2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЯНГИ ИННОВАЦИОН ЎҚУВ МУАССАСАСИ

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфидаги янги инновацион ғояларни ўзида мужассам этган Наманган шаҳар ўқув-спорт техника клуби фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши, Наманган вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, фахрийлар ва ёшлар иштирок этди.

– Инновацион технологиялар жорий этилган мазкур ўқув-спорт техника клуби ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси билан бирга Президентимиз илгари сурган 5 та муҳим ташаббусни ўз ичига олган, – дейди Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти марказий кенгаши раисининг ўринбосари Мажид Умаров. – Муассасада ёшларни интеллектуал ва жисмонан камол топтириш, уларнинг қизиқишини ошириш ва бу борадаги қобилиятини ривожлантириш учун барча шароит яратилган.

Ушбу ўқув-спорт техника клуби давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 декабрдаги «Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Йўл харитаси»га мувофиқ барпо этилди.

Клуб мажмуаси 17 та назарий ўқув хонаси, янги 2 та лаборатория – ўқув-амалий машғулотлари хонаси, 1 та маънавият ва маърифат хонаси, ўқув машқ майдони (автодром), автомобилларни сақлаш парки, автомобилларни ювиш жойи, техник назорат маскани, ўқувчиларнинг маданий дам олишлари учун ҳудуд ва бошқа кўплаб зарур техник-хўжалик иншоотларни ўз ичига олган. Сўнгги русумдаги ахборот-коммуникация технологиялари, интерфаол доскалар ва «Smart Board M-600» интерфаол анимацион доскаси, «Ласетти» автомобили ва «UzOtayo‘l» автобусининг ҳаракатланувчи қирқимли модели, светофорлар ва аҳоли яшайдиган ҳудуд макетлари, иккита замонавий автотренажёр назарий ва амалий машғулотлар уйғунликда олиб борилишини таъминлайди.

– Ўқув хоналарини жиҳозлашда ўқитувчилар, ўргатувчи усталар ўртасида ўзига хос танлов эълон қилинди, – дейди «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси А. Алаходжаев. – Бу ҳар бир ўқитувчининг ўқув хонасини илмий, амалий, ижодий ёндашув билан жиҳозлашига туртки бўлди.

Тадбирда «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши тасарруфидаги ўқув-спорт техника клублари жамоаларининг мотоспорт, картинг, авиамодель, ракетамодель, кемамодель, пневматик қуролдан ўқ отиш, триатлон, радиоспорт, парашют спорти каби турлари, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар санъат турлари бўйича кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Тадбир доирасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Абдусалом ота Раҳмонов ва Сайфиддин ота Нуриддиновга, шунингдек, хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган 23 нафар наманганлик ҳарбий хизматчи, ички ишлар ходими ёдга олиниб, уларнинг оила аъзоларига эсдалик совғалар топширилди.

Акбар АЛЛАМУРОДОВ

 

Информеры