпроқ қилич ва найзаларни айлантириб ўйналадиган рақсни эслатди. Мамулуклар Кетбуға қўшинидан ҳеч кимни омон қўймади. Жанг майдони яқинидаги чангалзорларга яширинган мўғул жангчилари Қутуз буйруғига кўра қамишлар билан ёқиб юборилди.

Найман амири байроқни асраб қолиш мақсадида туғни қўлида тутганча жанг майдонидан адир томон от солди, агар унинг арғумоғи найза билан санчиб ўлдирилмаганда, Кетбуға омон қолиши мумкин эди. Яраланган от қуласа-да, суворий йиқилмади. Мамулуклар унинг устига ташланишди, қўлларини орқасига қайириб, Бийбарснинг олдига олиб келишди. Қўлга олинган найман ғолиб амирнинг юзига тик қараб, шундай деди: «Арабнинг динига кирган, уларга сиғинган, ўз будунидан бадавийни устун қўйган, Тангрини унутиб, ҳеч бир турк англамас тилда дуолар ўқийдиган, султонини ўлдирган, эй турким! Мени ғиппа ўлдир, бўлмаса сени ўлдираман! Ўлсам, сенинг эмас, Тангри истаги билан бўлган, деб биламан. Кўп қувонма. Ҳулакухон қўшини яқинда бингакдай бостириб келади, жовлик қирғинга беради, ҳамманг энангни кўрасан!»

Найман баҳодири Кетбуғанинг айтгани амалга ошмади. Ҳулакухон унинг хуни учун бостириб келмади. Чингизийлар орасида бошланган ўзаро урушлар 1301 йилгача давом этди. Бу даврга келиб мўғул баҳодирлари бир-бирларини қириб, тугатиб бўлишди.

Фитна ва суиқасд

Француз рицарларининг хиёнати Кетбуғанинг енгилишида катта аҳамиятга эга бўлди. Бу мағлубият билан чингизийларнинг зафарли юришларига тарихий нуқта қўйилди. Мўғулларнинг иши орқага кетди, мамулуклар кучайиб, насронийлар юришлари тўхтатилди. Қутузнинг ушбу тарихий ғалабаси эвазига Дамашқни ўз ичига олган Сурия туркистонликлар ҳукмронлигига ўтди.

Шунда муғомбир рицарлар ўзларининг шум сиёсатларини яна ишга солди. Улар Бийбарс олдига одам юбориб, аслида унинг султон бўлиши кераклигини айтишди ва Қутузга қарши қайрашди. Мўғуллар устидан қозонилган тарихий ғалаба эвазига Бийбарс Ҳалаб шаҳрига эга чиқишни режалаштирди. Бироқ Қутузнинг нияти бошқача эди.

Бийбарснинг фикрича, айнан у ёвқур туркистонликларга бош бўлиб, 1244 йили Ғазода франк – сурия қўшинини тор-мор қилди, 1250 йили фарангларни енгиб, шахсан француз қиролини қўлга олган эди, ўша вақтда Туроншоҳни ҳам айнан у ўлдирган эди. Кетбуғанинг ҳарбий босимини ҳам айнан у қайтара олди. Бироқ ҳамма обрў-эътибор Қутузга тегди, барча Хоразмшоҳ авлодини кўкка кўтарар эди.

Эркин МУСУРМАНОВ, СамДУ доценти

Информеры